Украина боис Россия энди Ўзбекистон шарбатини ичадими? O'zbekiston Rossiya Ukraina yangiliklar

    • Author, Мария Киселева
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Марказий банк Россия иқтисодиётининг қайта қурилишини эълон қилди: санкциялар ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг чиқиб кетиши шароитида Россия компаниялари янги таъминотчиларни излаши ва янги таъминот занжирларини қуришлари керак. Иқтисодчиларнинг айтишича, бу истеъмолчилар учун танловни қисқартириши мумкин. Би-би-си Рус хизмати ушбу қайта қуриш қандай амалга оширилаётганини бир нечта маҳсулотлар мисолида тушунтиради.

Алоқадор мавзулар:

Россияда иқтисодиётни янги қайта қуриш аллақачон бошланган ёки бошланиш арафасида, деди Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина.

Ўзбекистон энди Россия билан тенгма-тенг гаплаша оладими? Видео:

Гап санкциялар ва хорижий компаниялар чиқиб кетиши манзарасида логистика ва ишлаб чиқариш занжирларини ўзгартириш ҳақида бормоқда. Корхоналар янги хомашё, асбоб-ускуналар ва турли технологиялар таъминотчиларини излашга мажбур бўлади. Буларнинг барчаси нархларга ва дўконлардаги товарлар ассортиментига таъсир қилади.

"Албатта, бу жуда кенг кўламли ўзгаришлар, улар етарлича вақт талаб этади. Уларга бир неча йил керак бўлиши мумкин, буни ҳозир айтиш қийин. Ва улар айрим турдаги маҳсулотлар нархининг ошиши, ишлаб чиқаришнинг секинлашиши билан бирга бўлиши мумкин", деди Набиуллина душанба куни.

Иқтисодчилар Би-би-cига қайта қуриш жараёни қандай бўлишини тушунтириб беришди: маҳсулотлар ва товарлар бутунлай йўқ бўлиб кетмайди, танқислик ҳам бўлмайди, лекин ассортимент қисқаради.

Масалан, Москвада сиз новвойхонада "уй" нонини сотиб олишингиз мумкин, катта дўконга бориб, у ерда француз багетини ёки итальян чиабаттасини сотиб олишингиз мумкин ёки уйингиз яқинидаги кичик дўконга бориб, «советча» тўғралган батон сотиб олишингиз мумкин. Келажакда нонни танлаш тўғралган батонга ва яна бир нечта вариантгача қисқартирилиши мумкин. Бу иқтисодчилар огоҳлантираётган категориялар ва истеъмолчилар танловининг қисқаришидир.

Тўғри, бизнес вакилларининг айтишича, «тўғралганлари» билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин.

Би-би-си Рус хизмати нон, шарбатлар ва консервалар мисолида ишлаб чиқариш занжирларини қайта қуриш жараёни қандай кечаётганини тушунтиради.

Нон қимматроқ, танлов камроқ

Ғарб компанияларининг кетиши ва санкциялар Россияда нон ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин. Нон аллақачон қимматлашмоқда: фақат йил бошидан буён унинг нархи Росстат маълумотларига кўра деярли 6 фоизга ошди. Соҳа вакилларининг айтишича, нон нархи ошиши давом этади ва унинг турлари сезиларли даражада қисқариши мумкин.

Нон мисолида таъминот занжирларининг узилиши маҳсулот ассортименти ва нархига қандай таъсир қилишини кузатиш мумкин.

Нон ишлаб чиқариш икки асосий канал - ишлаб чиқариш ускуналари ва қисман хомашё, масалан, ярим тайёр маҳсулотлар орқали хориждан олиб келишга боғлиқ.

Россиянинг йирик шаҳарларида нон ишлаб чиқариш 50 дан 90 фоизигача импорт ускуналарига боғлиқ - биринчи навбатда, Европа Иттифоқи давлатларидан. «Коммерсант» бу ҳақда Миллий нон маҳсулотлари иттифоқи раҳбари Рустам Айдиевга таяниб ёзган. Ушбу иттифоққа кўплаб йирик ишлаб чиқарувчилар аъзо бўлган.

Би-би-си билан суҳбатда Айдиевнинг аниқлик киритишича, импорт қилинадиган ускуналарни асосан йирик шаҳарлардаги "саноат ишлаб чиқариш етакчилари" танлаган. Ҳозирча у Европа ускуналарини Осиё давлатларининг аналоглари билан алмаштириш мумкин ё йўқлигини билмайди. "Ҳозир биз бу саволга жавоб излаяпмиз", деб тушунтирди у.

Унинг айтишича, ҳозирча у бутловчи материаллар билан боғлиқ муаммоларни кутмоқда - асбобларни алмаштириш ва сақлаш учун зарур бўлган қисмлар, масалан, пичоқлар. Ушбу вазиятдан чиқиш йўли параллель ёки «кулранг» импорт, яъни ишлаб чиқарувчининг рухсатисиз товарларни мамлакатга олиб кириш бўлиши мумкин. Ҳукумат уни март ойи охирида тасдиқлаган.

INFOline таҳлил маркази бош директори Иван Федяков Россияда нон тақчиллиги бўлмайди, деб ҳисоблайди, лекин у чет элдан ускуналар ва материаллар билан боғлиқ қийинчиликлар, биринчи навбатда, "уйдаги новвойхонада" форматида ишловчиларга таъсир қилиши мумкин, деб ишонади. Бундан фарқли ўлароқ, кўплаб йирик новвойхоналар, айниқса, ҳудудларда маҳаллий ускуналарда ишлайди, деб тушунтиради Федяков.

Нонвойхоналар янги корхоналар сони бўйича энг тез ривожланаётган озиқ-овқат хизматлари сегменти эди. Ишлаб чиқарувчилар бундай нонни фойдали ва мазали деб аташаётганди. Бундай новвойхоналарнинг кўпчилиги, Федяковнинг айтишича, Европа ишлаб чиқарувчиларининг музлатилган ярим тайёр маҳсулотларини ишлатган, масалан, Fazer компанияси март ойи бошида Россиядан чиқишини эълон қилди.

Федяковнинг сўзларига кўра, энди талаб саноатда ишлаб чиқариладиган нон фойдасига силжийди.

Бироқ, бундай ишлаб чиқарувчилар учун ҳам харажатлар ортиб бормоқда, яъни фабрикада ишлаб чиқарилган нон ҳам қимматлашади. Бундан ташқари, тежаш учун ускуналар билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган ишлаб чиқарувчилар ассортиментни қисқартиришни бошлашлари мумкин.

Ноаниқлик шароитида Россия ун етказиб берувчилари ҳам ўзларини қайта суғурта қилмоқдалар. Айдиевнинг сўзларига кўра, кўпчилик ўз маҳсулотлари учун олдиндан тўловни талаб қила бошлаган. Шу билан бирга, чакана сотувчилар билан тузилган шартномалар ҳар бир ойдан уч ойгача нархларни қайта кўриб чиқишни назарда тутади. Шундай қилиб, нон ишлаб чиқарувчиларда пул танқислиги бўлади, дея тушунтиради у.

Айрим масаллиқлар нархи шунчалик тез ошиб кетдики, баъзи ҳолларда хомашёни юқори маржада ишлаб чиқариш ва эски нархда сотишдан кўра, хомашёни захирада сақлаш фойдалироқ бўларди, деди Айдиев. "Буларнинг барчаси ассортиментнинг қисқаришига олиб келиши мумкин", деб таъкидлайди у.

Апельсин ўрнида Ўзбекистон шарбати

Шарбат, сув ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (Союзнапитки) президенти Максим Новиков, Би-би-си билан суҳбатда: "Концентрланган апельсин шарбатини етказиб беришда узилишлар бўлиши мумкин, чунки яхши ташкил этилган таъминот занжирлари энди узилиб, ўзгариб бормоқда".

Асосан, Россия бозорида қайта тайёрланган шарбат сотилади, яъни концентратлардан тайёрланади.

"Деловой профиль" гуруҳи маълумотларига кўра, 2020 йилда шарбат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун хомашёнинг 70 фоизи Россияга чет элдан олиб келинган, 25 фоизи эса Россияда ўсмайдиган мевалар. Мисол учун, IndexBox таҳлил агентлигининг 2019 йилдаги маълумотига кўра, Россия дунёдаги энг кўп лимон импорт қилувчилар учлигига кирди.

«Известия» «Союзнапитки»га таяниб, апельсин шарбати ишлаб чиқариш учун концентрат, хусусан, АҚШ ва Европа Иттифоқидан импорт қилинганини ёзди.

Новиковнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқарувчилар шарбат ишлаб чиқаришнинг муқобил усулларини ишлаб чиқишга киришган ва ҳозирча тақчиллик ҳақида гап йўқ. Аммо прогноз қилишга ҳали эрта, дея аниқлик киритди ассоциация.

Ана шундай муқобил усуллар қаторида апельсин ўрнига узум шарбати ишлаб чиқариш учун хомашёни Ўзбекистондан олиб келиш ҳам бор. "Биз узум шарбати ишлаб чиқариш яхши салоҳиятга эга, деб ҳисоблаймиз, Россия Федерацияси ҳудудига хомашё етказиб бериш ва истеъмолни ошириш имконияти (илгари узум шарбати кўпроқ машҳур эди) нуқтаи назаридан бир қатор афзалликларга эга", деди Новиков.

Агар бундай етказиб бериш яхшиланса, бу бир маҳсулот тоифасини бошқасига алмаштиришга мисол бўлади - Россияда апельсин шарбати ўрнига асосан узум шарбати сотилади.

Бу бозор унчалик ўзгармаслиги мумкин. «Делового профиль» маълумотларига кўра, апельсин шарбати Россияда ишлаб чиқарилган шарбатнинг атиги 3.4 фоизини ташкил қилган. Мамлакатда асосан олма шарбати ишлаб чиқарилади - бу маҳсулот ишлаб чиқаришнинг 44.7 фоизини ташкил қилади.

Ичимлик ишлаб чиқарувчилар учун муаммо бошқа томондан ҳам пайдо бўлиши мумкин - Tetra Pak инвестициялар тўхтатишини ва у фақат сут ва болалар овқатлари учун қадоқлаш ишлаб чиқаришини эълон қилди.

Дўконларга шарбат ва сут етказиб бериш қадоқланмаганлиги сабабли муваффақиятсизликка учрагани ҳақида икки чакана сотувчи ва йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиси вакилига таяниб март ойи охирида «Ведомости» ёзган.

Tetra Pak қадоқлар ишлаб чиқариладиган завод бўлиб, Москва яқинидаги Лобня шаҳрида жойлашган, аммо хомашё хориждан олиб келинади. Суюқликлар учун қадоқлашнинг яна бир етказиб берувчиси Норвегиянинг Elopak компанияси ҳам март ойи бошида Россиядаги фаолиятини тўхтатаётганини эълон қилди.

Сут маҳсулотлари бозорини ўрганиш маркази ходими Михаил Мишенко Би-би-сига тушунтиришича, ишлаб чиқарувчилар учун Tetra Pak ўрнига ўринбосар топиш осон бўлмайди. Сабаби, ишлаб чиқариш линиялари аллақачон Tetra Pak ҳажми ва хусусиятларига мослаштирилган, бошқа қадоқлаш учун уларни қайта йиғиш керак бўлади. Бу қўшимча харажатлар талаб қилади.

Федяковнинг таъкидлашича, шиша ва пластмасса каби қадоқлашнинг бошқа турлари ҳам ишлаб чиқарувчилар учун мавжуд вариантлардан кўра қимматга тушади.

Консерваланган балиқ

Таъминот занжирларининг узилиши ва компонентлар нархининг ошиши Россияда балиқ консервалари етказиб беришга таъсир қилади. Ишлаб чиқарувчилар ва экспертлар нарх ошишини айтишади. Энг ёмон ҳолатда, улар пештахталардан вақтинча йўқолиши мумкин.

Агар саноат паст фоиз ставкасида кредит олмаса, балиқни қайта ишлаш ва консерва ишлаб чиқариш тўхтатилиши мумкин, дейди «Интерфакс»га "За Родину" компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши раиси Сергей Лютаревич.

Лютаревич айтганидек, бутловчи қисмлар нархи 80 фоизга ошди, денгиз контейнерлари орқали етказиб бериш ҳам имконсиз бўлиб қолди. Буларнинг барчаси консерва нархини оширади.

Март ойи охирида, "Балтик Плюс" радиостанциясига берган интервьюсида, томатдаги килка мисолидан фойдаланиб, у аслида балиқ консерваларининг таркибида фақат балиқнинг ўзи ва кунгабоқар ёғи Россияники эканини айтди.

"Келинг, помидор соусидаги килкаларни асос қилиб олайлик: қалай ва консерва. Барча қалай Европада ёки Хитойда ишлаб чиқарилади. Бизнинг етказиб берувчимиз Калининград контейнер заводи, улар қалайни хориждан сотиб олишади. Муҳим компонент - томат пастаси. Унда бор. Охирги беш йил давомида уни Эрон ва Хитойдан олиб келяпмиз", дейди Лютаревич.

Россия кунгабоқар ёғи 2020 йил охиридан бери қимматлашмоқда. Ҳукумат ҳатто унинг чакана нархларини чеклаб қўйди ва март ойи охирида экспорт квоталари жорий этди. Лютаревичнинг сўзларига кўра, 12 апрелга қадар ёғ литри учун 150 рублдан сотилган, бу февраль ойи бошига нисбатан уч баравар қиммат. Росстат маълумотларига кўра, март ойида Россияда кунгабоқар ёғи учун истеъмол нархлари февраль ойига нисбатан март ойида ўртача 7.2% га ошди.

Федяков ёғ нархи кўтарилганини тан олади, аммо экспорт тақиқидан кейин пасайиш бошланди. Умуман олганда, у консерва тақчиллиги бўлмайди, деб ҳисоблайди, лекин нархлари ошиши мумкин.

Лютаревич таъминот занжирларини узоқ муддатли қайта қуриш жуда мураккаб жараён, дейди. Набиуллина айтганидек, бу узоқ вақт талаб этади: "Биз ўзимиз ишлаб чиқариш учун қандай таркибий қисмларни яратишимиз мумкинлигини жуда жиддий таҳлил қилишимиз керак. Аммо муайян муддат вазиятни ўнглаш ва аҳолини қўллаб қувватлаш учун маблағ сарфлаш керак бўлади. Бир-икки йил ичида импортдан имкон қадар халос бўлиш учун дастурлар ишлаб чиқиш ва қаерга пул сарфлашни аниқлаш керак.

Камроқ товарлар - паст турмуш тарзи

Нархларнинг кўтарилиши ва ассортиментнинг қисқариши одамлар турмуш даражасининг пасайишига олиб келади. Руслар камроқ товар сотиб олади ва танлов анча содда бўлади - кўплаб таниш маҳсулотлар дўконлардан йўқолиши мумкин ва уларнинг ўрнида муқобиллари пайдо бўлади.

"Шундай товарлар борки, уларни ўзимиз таъминлай олмаймиз. Шунга кўра, улар учун тақчиллик юзага келади", дейди Райффайзенбанка иқтисодчиси Станислав Мурашов. Танқислик маҳсулотнинг бозорни тарк этишини англатмайди, бу унинг камайишини англатади. Шунга кўра, талабнинг таклифдан кўплиги юзага келади ва нархлар кўтарилади.

"Бир томондан аҳолининг харид қобилияти ва истеъмол сифати пасаяди», дейди Мурашов.

Федяковнинг таъкидлашича, давлат нархларнинг ошишига бошқача муносабатда бўлиши мумкин, масалан, уни сунъий чеклайди. Айрим вилоятларда бу йўл аллақачон қўлланилган. Бироқ, экспертнинг фикрича, энг яхши стратегия аҳолига субсидиялар бўлади - шунда ортиб бораётган талаб корхоналарни қўллаб-қувватлаши мумкин.

Расмийлар аҳолини қўллаб-қувватлашга оғзаки ваъда беришади. "Ҳа, инфляциянинг ўсиши аҳоли даромадлари ва харид қобилиятига путур етказаётгани аниқ. Лекин ижтимоий нафақалар ошади ва шу орқали аҳолининг энг камбағал қатламининг истеъмол қобилиятини қўллаб-қувватлайди", дейди Россия президенти ёрдамчиси Максим Орешкин Россия 1 каналига берган интервьюсида. Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ҳукумат яқинда нафақаларни индексация қилишини айтди.

Мурашов, аксинча, маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича эҳтиёткор оптимизм билан гапиради: бу соҳада бошқа соҳаларга қараганда импорт позицияларини россиялик ҳамкасблар билан алмаштириш имкониятлари анча кўп.

"Биз энг кўп боғлиқ бўлган нарса саноатдир, баъзи юқори технологияли [тармоқлар] - фармацевтика, тиббий асбоб-ускуналар, автосаноат, технологик буюмлар - бу катта эҳтимол билан йўқолади ва алмаштириш қийин бўлади", дейди у.

Бу соҳаларда импорт ўрнини босиш ҳали унчалик яхши ишланмаган ва аҳоли учун имтиёзлар ёрдамида истеъмолни қўллаб-қувватлаш қийин бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek