You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мирзиёев Эрдўғонни Тошкентга нега чақирди? «Ўзбеккосмос» Илон Маск билан ҳамкорлик қилмоқчими? «Кечирим ўтмади» – «Оскар»даги жанжал терговда - Янгиликлар
- Эрдўғон ва Мирзиёев учрашуви: нималар муҳокамада?
- Ўзбекистонда "Инсон ҳуқуқлари уйи" очилди
- «Ўзбеккосмос» Илон Маск билан ҳамкорлик қилмоқчими?
- Уилл Смит «Оскар»да бошловчини нега урганди?
29-30 март кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Тошкент шаҳрида ўтказиладиган 2 кунлик ташрифнинг кенгаш мажлислари давомида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик даражаси ҳар томонлама кўриб чиқилиши ҳар икки давлат раҳбарларининг расмий сайтларида баён этилган.
«Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун қандай қадамлар қўйилиши мумкинлиги муҳокама қилинади», дейилади Туркия президенти расмий сайтида.
- Ўзбекистон: Давлатнинг бир сўмига хиёнат қилмаган Ортиқхўжаев ва маърузачи домлалар яна огоҳлантирилдими? – Янгиликлар
- Ўзбекистон: Мактабдаги “уят” видео ва Алламжонов Тошкент ҳокими бўладими? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Умра нега қимматлашди ва ўзбекистонлик Қозоғистон намойишларида қатнашганми? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Афғонистондан келган 13 тонна наркотик ва Суриядан қайтган ўсмирлар нималар деди? – Янгиликлар
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати «Асосий эътибор савдо, инвестициялар, инновациялар, саноат, логистика, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга оширишга қаратилади», дея маълум қилади.
Туркия президенти расмий сайтида очиқланишича, «учрашувларда икки томонлама муносабатлардан ташқари минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилади».
Туркиянинг «ТРТ Хабар» нашри «Эрдўғоннинг Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи чоғида Россия-Украина уруши ҳам кун тартибидан ўрин олади. Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари муҳокама қилинади. Турк давлатлари ташкилотининг келажаги таъкидланади. Минтақадаги ўзгаришлар, айниқса Украина ва Афғонистон бўйича фикр алмашилади», дея хабар берди.
Кун тартибидан кенгаш йиғилиши муносабати билан Туркия-Ўзбекистон муносабатларининг шартномавий заминига салмоқли ҳисса қўшадиган турли келишув меморандумларининг имзоланиши ҳам ўрин олган.
Ва икки давлат раҳбарлари учрашувининг натижалари «ҳурмат билан оммага эълон қилинади», дея маълум қилди Туркия президенти расмий сайти.
"Инсон ҳуқуқлари уйи" қаерда?
Ўзбекистонда "Инсон ҳуқуқлари уйи" ташкил этилди.
"Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot Телеграм канали.
Хабарга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази - "Инсон ҳуқуқлари уйи" Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ташкил этилган.
Президент қарорига мувофиқ ташкил этилган Марказга инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш, ўқув, илмий-услубий ва оммабоп нашрлар ҳамда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари доимий чоп этилишини таъминлаш каби вазифалар юклатилган.
Huquqiy axborot Телеграм канали "Инсон ҳуқуқлари уйи" инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилишини билдирган.
"Мен ноҳақ эдим"
Уилл Смит «Оскар» тақдимотидаги жанжали учун узр сўради, аммо у энди терговда.
Кино санъати ва фанлари академияси актёр Уилл Смитнинг "Оскар" тақдирлаш маросимидаги жанжалини қоралади ва воқеа юзасидан тергов бошлади.
Маросимда комедиячи Крис Рок томонидан Смитнинг рафиқасига нисбатан саҳнадан туриб айтган ҳазили ёқмади ва мезбонга тарсаки туширди.
Кейинчалик актёр узр сўради, аммо мунозаралар тобора авж олмоқда. Маълум бўлишича, Уилл Смитнинг рафиқаси соч тўкилишига оид хасталикдан азоб чекади. Маросим бошловчининг аёлнинг сочи борасида қилган ҳазили актёрга оғир ботган.
Кино академияси ўз баёнотида воқеанинг барча ҳолатлари ва юзага келиши мумкин бўлган оқибатларини Калифорния штати қонунлари ва унинг қабул қилинадиган хатти-ҳаракатлар стандартларига мувофиқ ўрганиб чиқишини айтади.
Би-Би-Cига берган шарҳида тақдирлаш маросими ташкилотчиларидан бири бундай ҳолатлар Голливуддаги энг муҳим воқеани обрўсизлантиришини айтди.
Ижтимоий тармоқларда жанжал саҳналаштирилган, яъни кўрсатувга қизиқишни ошириш учун ташкилотчилар томонидан ўйлаб топилган, деган тахминлар тарқала бошлади.
Бироқ, Смитнинг Рокнинг юзига зарбаси найрангга ўхшамасди ва жонли эфирдаги ҳақоратли сўзлар Оскар конвенциясига зид эди.
Ўша оқшом Уилл Смит "Энг яхши актёр" номинациясида олтин ҳайкалчани қабул қилиш учун яна саҳнага чиқди. Бу актёрлик фаолиятидаги илк "Оскар"дир.
Starlink билан ҳамкорлик
«Ўзбекистон Илон Маскнинг Starlink лойиҳаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиши кутилмоқда» деб ёзди «Дарё» нашри.
«Ўзбеккосмос» агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ибрагимовнинг нашрга берган интервьюсига кўра, Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink интернет сунъий йўлдошлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.
Агентлик раҳбарияти Маскнинг Starlink интернет сунъий йўлдошлари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида лойиҳа вакилларини Ўзбекистонга таклиф қилишган ва делегация 2021 йилнинг июнь ойида ташриф буюриб мазкур технологияни Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича илк келишувга эришганини маълум қилган.
Жорий йилнинг 10-11 май кунлари Тошкентда агентлик томонидан Марказий Евросиё минтақасида илк бор халқаро космик технологиялар конференцияси (STC-2022) бўлиб ўтади. Ушбу йирик конференцияда SpaceX компаниясининг Starlink лойиҳаси делегацияси ҳам қатнашади ва келишувнинг кейинги босқичини ўтказамиз. Бундан ташқари, бир қатор интернет сунъий йўлдошлари вакиллари ҳам иштирок этади», — дейди «Дарё» нашрига Муҳиддин Ибрагимов.
Хабарда билдирилишича, ўтказилиши режалаштирилган СТC-2022 конференциясида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Монако, Канада, Швеция, Финляндия, Ҳиндистон, Туркия, БАА, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон сингари кўплаб мамлакатлардан ҳам делегация вакиллари келиши кутилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek