Россия-Украина: Байден Путинни қўрқитди, Зеленский ваҳимага тушмасликка чақирди video Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 2 дақ

АҚШ президенти Путинга яна пўписа қилди. Байден бу гал оҳангини янада кучайтирди. Украина атрофидаги вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди. Акс ҳолда шу пайтгача кўрмаган санкцияларга дуч келишини айтди. Россия президенти ҳозирча жим.

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

АҚШ президентининг тахмини ва назари

Жо Байденнинг фикрича, Россия томони кейинги хатти-ҳаракатлари борасида ҳалича бир тўхтамга келмаган.

Унга кўра, Владимир Путиннинг қаршисида ҳозир иккита танлов турибди: дипломатия ёки қарама-қаршилик.

"Менимча, у ҳаракатга тушади. Чунки нимадир қилиши керак", - деб айтган АҚШ президенти ўзининг бир йиллик фаолияти якунларига бағишланган расмий матбуот анжумани чоғида.

Байден Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги саволга жавобан бу масалага ҳам тўхталиб ўтган.

АҚШ президенти, шу билан бирга, Россия Ғарб билан ростмана урушга киришни хоҳлаймади, деган фикрда эканлигини ҳам айтган.

Унга кўра, эҳтимолий босқин Россия учун ҳалокатга айланади.

"Агар (Украинага - таҳр.) бостириб киришса, бунга жавоб беришади. Банклари ортиқ долларда иш юрита олмайди", - дея баён қилган АҚШ президенти.

Жой Байден ўзлари кўзда тутаётган янги санкциялар ҳақида гапираркан, бу каби тафсилотларни очиқлаган.

Кечроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки бу масалага янада аниқлик киритган.

АҚШ Россия ҳарбийлари Украинанинг давлат чегарасини кесиб ўтишса, бўлди, уни босқин, деб ҳисоблашини айтган.

Халққа мурожаат

Кеча, кун охирида Владимир Зеленский Россиянинг эҳтимолий босқини юзасидан Украина халқига мурожаат билан чиққан.

Украина президенти уларга бундай хавфга илк бор тўқнаш келишаётгани йўқлигини айтган.

Мамлакати аҳолисини ваҳимага тушмаслик ва ич-этларини еб ётмасликка чақирган.

Зеленский ҳозир Украинада вазият назорат остида эканлигини баён қилган.

Украинанинг уришиш нияти йўқлиги, аммо бунга доимо шай туришлари лозимлигини айтган.

Воқеаларнинг бошқа бир ривожи

Германия Ташқи ишлар вазири эса, Киев ва Москвага сафарини якунлаган.

Анналена Бербок энди Берлинда Франция, Британия Ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби билан учрашмоқчи.

Энтони Блинкен Германия канцлери билан ҳам кўришишни режалаган.

У ҳам бундан аввал Киевда бўлиб қайтган, Зеленский билан юзма-юз кўришган, Украинани яна бир бор расман ва ошкора дастаклаган.

Россия Украина билан чегараси яқинида, ойларки, 100 мингга яқин аскарини ушлаб турибди.

Расмий Кремль шу пайтгача Украинага бостириб кириш ниятида эканини изчил равишда рад этиб келади.

Натонинг Украина ҳисобидан ҳам шарққа қараб янада кенгайиши ва дунёдаги энг йирик бу ҳарбий иттифоқ қурол-яроғларининг ўз чегараларига янада яқинлашишини истамаслигини айтади.

Ғарб эса, сўнгги кунларда Россия Украинага "қўққисдан бостириб киради", деган фикрга келган.

Бу хусусда ўз хавотирларини расман ва очиқча баён қилган.

Россия ҳамда АҚШ дунёнинг энг йирик ҳарбий ва ядровий қудратларидан бири бўлишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek