Ўзбекистон ва дунё: Украина уруши боис ярим асрда кузатилмаган қимматчилик бошланади Video Rossiya Ukraina Yangiliklar (видео)

Сурат манбаси, Getty Images
Жаҳон Банки Украинадаги уруш 1970-йиллардан бери кузатилмаган қимматчиликни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирди.
Янги прогнозга кўра, можаро табиий газдан тортиб буғдой ва пахтагача бўлган товарлар нархи осмонга сапчишига олиб келади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Диққат, Украина: Ўзбекистоннинг қўрқиши учун қанчалик асос бор?
- Диққат, Украина: Россия шафқатсиз уруш усулларини қўллаяптими?
- Диққат, Украина: Ўзбекистонликлар кимга ишонади ва Путинга қарши руслар қаерга қочмоқда?
- Украина шарқида ҳалокатли ҳужум, Россия ва Путиннинг қизлари яна жазоланди, Кремлдан кутилмаган эътироф
Нархларнинг ошиши "жуда катта иқтисодий ва гуманитар оқибатларга олиб кела бошлади", дейди ҳисобот ҳаммуаллифи Питер Нагл Би-би-сига.
Унинг сўзларига кўра, "бутун дунё бўйлаб уй хўжаликлари яшаш қимматлашганини ҳис қилмоқда".
"Биз, айниқса, энг камбағал оилалар ҳақида қайғурамиз, чунки улар ўз даромадларининг асосий қисмини озиқ-овқат ва энергияга сарфлайдилар, шунинг учун улар нархларнинг кескин ўсишига айниқса чидамаслиги мумкин", дея қўшимча қилди Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, энергия нархи 50 фоиздан кўпроқ ошади, бу эса уй хўжаликлари ва корхоналар учун тўловларни ҳам оширади.
Европада табиий газ нархининг энг катта ўсиши икки баравардан ошиши кутилмоқда. Нархлар келгуси йил ва 2024 йилга бориб тушиши башорат қилинмоқда, аммо шунга қарамай, улар ўтган йилга нисбатан 15 фоизга юқори бўлиб қолаверади.
Жаҳон банкининг таъкидлашича, 2020 йил апрель ойининг энг паст даражасидан жорий йилнинг март ойи энг юқори нуқтасига қадар нархлар шундай ошдики, биз Яқин Шарқдаги кескин ўзгаришларга олиб келган "1973 йили нефть нархи ошганидан кейинги энергия нархининг 23 ойлик энг катта ўсишини" кўрмоқдамиз.

Сурат манбаси, ANADOLU / GETTY
2024 йилда нефть нархи юқорилигича қолиши кутилмоқда, бу йил Брент маркали нефтнинг бир баррели ўртача 100 долларни ташкил этади, бу эса кенг миқёсли инфляцияга олиб келади.
Россия дунёдаги нефтнинг қарийб 11 фоизини ишлаб чиқаради, бу учинчи йирик улушдир, аммо ҳисоботда айтилишича, "уруш узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатиши кутилмоқда", чунки санкциялар хорижий компаниялар мамлакатни тарк этиши ва технология кириши қисқаришини англатади.
Россия ҳозирда Европа Иттифоқи газининг 40 фоизини ва нефтнинг 27 фоизини етказиб беради, бироқ Европа ҳукуматлари ўз мамлакатларини Россия нефтига қарамликдан озод қилишга ҳаракат қилмоқда. Бу бошқа мамлакатлардан сотиб олишга талабни ошириб, жаҳон нархлари кўтарилишига замин яратади.
Буғдой рекорд ўрнатди
Жаҳон Банки кўплаб озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин ошиши ҳақида ҳам огоҳлантирган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат нархлари индекси 60 йил олдин рекордлар бошланганидан бери энг юқори даражада эканлигини кўрсатмоқда.
Буғдой 42.7 фоизга ўсиши ва доллар ҳисобидаги янги рекорд даражага етиши прогноз қилинмоқда. Бошқа сезиларли ўсишлар арпа 33.3%, соя 20%, ёғ 29.8% ва товуқ 41.8% бўлади. Бу ўсиш Украина ва Россиядан экспорт кескин камайганини кўрсатади.
JP Morgan маълумотларига кўра, урушдан олдин икки мамлакат глобал буғдой экспортининг 28,9 фоизини ва S&P Global маълумотларига кўра, кўплаб қайта ишланган озиқ овқатларнинг асосий таркибий қисми бўлган глобал кунгабоқар заҳираларининг 60 фоизини ташкил қилган.

Сурат манбаси, AFP
Бошқа хомашёлар, жумладан, ўғитлар, металлар ва минераллар нархи ҳам ошиши кутилмоқда. Ёғоч, чой ва гуруч эса оз сонли нархи пасаядиган товарлар бўлиши кутилмоқда.
"Буғдой ўрнини босиш энг қийин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан биридир", дейилади Bank of America тадқиқот қайдида. Унда Шимолий Америка ва Хитойдаги ёмон об-ҳаво шароити Украинадан етказиб беришнинг қисқариши таъсирини янада кучайтириши мумкинлиги, уруш Украинада баҳорги экин мавсумини тўхтатиб қўйганини таъкидланган.
Қайдда, шунингдек, уруш туфайли Украинадан дон ва ёғли ўсимликлар етказиб бериш 80 фоиздан кўпроққа қисқаргани ва йил давомида экспортдаги бу йўқотишлар "дунё озиқ-овқат таъминотининг 10 кунлик қисмига тўғри келгани" айтилади.
Дунёнинг тўртта йирик товар трейдерларидан бири бўлган Archer Daniels Midland компанияси бош ижрочи директори нархларнинг тез орада тушишини кутмаслигини айтди.
АҚШ фирмаси жорий йилнинг дастлабки уч ойида соф даромадини 53 фоизга ошириб, 1,05 миллиард долларга етганини эълон қилганида, Хуан Луциано шундай деди: Канадада канола ҳосили яхши эмаслиги, Жанубий Америкада ҳам ҳосил чатоқлиги, энди эса Қора Денгиз минтақасидаги можаро туфайли таъминот пасайишини кутяпмиз. Бу келгуси йилларда глобал дон бозорини қисқартиришда давом этади".

Жаҳон Банки вакили жаноб Нагл ўрта муддатли истиқболда Украинадаги уруш туфайли юзага келган таъминот тақчиллигини ҳал қилишда бошқа давлатлар ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Бироқ, бу йил ўғит нархининг 69 фоизга ошиши кутилаётгани сабабли "деҳқонлар ўғитдан камроқ фойдалана бошлагани оқибатида ҳосилдорликнинг пасайиш хавфи борлигини" билдиради.
Умуман олганда, Жаҳон Банки ҳисоботида айтилишича, нархлар 2022 йилда чўққига чиқиши кутилаётган бўлса да, улар илгари прогноз қилинганидан анча юқори бўлиб қолади.
Унинг қўшимча қилишича, "хомашё бозорлари истиқболи кўп жиҳатдан Украинадаги урушнинг давомийлиги ва унинг таъминот занжиридаги узилишларга боғлиқ".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













