You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Актёр Шоҳруҳ Хоннинг омма назаридан тушмаслиги сири нимада? Кино ва cанъат
Ҳиндистонлик актёр Шоҳруҳ Хон ўтган ой ҳинд киносидаги ўзининг 30 ёшини нишонлади. Болливуд актёрининг доимий машҳурлиги ҳақида китоб ёзган Шраяна Бҳаттачаря нима учун у ҳали ҳам дунёдаги энг буюк кино сиймоларидан бири эканлигини тушунтиради.
Хоннинг кино саноатида узоқ умр кўришига интеллектуал сабаблар келтириш осон бўларди. Миллионлаб одамлар актёрни шу қадар яхши кўрадики, унга бўлган эҳтиромга кўпинча машҳурларга сиғинишнинг бир кўриниши сифатида қараш мумкин.
Лекин нега Хонни бу қадар ҳурмат қилишади ва севишади?
Унинг фильмларида бўлгани каби, бу саволнинг жавоби романтика ва сентименталликдир: Хон доимо Ҳиндистон ва Жанубий Осиё субконтинентининг эҳтимолий энг яхши жиҳатларини ифодалаган. У бизга ғазабланмасдан ўз устидан кула оладиган обод, плюрал ва инсонпарвар юртни кўрсатади.
Миллионлаб ҳиндулар учун у мамлакатнинг иқтисодий ўсиш тарихи тимсоли бўлиб қолмоқда.
1990 йилларда Хон Ҳиндистон глобал иқтисодий саҳнага кириши билан бир вақтда бизнинг экранларимизда дебют қилди. Ва унинг мавқеи иқтисодиётнинг ўсиши билан ўсди.
Бир қатор бозор ислоҳотлари доирасида мамлакат телекоммуникация соҳасини хорижий сармояларга очиб берди, бу эса Ҳиндистонга янги медиа тармоқлари кириб келиши имконини берди - бу каналлар Хоннинг фильмлари, қўшиқлари ва интервьюлари аввалги кино юлдузлардан кўра кўпроқ хонадонларга етиб боришини таъминлади. Ҳиндистон иқтисодиёти янада либераллашгани сабабли, янги газланган ичимликлар ва автомобиллар бозорга тўсатдан кириб келди ва Хон брендлар ҳамкорига айланди.
Шу маънода, Хоннинг Деҳлидаги камтар оиладан глобал машҳурликка қадар тез кўтарилиши Ҳиндистон муваффақияти ҳақидаги сўнгги неолиберал эртакка айланди, ҳеч қандай алоқаларсиз чўққиларга қандай қилиб кўтарилиш намунаси бўлди. Хоннинг ўсиши иқтисодиёт ўсиши билан бирга кечди.
Диний ўнгчиларнинг кучайиши билан Хон кўплаб ҳиндлар учун ўтмишдаги прогрессив плюрализмнинг ифодаси бўлди.
Танқидчиларнинг айтишича, Ҳиндистон мусулмонлари ҳуқуқларини чеклашда айбланаётган Бош вазир Нарендра Модининг ҳинд миллатчи ҳукумати даврида муросасизлик кучайган.
Хоннинг ўғли Ариан Хон ўтган йили наркотик иши бўйича ҳибсга олинган ва охир-оқибат Ҳиндистоннинг энг муваффақиятли мусулмон сиймосига қарши қаратилгани ишонилган ушбу ишда оқланган. Хон доимо ҳинд плюрализми ҳақида босиқ шарҳлар берган ва замондошларига қараганда кўпроқ мусулмон образларини фильмларга олиб чиққан.
Бироқ, унинг мухлислари уни муайян динга мансуб шахс сифатида эмас, аксинча, доно, зукко, муваффақиятли ва келишган эркак сифатида кўришади.
Хон ва унинг аралаш эътиқодли оиласига (унинг рафиқаси ҳинду) ўнгчиларнинг ғаразли ҳужумларини муҳокама қилар эканман, мен суҳбатлашган ёш мухлиса: "У дунёвий, айни пайтда жуда келишган", деди.
Энг муҳими, актёр инсон сифатида ҳаммамизга хос бўлган ожизликларни тасвирлаб келган.
Хон одатда ожиз образларни - ожиз ошиқни, ожиз қаҳрамонни, ожиз эрни, ожиз мусулмонни ва ҳатто ожиз ярамасни тасвирлайди. У ўйнаган эркаклар камдан-кам ҳолларда ўзлари ва атрофидагилар билан тил топишади.
Унинг экрандаги қаҳрамонларини қийнаган хавотирлар унинг ўттиз йиллик фаолияти давомида ривожланди. Улар кўпинча ҳиссий жиҳатдан ёлғиз, ўзларини тўлиқ севишларини ҳис қила олмайдилар ва севгини топишга бўлган эҳтиёжидан воз кечишни истамайдилар.
Хон ҳам жанубий осиёлик романтик супер қаҳрамон - унинг фильмлари барча ишқий романлар интиладиган мезондир.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, унинг қаҳрамонлари бошқа Болливуд юлдузлари ўйнаган ролларга қараганда аёллар билан кўпроқ мулоқот қилади. Аммо Хон қаҳрамонлари излаётган севги нафақат аёлнинг анъанавий севгиси, балки улар ўз оталари, дўстлари ва юртдошларининг меҳрини ва розилигини излайдилар.
У ўйнаган эркаклар чуқур ҳиссиётли, доимо Бошқанинг нигоҳига таъсирчан, кўп кўз ёшлари тўкади. Ёзувчилар кўпинча Хон дунёдаги аксарият актёрлардан кўра яхшироқ йиғлай олишини таъкидлайдилар. Инсонийликнинг бу кўз ёшлари уни сон-саноқсиз мухлисларига ёқди.
Фильмлардан ташқари, унинг телевизион интервьюлари ва оммавий маърузалари ҳам унинг ҳазил ва камтарлик туйғусини кучайтирди.
Мен кўплаб шаҳарлик мухлисларини биламан, улар Хоннинг фильмларидан кўра унинг интервьюларига кўпроқ қизиқишади. Ушбу медиа нутқлари актёрнинг бугунги кундаги энг яхши ижросини кўрсатади: унинг ўрта синф суперюлдузи эканлиги.
Хон ўзини фош қилишлари, сўнг ўз-ўзини камситувчи ақли ва аччиқ истеҳзоси билан бизни абадий сеҳрлаб қўювчи жамоатчилик персонажини яратади.
Тинмай чекувчи, хушчақчақ, ўзига ишонган ва қувноқ Хон ҳеч зериктирмайди. У молиявий нохушликлар ва дўстликдаги қийинчиликлар борасидаги қатъий маслаҳатлардан кино саноатидаги кексайиш ва ўзининг ишқий кечинмалари ҳақидаги кулгили ҳазилларга ўтади. Унинг ўзи ва дунё ҳақидаги барча ҳазилларида ҳамиша тинмай меҳнат қиладиган, ўз маҳорати устида ишлайдиган, ўзини масхара қилишни яхши кўрадиган одам учрайди.
Мавҳум ва оғир реалликлар дунёсида Хоннинг хаёлий тасвирлари ҳайрат, нажот ва кўтаринкилик манбаи бўлиб қолмоқда.
Танаффусдан сўнг, актёрнинг 2023 йилга мўлжалланган учта катта релизи бор. Унинг мухлислари ҳаяжондан боши айланмоқда, лекин улар мусулмон шахсиятлар ва Болливуд релизларини бойкот қилишни тарғиб қилувчи ўнгчи ижтимоий медиа кампанияларидан ҳам хавотирда.
Сиёсатимиз чуқур зиддиятли бўлиб борар экан, актёрнинг кучи бизни табассум ва ҳикояларда бирлаштира олишидадир. Мен ушбу сиймонинг кейинги 30 йилини кута олмайман - бизнинг бузилган маданиятимиз унинг истеҳзоли ҳазилларига ва кенг очилган қулочига муҳтож.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek