Дайжест. Ўзбекистонда "иномаркалар" божи бекор бўладими? Россияда полиция мигрантларни нега нишонга олмоқда? Таркан қандай сиёсий баҳслар ичида қолди?

Сурат манбаси, President.uz
- Энди ўзбекистонликлар ўз ерини хусусийлаштириши мумкин;
- Мирзиёев божхона тўловини буткул йўқотмоқчими?
- Россияда полициячини урган мигрантлар ортидан рейдлар кучайган;
- Таркан сиёсий баҳсларга сабаб бўлган қандай қўшиқ куйлади?
Алоқадор мавзулар:
Ўз ерига эгалик
Ўзбекистонда Жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган) ер участкаларини хусусийлаштириши борасида тегишли қонун ва ҳукумат қарори кучга кирди.
Эндиликда ўзбекистонликлар ўзларига тегишли бўлган ерни хусусийлаштиришлари мумкин бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 14 февралдаги 71-сонли қарори билан, "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги қонун асосида 3 та тартиб ишлаб чиқилган.
Улар жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини аукционга қўйиш ва якка тартибдаги уй-жойларнинг ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида сотиб олиш тартибларидир.
Ўзбек нашрларига кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш учун энди жисмоний ва юридик шахслар Давлат хизматлари марказлари (ДХМ)га ёки Ягона давлат интерактив портали (my.gov.uz) орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, мулкдорлар, ердан фойдаланувчилар учун хусусийлаштириш тўлови мазкур ер участкаси учун ҳисобланган ер солиғи миқдорининг 20 баробари этиб белгилангани маълум қилинган.
Божхона тўловлари йўқоладими?
Жорий йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Президенти автомобилсозликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда автомобиллар олиб киришда божхона тўловларини босқичма-босқич нолга тушириш зарурлигини маълум қилган.
"Секин-секин божхона тўловлари ноль бўлиши керак", — дейди президент "Ўзбекистон 24" телеканалида эфирга узатилган нутқида.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев олдиндан тўловга қарамай, харидорлар бир йил машинани кутишга мажбур бўлаётганини адолатсизлик деб атаган.
"Оддий шифокор, оддий меҳнаткаш фуқаромиз қанча-қанча машаққат билан йиққан пулини, кечирасизу, 1 йилга "автопром"га айлантириш учун бериб қўйиши бу адолатдан эмас", — дейди Ўзбекистон президенти.
Мигрантлар полиция нишонида

Сурат манбаси, Official
Ўтган ҳафтада Москвада икки нафар тожикистонлик меҳнат муҳожири ва полиция ходимлари билан жанжали Россия матбуотининг бош мавзуларидан бирига айланди.
Россия Тергов қўмитаси пойтахтнинг "Тулская" метро бекатида полициячилар ва мигрантларнинг жанжали видеосини 18 февраль куни ўз расмий саҳифасида эълон қилди.
Турли ракурслардан олинган кадрларда полициячилар қаршилик кўрсатаётган муҳожирга қарши курашаётгани ва мигрантлардан бири зобитлардан калтаклагани, жанжал тасвирларини кўриш мумкин.
Шундан сўнг, кадрда полицияга ҳужумда гумон қилинган ҳар иккала шахснинг тергов бўлимига олиб борилиши кўрсатилади. Улардан бирининг юзида сезиларли кўкаришлар бор.
Ҳибсга олинганларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг "Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш" банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бу ҳодиса ортидан бир хафтадирки, Россиянинг турли ҳудудларида полициянинг Марказий осиёлик мигрантларга қарши кенг кўламли рейдлари ўтказилмоқда.
Екатеринбург, Ленинград, Тула, Калуга, Обнинск ва кўплаб ҳудудларда юзлаб меҳнат муҳожирларининг ҳужжатлари текширилган ва нолегаллик аниқланган ҳолатларда Россиядан чиқариб юбориш қарорлари қўлланилгани ҳақида маҳаллий нашрлар ёритишмоқда.
Таркан сиёсий баҳслар ичида

Сурат манбаси, YouTube
"Кечажак": Тарканнинг янги қўшиғи сиёсий баҳсларга сабаб бўлди.
Туркиялик машҳур хонанда Тарканнинг YouTube даги саҳифасида пайшанба оқшомида тақдим этган "Кечажак" қўшиғининг видеоклипи бир неча кун ичида 18 миллионга яқин киши томонидан томоша қилинган ва ижтимоий медиада кун тартибига айланди.
Твиттерда аввалига "кечажак" (#geççek), унинг ортидан "кетажак" (#gitçek) ҳештеглари билан кун тартибига чиққан.
"Кечажак" қўшиғидаги "Кетажак, кетажак, келгани каби кетажак", "Ҳар нарсанинг охири бор, бу синов ҳам битажак" сўзлари муҳокама мавзуси бўлди.
İYİ партияси раҳбари Мерал Акшенер ва кўплаб мухолифат партияси депутатлари қўшиқни ижтимоий медиа саҳифаларида улашдилар.
Баъзи AKP партияси тарафдорлари қўшиққа муносабат билдиришди.
Сўзи ва мусиқаси Тарканга тегишли бўлган қўшиқ қисқа вақт ичида кўплаб мусиқа платформаларида ҳам ўз ўрнини эгаллади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















