Марказий Осиё бошига Украина куни тушиши мумкинми, Россия ШҲТни ўзгартирмоқчими ва Ўзбекистон нима дейди? O'zbekiston Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

  • Россия ШҲТни ўзгартирмоқчими ва Ўзбекистон вакили нима деган?
  • Украина Ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба нега журналистларни рус манбаларидан олинган маълумотларга танқидий муносабатда бўлишга чақирди?
  • Украина ва Марказий Осиёнинг қандай умумий муаммолари бор?
  • ШҲТ саммитида Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси ҳам қатнашади

Россия ШҲТни ўзгартирмоқчими?

"ШҲТ - Ғарбга қарши тузилган ташкилот эмас. Саммит кун тартибида глобал геосиёсий инқироз масалалари йўқ", - Ўзбекистоннинг ШҲТ бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов.Сўнгги кунларда Россия ОАВларида ШҲТ - Россия ва Хитойнинг НАТОга жавоби экани ҳақидаги материаллар эълон қилинмоқда.

Ўзбекистонда кун.уз нашри бу борада мамлакатнинг ШҲТ бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов фикрларини ҳам ўрганган.

У саммит кун тартибида геосиёсий инқирозлар масаласи йўқлигини, ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар ҳақида ҳеч қандай чақирув ёки баёнотлар бўлмаслигини таъкидлаган. "Бу ташкилотда ҳар бир масала, кун тартиби ҳам консенсус асосида шакллантирилади" - деган Нуримбетов жаноблари.

"Аввало, миллий координаторлар кун тартиби юзасидан ҳар бир масалани келишиб олишади. Шундан кейин кун тартиби ташқи ишлар вазирлари даражасида кўриб чиқилади. Ташқи ишлар вазирлари Тошкентда 29 июлда Самарқанд саммити кун тартибини тасдиқлашган. Унда глобал геосиёсий инқирозлар масаласи йўқ". Ўзбекистон вакилининг таъкидлашича, давлатлар етакчилари глобал ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашиши мумкин, аммо бу масала бўйича қарор лойиҳаси, ҳужжатлар, энг асосийси, Самарқанд декларациясида ҳам ҳеч қандай геосиёсий мақсадларни кўзлайдиган баёнот, чақириқлар йўқ ва бўлмайди ҳам. «Ҳа, бу бўйича ахборот фони бўлиши мумкин, бундан қочиш имконсиз, аммо яна бир марта таъкидлайман - ШҲТ Ғарбга ёки бошқа ташкилотларга қарши тузилма эмас», - деди Нуримбетов.

Алоқадор мавзулар:

Биз бу йўлдан ўтдик.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба 7 сентябрь куни Марказий Осиё ОАВ ходимлари билан матбуот анжумани ўтказди.

Анжуман онлайн видеомулоқот тарзида бўлиб ўтган.

Анжуманда Кулеба Украина ҳамиша Марказий Осиё давлатлари билан дўстона муносабатларни ривожлантириш тарафдори бўлганини таъкидлаган.

Украина ташқи ишлар вазири Россиянинг Украинага босқини, мамлакат бошидан кечираётган оғир кунлар, йўқотишлар ҳақида тўхталган. Шуларга қарамай, украиналиклар ғалаба қилишларига тўла ишонишларини билдириб, "Украина ҳеч қачон парчаланиб кетмайди", деди.

- "Нега? Чунки бутун украин халқи рус босқинчиларига қарши кураш учун кўтарилди. Тарихда ҳеч ким халққа қарши урушда ғалаба қозонмаган", дейди Дмитро Кулеба.

Украина ташқи ишлар вазири Марказий Осиё мамлакатлари матбуот ходимларини Россия манбаларидан олинган маълумотларга танқидий муносабатда бўлишга чақирган.

"Россия жиноятларда жавобгарликдан халос бўлиш учун ўз операцияларини яширишда ташвиқотдан фойдаланмоқда", деди Кулеба.

Шунингдек, Россия президентининг Марказий Осиёга интилишлари сабаблари ҳақида фикрларини билдирган.

- Миллий манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда Россиядан қўрқишни бир четга суриб қўйишингиз керак. Биз бу йўлдан ўтдик. Бу жуда оғриқли, - деди Украина ташқи ишлар вазири.

Дмитро Кулеба Россия Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам ҳавф бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

- Россияда давлатингизни йўқ қилиш учун биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ, у бизникини йўқ қилишга уринганидек, бундан фойдаланади. Улар сизни сунъий шаклланган дея ҳисоблайди, - дейди вазир.

Шунингдек, Кулеба Россиянинг Марказий Осиёга тажовузига йўл бермасликка чақиради:

- Москва ҳали ўтиб бўлмайдиган ўрмон бўлган вақтларида пайдо бўлган сизнинг минг йиллик маданиятга эга, илм-фан ва фалсафа марказлари гуллаб-яшнаган, халқингиз улар учун муҳим эмас. Шундай экан, Россия сизни заифлаштирмасин ва Россия сиздан фойдаланишига йўл қўйманг.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулебанинг бу чиқиши ШҲТ Самарқанд саммити арафасида янгради.

Биз ютқазсак, устингизга бостириб боришади

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Марказий Осиё давлатлари оммавий ахборот воситалари ходимлари билан онлайн учрашувида Украина ва Ўзбекистон билан муносабатларига алоҳида тўхталган.

Вазир мазкур лавозимга тайинланганидан бери Марказий Осиё давлатларига алоҳида диққат қаратишга ҳаракат қилаётганини, халқи тарихнинг даҳшатли даврларини бошидан кечирган Ўзбекистоннинг тарихи ва ўзагини эътироф этишини айтади.

"Ҳаммамиз бир Совет Иттифоқи таркибида эдик ва улар имкон қадар миллий ўзлигимизни ўчиришга ҳаракат қилишди, лекин қаршилик қилдик", деди Украина ташқи ишлар вазири.

Матбуот анжуманида Кулебага Украинанинг Марказий Осиё давлатларининг уруш борасидаги тийилиб туриш позициясига қандай қараши ҳақида саволлар берилган.

Украина ТИВ раҳбарига кўра, Марказий Осиё давлатларининг барчаси Украина ғалабасидан манфаатдор бўлиши керак.

"Биз ютқазсак, устингизга бостириб боришади", деди Украина Ташқи ишлар вазири.

Шунингдек, Дмитро Кулеба Украина ва Марказий Осиё мамлакатларининг умумий муаммоси - меҳнат миграциясига ҳам тўхталиб,

- Энг аввало мамлакатларингизга муваффақиятлар тилаймиз, ҳаммаси яхши бўлсин, кучли, иқтисодий ривожланган бўлайлик, одамлар ўз уйларида бўлсинлар, халқларимиз мустаҳкамлансин, хорижга кетаётган одамларини йўқотмасин", — дея тилак билдирган.

Ўзбекистон Украина воқеаларига нейтрал муносабатда эканлигини таъкидлаб келаётган бўлса-да, ҳукуматнинг муносабати Украинадан кўра Россияга илиқлигини кўринади.

ШҲТда Путиннинг учрашувлари

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович иштирок этади.

Бу ҳақда ЕОИИ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, Михаил Мясниковичнинг саммитдаги иштироки катта аҳамиятга эга, чунки Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё Иқтисодий кенгаши Евроосиё минтақасининг ўзагини ташкил этади ва минтақанинг янада ривожланиши уларнинг ҳамкорлигига боғлиқ.

Шунингдек, Россия нашрлари Владимир Путиннинг Ўзбекистонда Мўғулистон президенти билан учрашуви ҳақида хабар беришди.

- Ўзбекистонда Хитой халқ республикаси раҳбарларининг учтомонлама саммитини ўтказишни режалаштирмоқдамиз, - деди 7 сентябрь куни Россия президенти Мўғулистон бош вазири билан учрашувда.

Аввалроқ Россия президентининг Самарқандда Хитой президенти билан ҳам учрашув ўтказишни режалаштиргани хабар қилинганди.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Владимир Путиннинг Самарқандда бир неча расмий учрашувларни ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.

Саммитда кимлар қатнашаяпти?

Ўзбекистон президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов келгуси ҳафтада Самарқандда ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида кимлар иштирок этиши ҳақида маълумот берди.

- Ушбу тадбир ШҲТ етакчиларининг 2019 йилдан буён биринчи юзма-юз учрашуви бўлади ва Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислигига якун ясайди, деб ёзди Шерзод Асадов Телеграмдаги расмий каналида.

Шунингдек: ШҲТ Самарқанд саммитининг асосий йўналишларига қисқача тўхталган.

- Ўзбекистон раислиги даврида асосий эътибор ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини илгари суриш, транспорт-коммуникация ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, рақамли трансформация ва "яшил" иқтисодиёт, ШҲТнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш каби энг муҳим устувор йўналишларига қаратилди, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот котиби баёнотида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek