Россия Украинага бостириб кирадими: Женевада шошилинч музокаралар бошланмоқда Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ Давлат котиби Россия Ташқи ишлар вазири билан Украина масаласини тезда гаплашиб олмоқчи. Ғарб ҳозир Россия Украинага қўққисдан бостириб киради, деган тўхтамга келган. Британия Россияни жиловлаш учун ўз ҳарбийларини ҳам юбориши мумкин. Бу ҳақда британ нашрлари ёзишмоқда.

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Устма-уст огоҳлик

АҚШ сўнгги икки кун ичида Путинни устма-уст жиддий огоҳлантирган.

Агар Украинага бостириб кирса, шу пайтгача кўрмаган санкцияларига дучор қилишини айтган.

"Бунинг оқибатлари оғир бўлиши билан" қўрқитган.

Ҳарбийлари Украина чегарасини кесиб ўтишса, бўлди, буни тажовуз, деб ҳисоблашлари билан огоҳлантирган.

Россия бутун Европага хавф солаяптими?

Россия ўзининг Украинага бостириб кириш нияти ва режаси йўқлигини айтади.

Аммо, ойларки, Украина билан чегараси яқинида 100 мингга яқин ҳарбийсини ушлаб турибди.

Путин Натонинг Украинадан четроқ туришини истайди.

Натонинг Шарқий Европадаги ҳарбий фаолиятини бас қилишини ҳам хоҳлайди.

Дипломатия ёки қарама-қаршилик

АҚШ Давлат департаментидагиларнинг айтишларича, Блинкен Лавров билан Украина муаммосига тинч йўл билан ечим топишга уриниб кўради.

Германия Ташқи ишлар вазири эса, Россиянинг ҳар қандай босқинига қарши зудлик билан чора кўришларини айтган.

"Ўзларига ҳам иқтисодий зиёни бўлган" чораларни кўришгача боришларини ваъда қилган.

Беларусга қўшин киритган Россия "исталган вақт" Украинага ҳужум қилиши айтилди

Британия Ташқи ишлар вазири ҳам жим турмаётир.

Лиз Трасс Путинни, "катта стратегик хато"га йўл қўймаслик ва Украинадан узроқроқ туришга ундаган.

Акс ҳолда бу йирик инсоний талафотларга етаклаши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

У Россия "даҳшатли ботқоқ"қа ботиб қолиш билан таваккал қилаётганини айтган.

Бу мамлакат раҳбарияти "тарихдан сабоқ чиқармаган"лигини таъкидлаган.

Жума куни Сиднейда сўзларкан, Британия Ташқи ишлар вазири Ғарбнинг қудратларини "фаоллашиш"га чақирган.

У, "автократик давлатлар Совуқ уруш давридан буён кузатилмаган бир даражада дадиллашишаётгани" билан огоҳлантирган.

Times нинг ёзишича, Британия Россияни жиловлаш учун Украинага қўшни Натога аъзо давлатларга юзлаб ҳарбийсини юбориш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Британия Украинага аллақачон қурол-яроғ юборишни бошлаган.

Шу ҳафта бошида эса, машғулотлар ва мудофааланишга мўлжалланган қуроллар учун қўшимча ҳарбий ташлашини ҳам айтган.

Босқин?...

Шу ҳафта чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага барибир "кириши"ни башорат қилган.

Аммо АҚШ ва иттифоқчиларининг жавоби Россия тажовузининг катта-кичиклигига қараб бўлиши мазмунидаги сўзлари расмий Киевнинг кескин эътирозига сабаб бўлган.

Украина президенти, "инсоний талафотлар ва яқинларини йўқотган одамларнинг қайғуси каби тажовузнинг ҳам катта кичиги бўлмаслиги"ни ёзиб, твит қилган.

Америкалик айрим сиёсатчилар Байденни Россияга қарши олдиндан эҳтиёт чорасини кўришга ундашмоқда.

Нато ҳозир Эстония, Литва, Латвия ва Польшада юзлаб ҳарбийси, қурол-яроғи ва ракетадан ҳимоя тизимларига эга.

Иттифоқ Бош котиби яқинда у ердаги ҳарбийлари сонини ошириш масаласини кўриб чиқаётганликларини билдирган.

Йенс Столтенбергнинг ўйлашича, бу каби бир қадам Россияга қатъий ишора - кучли сигнал бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek