Видео. Президент бир кечада қочди, энди ҳаёт арзонлашадими? Нарх-наво ва Дунё Video Dunyo Yangiliklar

Шри Ланкада сиёсий бўҳрон. Одамлар қимматчилик, йўқчиликдан норози. Мамлакат президенти қочди. Тайин этилган муваққат раҳбари эса, бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди. Шу соатларда намойишчиларнинг Бош вазир идорасига ҳам бостириб кирганига оид хабарлар олинмоқда. Ўтган тун улар президент қароргоҳини ҳам ишғол қилишганди. Нега бундай бўлди? Мухбиримиз Анбарасан Эҳтиражан Шри Ланкадаги вазиятни таҳлил қилишга уринади:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Шу кунларда минглаб шри-ланкаликлар президент қароргоҳини кўриш учун келишмоқда.
Улкан оломон шанба куни уни ишғол қилган.
Бу президентга қарши намойишларнинг авж нуқтаси бўлган.
Одамлар уни мамлакат иқтисодини эплай олмасликда айблашганди.

Аксарият шри-ланкаликлар учун бу тарихий онлар.
Улар президентни кеткизишганини байрам қилиб, буни суратларга муҳрлашмоқчи.
"Шароит жуда оғир. Биз бу ерга ёмон сиёсатни ўзгартириш учун келдик. Шу ерда эканимдан мамнунман. Биз мазкур вазиятда бирдам бўлишимиз керак. Шу боис келдим", - деб айтади намойишчилардан бири мухбиримизга.
Мухбиримизнинг айтишича, ёқилғи қуйиш шохобчалари ёнидаги турнақатор навбатлар одатий тус олган.
Ёқилғисиз эса, иқтисод бир жойда депсиниб қолади. Жамоат нақлиёти деярли издан чиққан. Янги ҳукумат қудратга келган тақдирда ҳам, вазият ўзгармаслиги мумкин, дейди у.

Мухбиримизга кўра, бутун мана шу сиёсий инқироз манзарасида ҳам Шри-Ланка жиддий ёқилғи тақчиллигига юз тутиб турибди.
"Мана бу уч ғилдиракли машина, авторикша ва мотоциклларга қаранг. Навбат икки чақиримдан ортиққа узанган. Ҳайдовчига кўра, навбатда турганига бир кундан ошган. Ҳақиқий вазият мана шундай. Агар ҳукумат баҳамжиҳат иш қилмаса, халқаро ҳамжамият ҳам чорасиз қолади", - дея мавжуд вазиятни тасвирлайди у.
Шри ланкаликлар эса, президент қандай яшагани билан қизиқишаётир. Ҳозир гала-гала бўлиб унинг саройига келишмоқда.
Улар бу улкан мажмуани тез орада янги президент эгаллашини билишади.
Мамлакат сиёсий етакчиларига кўра, ҳозир янги ҳукумат устида ишлашмоқда. Коломбо ўзгаришлар қилишга мажбур.
"Тезкор ўзгаришлар самара беради. Аммо сайловлар ортидан қудратга келажак янги ҳукумат халқаро ҳамжамиятнинг дастагини қўлга киритишда кўпроқ қўл келади", - дейди Verite Тадқиқот маркази раҳбари Нишан Де Мел.

Мухбиримизга кўра, Шри-Ланка ўзини базўр эплаётган мамлакатнинг яққол намунаси.
Намойишчиларга кўра, жилла қурса ҳозир ўзлари истаган нарсага эришишган. Президентни кеткизишган.
Аммо улар абгор иқтисодий вазиятнинг тезда ўнгланмаслигини ҳам билишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













