Эрон энди ит боққан одамларни қамоққа ташламоқчи? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Али Ҳамадоний
- Role, BBC Жаҳон хизмати
"У менга беғубор ва чиройли кўзлари билан тикилади. У мендан сайрга олиб чиқишимни сўрайди, лекин бунга журъат этолмайман. Бизни ҳибсга олишлари мумкин".
Ити бор Маҳса Эрон пойтахти Теҳронда уй ҳайвонлари эгаларининг ҳибсга олиниши ва ҳайвонлар мусодара қилинишининг янги тўлқини бошлангани ҳақида гапиради.
Яқинда полиция паркларда ит билан сайр қиладиганлар жавобгарликка тортилишини эълон қилди. Тақиқ "жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилиш" чораси сифатида тушунтирилган.
Шу билан бирга, Эрон парламенти тез орада уй ҳайвонларига эгалик ҳуқуқини чекловчи Аҳоли ҳуқуқларини ҳайвонлардан ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллаши мумкин.
Алоқадор мавзулар:
"Ғарблашув" рамзи
Таклиф этилаётган қонунчиликка кўра, уй ҳайвонларига эгалик қилиш махсус қўмита томонидан берилган рухсатномага боғлиқ бўлади. Шунингдек, бир қатор ҳайвонларни, жумладан, мушук, тошбақа ва қуён каби оддий уй ҳайвонларини "импорт қилганлик, сотиб олганлик ва сотганлик, ташиганлик ва сақлаганлик" учун камида 800 доллар миқдорида жарима солинади.
"Ушбу қонун лойиҳаси атрофидаги мунозаралар бундан ўн йил олдин Эрон депутатлари барча итларни мусодара қилиш ва уларни ҳайвонот боғларига топшириш ёки чўлларда қолдириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини илгари суришга уринганда бошланган", дейди Эрон Ветеринария ассоциацияси президенти ва қонун лойиҳасига мухолиф доктор Паём Муҳибий Би-би-сига.
"Улар йиллар давомида буни бир неча бор ўзгартиришди ва ҳатто ит эгалари учун жисмоний жазо масаласи муҳокама қилинди. Аммо режалари барбод бўлди".
Эроннинг қишлоқ жойларида ит сақлаш доим кенг тарқалган бўлиб келган, аммо XX асрда ҳайвонлар шаҳар ҳаётининг ҳам рамзига айланди.
Эрон 1948 йилда Яқин Шарқда ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни қабул қилган биринчи мамлакатлардан бири эди ва ҳукумат ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича биринчи институтни молиялаштирди. Ҳатто мамлакат қироллик оиласида ҳам уй ҳайвонлари орасида итлар бўлган.
Аммо Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийни ағдарган 1979 йилги Ислом инқилоби эронликлар ва уларнинг итлари ҳаётини ўзгартирди.

Сурат манбаси, Iranian Royal Family Collection
Ислом анъаналарида бу ҳайвонлар нопок саналади. Янги тузум назарида итлар ҳам у жиловламоқчи бўлган «ғарблашув» тимсолига айланди.
Теҳронлик ветеринар доктор Ашкан Шемирани Би-би-си билан суҳбатда "Итларга эгалик қилишни қатъий тартибга солиш йўқ", деди.
"Полиция буни ғарблашув тимсоли сифатида кўради ва шу асосда итларини сайр қилдирганлик ёки ҳатто машиналарида ташиганлик учун ҳибсга олади."
Доктор Шемиранининг айтишича, расмийлар ҳибсга олинган уй ҳайвонлари учун ҳатто «қамоқ» ҳам ташкил қилган.
"Биз бу жой ҳақида жуда кўп даҳшатли воқеаларни эшитдик", дея қўшимча қилади у.
"Ҳайвонлар кўп кунлар давомида овқатсиз ва сувсиз очиқ ҳавода сақланган, ит эгалари эса ҳар хил ҳуқуқий муаммоларга дуч келишган."

Сурат манбаси, Getty Images
Янги қонун лойиҳасида Ғарбнинг кўп йиллик санкцияларидан сўнг Эроннинг иқтисодий муаммолари ҳам муҳим роль ўйнайди. Расмийлар мамлакат валюта захираларини сақлаб қолиш учун уй ҳайвонларига озиқ-овқат импортини уч йилдан ортиқ вақтга тақиқлади.
Хорижий брендлар ҳукмронлик қилган бир вазиятда, бу, айниқса, қора бозор яратилганидан кейин маҳаллий нархларнинг сакрашини англатарди.
Машҳад шаҳридаги ветеринария клиникаси раҳбари Би-би-си билан суҳбатда "Биз озиқ-овқат маҳсулотларини яширинча олиб ўтадиган одамларга жуда боғлиқмиз", дейди.
"Ҳозир нархлар бир неча ой аввалгидан беш баравар юқори."
Уй эгаси уй ҳайвонлари учун маҳаллий ишлаб чиқарилган озиқ-овқат сифатсиз эканлигини таъкидлайди.
"Сифат жуда паст. Заводларда арзон гўшт ёки балиқ, ҳатто яроқлилик муддати ўтган ингредиентлардан ҳам фойдаланилади", дейди улар.
Мушук муаммоси
Лекин янги қонунчилик фақат итлар учун эмас. Эрон дунёдаги энг машҳур зотлардан бири бўлган форс мушукларининг ватани бўлишига қарамай, ҳайвонлар рўйхатига мушуклар ҳам киритилган - ҳатто тимсоҳлар ҳам четда қолмаган.
"Энди Форс мушуклари ўз ватанларида хавфсиз эмаслигига ишона оласизми?" Бу ҳақда Би-би-сига теҳронлик ветеринар айтди.

"Ушбу қонунда мантиқ йўқ. Муросасиз тарафдорлар одамларга темир муштларини кўрсатмоқчи".
Эрон ветеринария ассоциацияси президенти доктор Муҳибий таклиф қилинган қонунни «уятли» деб атади.
"Агар парламент қонун лойиҳасини қабул қилса, кейинги авлодлар бизни итларни ит ва мушукларни мушук бўлгани учун тақиқлаган одамлар сифатида эслайди".
Маша каби одамлар уй ҳайвонларининг келажаги ҳақида чин дилдан қайғурмоқда.
"Ўғлим" учун рухсат сўрашга журъат этолмайман", дейди у.
"Аризам рад этилса-чи? Мен уни кўчада қолдира олмайман".














