Қизиқ: Одамлар ўз смартфонларидан воз кечмоқда Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Сюзанна Беарн
- Role, Бизнес-корреспондент, BBC News
Дейлик, Буюк Британиядаги ҳар 10 кишидан тўққизтасида смартфон бор. Деярли ҳамма смартфонга ёпишиб қолган дунёда энди ундан "тўйдим", деганларнинг сони орта бошлабди. Буни яқинда ўтказилган тадқиқот кўрсатди. Қизиқ...
Алоқадор мавзулар
Ноодатий қарор
Одамлар смартфонларига ёпишиб қолган дунёда Дулси Коулингнинг қилган иши ноодатий бўлди - у ўзиникидан воз кечди.
Ўтган йил охирида 36 ёшли аёл руҳий саломатлигини яхшилаш учун уяли телефонидан воз кечишга қарор қилди.
Шундай қилиб, Мавлуд байрамида у оиласи ва дўстларига фақат қўнғироқ ва матнли хабарларни қабул қилиш ва юбориш мумкин бўлган эски "Nokia" телефонига ўтаётганини айтди.
У 6 ва 3 ёшли икки ўғли билан боғда бир кун бўлгани унинг қарорига таъсир қилганини эслайди: "Мен болалар билан ўйин майдончасида уяли телефон билан ўтириб, бошимни кўтариб қарадим ва ҳар бир ота она - 20 нафарча бор эди - телефонларига тикилиб ўтирарди", дейди у.
"Қачон шундай бўлиб қолди, деб ўйладим. Одамлар реал ҳаётдан узилиб қолган. Ўлим тўшагида ётганингизда, Twitter да кўпроқ вақт ўтказмаганингиз ёки интернетдаги мақолаларни ўқимаганингиз учун афсусланасиз, деб ўйламайман".
Лондонда жойлашган "Hell Yeah!" реклама агентлигининг креатив директори Коулинг хоним смартфонни тарк этиш ғояси Ковид локдаунлари вақтида пайдо бўлганини қўшимча қилади.

Сурат манбаси, DULCIE COWLING
"Мен ҳаётимнинг қанча қисмини телефонга тикилиб ўтказдим ва бундан буён нима қилишим мумкинлиги ҳақида ўйлардим. Доимий равишда кўплаб хизматларга аъзо бўлиш кўплаб чалғишларга сабаб бўлади ва мия қаттиқ ишлашига тўғри келади."
У смартфондан воз кечганидан кейин бўшаган вақтини кўпроқ китоб ўқиш ва ухлаш учун сарфлашни режаламоқда.
Айни пайтда Буюк Британиядаги ҳар 10 кишидан тўққизтасида смартфон бор, бу кўрсаткич бутун ривожланган дунёда кенг тарқалган. Биз уларга ёпишиб қолдик - яқинда ўтказилган бир тадқиқот шуни кўрсатдики, ўртача одам кунига 4.8 соат вақтини телефонида ўтказади.
Бироқ оз сонли, аммо ортиб бораётган одамлар бу ҳолдан тўйган.
Алекс Дунедин икки йил олдин смартфонини улоқтирди. "Маданий жиҳатдан биз ушбу воситаларга қарам бўлиб қолдик, - дейди таълим бўйича тадқиқотчи ва технология мутахассиси. - Улар зеҳнни ўтмаслаштиради ва маҳсулдорликни камайтиради."
Шотландияда яшаб, ишлаётган жаноб Дунединнинг айтишича, унинг қарорига экологик муаммолар сабаб бўлган. "Биз кўп миқдорда СО2 эмиссиясини ишлаб чиқариш орқали олинган энергияни исроф қилмоқдамиз", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Унинг сўзларига кўра, у смартфондан фойдаланишни тўхтатганидан бери бахтлироқ ва самаралироқ бўлган. Жаноб Дунединнинг энди эскича мобил телефони, ҳатто стационар телефони ҳам йўқ. Бунинг ўрнига, у билан фақат электрон почта орқали уй компьютерига боғланиш мумкин.
"Бу менинг ҳаётимни яхшилади, - дейди у. - Менинг фикрларим энергия ва пул билан боқиладиган машина билан доимий когнитив алоқадан озод бўлди. Менимча, технологиянинг хавфли томони шундаки, у бизнинг ҳаётимизни бўшатиб қўяди".
Бирмингемлик 53 ёшли ўқитувчи ва ёзувчи Лин Войс тескари йўналишда кетди - у олти йиллик танаффусдан сўнг ўтган йилнинг август ойида яна смартфонидан фойдаланишни бошлади.
Унинг айтишича, у ресторан QR кодлари ва Ковид паспортлари билан шуғуллангани ва Парижда яшовчи қизларидан бири билан алоқада бўлиш осонроқ бўлгани учун смартфонни қайта сотиб олишга мажбур бўлган.

Сурат манбаси, LYNNE VOYCE
Аммо агар иложи бўлса, у яна ундан воз кечишни истайди. "Пандемиядан сўнг, Элла (унинг катта қизи) хорижда яшамаса, мен яна уни ташлашим мумкин. Боғланиб қолишга ўхшайди бу, шундай эмасми?"
Войс хоним 2016 йилда биринчи марта смартфонидан воз кечганида, мақсади қизларини телефонда ўтказадиган вақтини қисқартиришга ундаш эди.
"Улар телефонларига ёпишиб қолган эди. Мен буни тўхтатишнинг ягона йўли ўз телефонимдан қутулиш деб ўйладим. Ва бу самара берди.
Масалан, биз ресторанга бордик, улар телефонимдан фойдаланганимни кўришмади."
Смартфондан фойдаланмаслик "миядаги катта босимни енгиллаштирди, - дейди у.- Саволларга дарҳол жавоб топиш ёки уйда бўлмаганимда мени осон топишлари заруратини ҳис қилмадим".
Бироқ баъзилар телефонда қанча вақт сарфлашлари ҳақида қайғурса-да, миллионлаб одамлар учун улар Худонинг инъомидир.
"Соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ва кўпинча дўстларимиз ва оиламиз билан боғланиш аввалгидан ҳам рақамли бўлиб қолган, смартфон одамлар учун жуда муҳим", дейди Буюк Британия мобил тармоғи "Vodafone" вакили.
"Биз шунингдек, одамларга ўз технологияларидан максимал даражада фойдаланиши ва айни чоғда хавфсиз бўлиши учун кўпроқ ресурслар яратяпмиз - бу жуда муҳим."

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ психотерапевт ва "Телефонга қарамлик" муаллифи Хилда Бёркнинг айтишича, гаджетлардан кўп фойдаланиш ва муносабатлардаги муаммолар, уйқу сифати ва дам олиш қобилиятимиз, диққатни жамлаш даражаси ўртасида кучли боғлиқлик бор.
"Кўп одамлар ўз қурилмалари орқали доимий сўровлар оқимида яшайди, кўпчилик шошилиш ҳисси билан кун ўтказади.
Улар чегара қўйишга қодир эмаслигини ҳис қиладилар, кечқурун ва эрталаб биринчи навбатда электрон почта ва хабарларини текширишга мажбур бўлишади."
Агар смартфонингиздан халос бўлиш сиз учун жуда қийин бўлиб туюлса ю, лекин сиз унга жуда кўп вақт сарфлаётганингиздан хавотирда бўлсангиз, фойдаланишни қисқартириш учун бошқа йўллар ҳам мавжуд.
Аввалига бу ғалати туюлса-да, онгсиз тарзда телефон титкилайверишни чеклайдиган иловалар мавжуд.
Масалан, "Freedom" иловалар ва веб-сайтларни вақтинча блокировка қилиш имконини беради, шунда сиз кўпроқ диққат жамлай оласиз. Ва "Off The Grid" телефонингизни маълум вақт давомида блокировка қилиш имконини беради.
Бёрк хонимнинг айтишича, агар кўпроқ одамлар ўз смартфонларида қанча вақт сарфлашларини кузатиб борса фойдали бўларди. "Телефонингизда ҳар куни қанча вақт сарфлаётганингизни билиш кучли огоҳлантирувчи қўнғироқ ва ўзгаришлар катализатори бўлиши мумкин."
Шунингдек, у телефонингиз ўчирилган ёки уйда қолдирилганда қисқа вақтларни ажратиб қўйишни маслаҳат беради ва уни қайта текширгунгача бўлган вақтни ошириб боринг.
Ва ниҳоят, у телефонингизга экран сақловчиси сифатида нима қилишингиз кераклигини эслатадиган расм ёки сўзни танлашни тавсия қилади.
"Кўпчилигимиз телефонларимизни кунига 55 марта, баъзилари эса ҳатто 100 марта текшираётганимизни ҳисобга олсак, бу қимматли вақтимизни ўтказишнинг янада қимматли усули ҳақида ажойиб визуал эслатма бўлади", дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













