Россия: Путин саратонга чалинганми? Лавров ойдинлик киритди - Украина, Уруш

Vladimir Putin

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Сўнгги ҳафталарда Путиннинг соғлиғи борасида миш-мишлар урчиган

Матбуотда 70 ёшни қаршилаётган Россия Президенти Владимир Путин оғир хасталик, катта эҳтимол билан саратонга чалингани тўғрисида тез-тез тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлмоқда. Кремл уларга ойдинлик киритди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Президент Путиннинг хасталиги тўғрисидаги хабарларни рад қилди.

Лавров Франциянинг TF1 телеканалига берган интервюсида айтишича, Россия президенти ҳар куни жамоатчиликка кўриниши беряпти ва соғлом фикрловчи одам унда бетоблик аломатларини кўрмайди.

Лавров Путиннинг тез-тез жамоатчиликка кўриниш беришини урғулаб, "Соғлом фикрловчи ҳар қандай шахс бу одамда бирор касаллик ва дармонсизликни кўради, деб ўйламайман. Сиз уни экранларда кўришингиз, нутқларини ўқиб, эшитишингиз мумкин. Мен буни ҳар куни кўриб турган одами ҳақида миш-миш чиқараётларнинг виждонига ҳавола қиламан", деган Сергей Лавров.

Маринка

Сурат манбаси, Reuters

Матбуот ўтган ҳафта Британия разведкаси манбаларига таяниб Путин жиддий касаллиги ҳақида ёзганди. Бироқ соғлом турмуш тарзи юритиши, спортга муҳаббати билан машҳур Россия Президентининг соғлиғи тўғрисидаги миш-мишлар бир неча йиллардан бери айланади.

Айрим шаҳар жойларида артиллерия ва ракета ҳужумларига тутилган инсоний талафотлар ҳақидаги саволга Ташқи ишлар вазири Россия аскарларига "фуқаро инфратузилмасига ҳужум қилишдан қочиш тўғрисида қатъий буйруқ" берилганини таъкидлаган.

БМТ маълумотларига кўра, Россия Украинага 24 февралда бостириб кирганидан сўнг 4031 тинч аҳоли ҳалок бўлган, 4735 киши жароҳатланган ва номаълум сондаги ҳарбий ҳалок бўлган ёки яраланган. 14 миллиондан ортиқ одам уйини ташлаб қочган, шаҳар ва аҳоли масканлари харобага айланган.

Лавровнинг интервюси Россия кўшинлари Донбасс минтақасида олдинга силжиётган манзарада чоп қилинди.

Россия Ташқи ишлар вазири Украинадаги "махсус амалиёт" режа бўйича кетаётгани ва унинг бош мақсади ҳозир "Россия томонидан мустақил давлат сифатида тан олинган "Донецк ва Луганск вилоятларини озод қилиш" эканлигини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek