Ўзбекистон: Хўрланган, ҳақоратланган, қийноққа солинган ва ўлдирилган ҳайвонлар учун ким жавоб беради?

Сурат манбаси, BBCuzbek
- Author, Наргис Қосимова
- Role, Журналист, Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида "Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонуни қабул қилинди. Асосий мақсад - инсонларни ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонликдан тийиб туриш ва бундай ҳаракатлар учун жазони кучайтириш йўли билан ҳайвонларни уларга нисбатан шафқатсиз ва нотўғри муносабатда бўлишдан ҳимоя қилишдан иборатдир.
Мазкур қонуннинг тайёрланишига "Mening fikrim" веб-портали орқали 10700 дан ортиқ овоз тўплаган, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи "Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги жамоавий электрон мурожаати сабаб бўлди.
Эгасиз уй ҳайвонларининг айби нимада?
Ўзбекистонда сўнгги йилларда қаровсиз жониворларга нисбатан муносабатни таҳлил қиладиган бўлсак, инсон этини жунжиктирувчи далилларга дуч келамиз. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида болалар томонидан иккиқат итга спица тиқилган, устидан бензин қуйиб, ёқиб юборилган. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 18 ёшли қизлар томонидан мушук чўктириб ўлдирилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига мувофиқ суд томонидан уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солиниши ҳақида қарор чиқарилган.Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида фаррош томонидан мушуклар шафқатсизларча ўлдирилган. Суд мазкур қилмишни майда безорилик сифатида малакалаган ва энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солиш ҳақида қарор чиқарган. Айнан ушбу туманда эркак киши 6 нафар вояга етмаган болалар кўз ўнгида кучук боласини чавоқлаган. Мирзо Улуғбек туманида ёш йигит мушукни пневматик қуролдан отиб ташлаган, ушбу ҳолат видеокузатув камераси томонидан суратга олинган. Унга нисбатан суд энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солиш ҳақида қарор чиқарган.
Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан бениҳоя шафқатсизлик (соп, таёқлар, арматура билан уриш) кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилмоқда. Масалан, Навоий шаҳрида ҳайвонларни отиш аҳоли кўз ўнгида содир бўлган. Жиззах вилоятининг Пахтакор шаҳрида ҳайвонларни отиш сутканинг кундузги вақтида вояга етмаганлар кўз ўнгида амалга оширилган.
Ҳайвонларни тутишда азоб берувчи, шафқатсиз усуллардан, шу жумладан қўл-оёқларни узиб олиш, турли қаттиқ предметлар билан калтаклаш қўлланилган.
Масалан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳайвонларни тутиш вояга етмаган шахслар ва кекса фуқаролар кўз ўнгида тўқмоқлар ва арматура қўлланилган ҳолда шафқатсиз тарзда амалга оширилган. Сирдарё вилоятида ва Наманган шаҳрида ҳайвонлар заҳарли кимёвий воситалар билан заҳарланган. Биргина Қорақалпоғистон Республикасидаги Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги "Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлим"лари томонидан 2015 йилда 3 минг 768 та ит, 252та мушук ва 48 та бошқа турдаги ҳайвонлар овланиб, йўқ қилинган.
Вилоят, шаҳар, туман хокимиятларининг ободонлаштириш бўлимлари қошидаги мазкур отрядларга ҳайвонларни стериллаш, боқиш, эмлаш ваколати берилмаган. Негадир мазкур қонунда ушбу бўлим фаолияти эътиборга олинмаган.
Шухрат Мухаммаджонов, Тошкент шаҳар хокимияти қошидаги махсус механизациялашган бўлими ходими:
-Биз фуқроларнинг чақириғига асосан дайди ит ва мушукларни тутиб кетамиз. Улар ҳаммаси бир жойда сақланади. Иложи борича ўз ёнимиздан сув ва нон берамиз. Кейин улар табиий ўлим топишади.
Бир қафасда ит ва мушукларнинг сақланиши, очлик ва сувсизликдан силласи қуриган жониворларнинг бир-бирини ғажиши даҳшатли ҳолат. Мазкур бўлим томонидан ит ва мушуклар темир буюмлар билан уриб ўлдирилиб, жониворларнинг жасадлари чиқинди полигонларидаги "Ҳайвонлар қабристони"га олиб бориб ташланади.
Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария қумитасининг ходими (исмини сир сақлашни сўради) берган маълумотга кўра, бугунги кунда эгасиз жониворларни назорати Қўмита тассаруфидан номаълум сабабларга кўра олиб ташланган. Жониворларни инсоний қадриятлар асосида меҳр кўрсатиш, эмлаш, уларнинг соғлиғини назорат қилиш ўрнига шафқатсизлик усулларига ўтилган.
Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлишнинг ижтимоий хавфлилиги, ҳайвонларни вояга етмаган шахслар кўз ўнгида қўпол ва асосланмаган равишда йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказишдан, ҳайвонларга нисбатан муносабатда бўлишнинг умумэътироф этилган инсонпарварлик принципларини қўпол бузишдан иборат. Жиноят, қоидага кўра, воқеа шоҳидлари ва ҳайвонларнинг эгаларига аҳлоқий, руҳий зиён етказади.

Сурат манбаси, OZORBERMA.AFISHA.UZ
"Mehr va оqibat" ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг статистик маълумотларига кўра, фақат 2014-2018 йилларнинг ўзида фуқаролардан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги 3588 та ариза келиб тушган. Бундай ташвишли ҳолатларнинг статистикаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда: 2014 йилда 494 тани, 2015 йилда 550 тани, 2016 йилда 720 тани, 2017 йилда 810 тани ва 2018 йилда 1014 тани ташкил қилган. Шу билан биргаликда, "Mehr va оqibat" ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти фақат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўз фаолиятини амалга ошираётганлигини ва бундай ҳолатларнинг ҳисоби малакатимизнинг бошқа минтақаларидан келаётган айрим холатлар бўйича мурожаатларни ҳисобга олмаганда мамлакат миқиёсида олиб борилмаётганлигини ҳам эътиборга олиш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Олий судидан олинган маълумотга кўра, 2014-2017 йилларда ва 2018 йилнинг 9 ойи давоми маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси бўйича 399 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги 277 та иш кўриб чиқилган. Улардан фақат 199 та иш бўйича 281 шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган ва 118 нафар шахсга нисбатан 78 та иш тугатилган. Айни вақтда суд статистикасининг кўрсатишича, ҳуқуқбузарлик содир этилишининг ошиб бориши тамойили кузатилмоқда.
Энг ёмони Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2017 йил сентябрь ойида пойтахтни уйсиз ҳайвонлардан тозалаш бўйича қарор қабул қилиниши бўлди. Раҳбарият эгасиз уй ҳайвонлари сичқон ва каламушлардан шаҳарни тозалашлари хаёлига ҳам келмай, ҳимоясиз жониворлар устидан ҳукм чиқариб қўя қолди. Худди шундай ҳолат 1958 йил Хитойда юз бериб, Мао Цзедун буйруғига асосан қишлоқ хўжалиги экинларига зиён етказишда "айбланиб", 2 миллиарддан ортиқроқ қуш ўлдирилган, экинларга эса чигиртка қирон келтирган эди.
Гули Иргашева, "Раҳмдил бўл" эгасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташаббускор гуруҳи раҳбари:
-Уйсиз ҳайвонлар қаердан пайдо бўлади? Уларнинг фақат бир қисмигина кўчада туғилса, аксарият қисмини ўз фарзандларига "ўйинчоқ" сифатида олиб бериб, кейин кўчага чиқариб ташланган ит ва мушуклар ташкил этади. Энг ёмони, уларнинг кўпчилиги ўзга муҳитга мослаша олмай нобуд бўлишади, бошқаларини эса қийнаб ўлдиришади. Фуқароларимизнинг кўпчилиги кўчада қаровсиз жониворларни боқаётганларга угай кўз билан қарашади. Ваҳоланки, ҳимоясиз жониворларга меҳр кўрсатиш ҳам катта савобдир. Бизнинг "Меҳрли бўл" ташаббускор гуруҳимиз бағрикенг, тилсиз, ҳимояга муҳтож жониворларга беминнат ёрдам кўрсатадиган инсонлардан ташкил топган. Биз иложи борича кўчадаги ит ва мушукларни "овлаб кетувчилар"дан қутқариш, уларни ветеринария кўригидан ўтказиш, стериллаб, ижтимоий тармоқлар орқали янги эга топишга кўмаклашамиз. Албатта бу ҳаракат гуруҳ аъзоларимизнинг ўз ҳисобларидан амалга оширилади. Аммо бугунги жониворларга нисбатан шафқатсизлик кучайган бир пайтда бизнинг ва "Меҳр ва оқибат" нодавлат нотижорат ташкилоти аъзоларининг фаолияти денгиздан бир томчи, холос. Биз юксак маънавият учун курашар эканмиз, ана шу маънавиятнинг бир бўлаги бўлмиш жониворларга меҳрли бўлишимиз лозим. Эгасиз жониворларнинг сонини назорат қилиш уларни ўлдириш орқали эмас, аксинча стериллаш, уларга ветеринария паспортини бериш, бошпаналар қуриш асосида амалга оширилиши зарур. Бу фаолият албатта давлат томонидан назорат қилиниши ва қўллаб-қувватланиши керак.
Афсуски, қонун қабул қилиниб, жазо турлари кучайтирилган бўлсада, ҳануз Ўзбекистонда эгасиз жониворларга бўлган шафқатсиз муносабат ўзгаргани йўқ. Тошкент шаҳрида ит ва мушукларни заҳарлаб, ўлдириш, қийнаш давом этмоқда.
Ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиш - бу тараққий этган жамият маданиятининг ажралмас ва ўта муҳим бўлган қисмидир.
Ҳайвонларни асраш борасида халқаро тажриба

Сурат манбаси, BBC uzbek
Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, бир қатор мамлакатларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган (Беларусь Республикасининг Жиноят кодекси - 3391-модда, Россия Федерациясининг Жиноят кодекси - 245-модда, Қозоғистон Республикасининг Жиноят кодекси - 316-модда, Украина Жиноят кодекси - 299-модда). Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Польша, Япония, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш жиноят, деб ҳисобланади ва катта миқдорда жарима солишга ёки озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо қўлланилишига сабаб бўлади. Ушбу қонунларнинг мақсади инсонларни ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай кўринишда зўравонликдан тийиб туриш ва бундай ҳаракатлар учун жазони кучайтириш йўли билан ҳайвонларни уларга нисбатан шафқатсиз ва нотўғри муносабатда бўлишдан ҳимоя қилишдан иборатдир. Кўпчилик қонунлар этика тамойилларни белгилаб, уларнинг мақсади нафақат ҳайвонларни ҳимоя қилиш, балки инсонларни инсонпарварлик хулқ-атвори ва тафаккур тарзи йўлида тўғри ушлаб туриш эканлигини ҳам эътироф этади.
Садриддин Жакбаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати:
- «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг111-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан тайёрланди. Унга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, ёҳуд вояга етмаганларнинг ҳузурида содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш, худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, ёхуд вояга етмаган шахсни ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилишда иштирок этишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни киритишдан иборат.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда кўплаб прогрессив ва зарур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ ўта муҳим масала ҳисобланган одамларнинг ва ҳайвонларнинг ўзаро муносабатлари лозим даражада тартибга солинмаган. Уй ҳайвонларига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш, қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам кўрсатиш борасида мақсадли дастурларнинг йўқлиги, уй ҳайвонларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётган фуқароларни назорат қилиш ва жавобгарликка тортиш даражасининг самарасизлиги бугунги куннинг айни ҳақиқатидир. Ишонамизки, қабул қилинаётган қонун кейинчалик ҳам ишлаб, жониворларга азоб берган шахслар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилади. Албатта қонун қабул қилингач, уни амалга ошириш механизмини ҳам ишлаб чиқиш, жониворларга озор етказган ҳар қандай инсон, у ким бўлишидан қатъий назар жавобгарликка тортилиши зарур. Аммо ҳануз жониворларга нисбатан фуқаролар томонидан ваҳшийликлар содир этилиши давом этмоқда. Мазкур муаммо давлат миқёсида ҳал қилинмас, фарзандларимизни ёшлигидан табиатга, жониворларга меҳрли қилиб тарбияламас эканмиз, биз ўзимиз ўтирган шохга болта уришда давом этаверамиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













