Темир курси, дубинка ва бичишлар - Хитой мусулмонларни нима қилмоқда? Yangiliklar Dunyo Xitoy

Хитой ҳукумати Шинжонда бир миллиондан зиёд мусулмонни ушлаб туриш лагерларида сақлашда айбланади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой ҳукумати Шинжонда бир миллиондан зиёд мусулмонни ушлаб туриш лагерларида сақлашда айбланади

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги узоқ кутилган Шинжондаги вазият ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди, Хитой ҳукуматининг Уйғур ва бошқа мусулмонларга нисбатан юритаётган сиёсати инсониятга қарши жиноят деб кўрилиши мумкинлигини билдирди.

Инсон ҳақлари ташкилотлари кўп йиллардан буён Шинжон Уйғуристонида Уйғур ва бошқа мусулмон миллат вакилларининг ҳуқуқлари Хитой ҳукумати томонидан поймол этилаётганини хабар қилиб келадилар, энг сўнгги мисоли бир миллиондан зиёд мусулмоннинг ўз ихтиёрига қарши лагерларда ушлаб турилгани эди.

Алоқадор мавзулар:

Хитой ҳукумати лагерларнинг ушбу катта тармоғини "қайта ўқитиш марказлари" деб атайди, уларнинг қамоқхонага қиёсланишини рад этади.

БМТ ҳисоботидан иқтибос

Сурат манбаси, .

Би-би-си шу йил сиздирилган ҳужжатларни эълон қилди, бу ҳужжатлар қўлга олинган инсонларнинг фото суратлари ҳам бириктирилган Хитой полициясининг ички ҳужжатлари эди.

Ушбу ҳужжатлар Хитой лагерлари ҳақидаги даъволар, шунингдек, жинсий зўрлаш, қийноқ ва аёлларни мажбурий стерилизациялаш даъволари ростлигини исботлади.

Хитой ҳукумати узоқ йиллардан буён Уйғурларга қарши босим сиёсатини юритаётганини рад этиб келади.

Лекин БМТнинг охирги ҳисоботи шундай хулосага келган: "Уйғур ва бошқа аксари мусулмон гуруҳлар вакилларининг ўзбошимча ва таҳқирона ушлаб турилиши миқёси... халқаро жиноят, хусусан, инсониятга қарши жиноятдан иборат бўлиши мумкин".

Хитой ҳукуматининг Уйғурларга қарши сиёсатига норозилик изҳор этаётган Туркиядаги Уйғур кексалари

Сурат манбаси, OZAN KOSE/AFP

Сурат тагсўзи, Туркияда истиқомат қиладиган Уйғурлар анча вақтдан буён БМТдан Хитойдаги "қайта тарбиялаш марказлари" фаолиятини терговга чиқлга чақириб келишарди

"Қийноқ ёки мажбурий тиббий муолажа ва оғир ҳибсда тутиб туриш шароити сингари ёмон муносабат даъволари, шунингдек, жинсий ва жинсга асосланган зўравонликларнинг индивидуал ҳолатлари иддаолари ҳам ишончлидир", дейилади БМТ ҳисоботида.

"2017 йилдан бошлаб оилани режалаштириш сиёсатини мажбурий қўллаш билан репродуктив ҳуқуқларнинг жиддий поймол этилишининг ишончли аломатлари" борлигини айтади Инсон ҳуқуқлари Олий Комиссарлиги.

"Гўёки қашшоқликни йўқотиш ва "экстремизм" олдини олиш меҳнат дастурлари... диний ва миллий камситиш ва мажбурлаш унсурларидан иборат бўлган бўлиши мумкин", дейилади ҳисоботда.

БМТ ҳисоботи Хитой ҳукуматини зудлик билан инсонларнинг эркинлик ҳуқуқини қайтариш чораларини кўришни тасвия этган, Пекиннинг айрим амаллари "халқаро жиноят, шу жумладан, инсониятга қарши жиноятни содир этиш деб кўрилиши" мумкинлигини маълум қилган.

Хитой ҳукумати БМТдан бу ҳисоботни эълон этмасликни талаб қилди, бу ҳисобот Ғарб мамлакатлари буюртма берган сохтагарчиликдан бошқа нарса эмас.

Жаҳон Уйғурлари Конгресси БМТ ҳисоботини олқишлади, энди шу ҳисоботга муносиб халқаро муносабат кўрсатишга чақирди.

"Хитой ҳукуматининг кучаниб рад этишига қарамасдан, мана энди БМТ рўй берган ушбу даҳшатли жиноятларни расман тан олди", деб айтган Уйғур Инсон ҳуқуқлари Лойиҳаси раҳбари Умар Қанот.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek