Мустақил Лондон трибунали: Хитой Уйғурларга қарши геноцид содир этган Uyg‘ur musulmon

    • Author, Жоэл Гунтер
    • Role, BBC News

Лондондаги норасмий трибунал Хитой Уйғурлар туғилишининг атайин олдини олаяпти деган қарор чиқарди.

Уйғур Трибунали деб номланган норасмий маҳкама 9 декабрь куни якунланди, трибунал хулосасига кўра, Хитой ҳукумати Уйғурларга қарши туғилишни назорат қилиш ва стерилизация чораларини кўраяпти.

Трибуналга раислик қилган таниқли Британиялик адвокат Жеффри Найс айтишича, ҳайъат шундай хулосага келган: Хитой Уйғур ва бошқа этник озчиликлар аҳолиси сонини узоқ муддатга камайтириш мақсадида атайин, систематик ва келишилган сиёсат олиб борган.

Трибунал ҳайъати ишонишича, Шинжон Уйғуристондаги мусулмон озчиликлари ҳуқуқлари поймол этилишига Хитойнинг энг олиймақом раҳбарлари, хусусан, Президент Си Цзиньпин "тўғридан-тўғри масъул"лар.

Лондон трибунали ҳайъати ҳуқуқшунослар ва академик олимлардан иборат бўлган.

Ушбу ҳайъат келган хулосалар ҳуқуқий кучга эга эмас ва Британия ҳукуматига масъулият юкламайди.

Бироқ ташкилотчиларнинг айтишларича, ўзларининг мақсади Хитойга қарши илгари сурилаётган даъволарнинг исбот-далилларини топиш ва геноцид деган масала юзасидан мустақил хулосага эга бўлиш бўлган.

Хитой ҳукумати Шинжондаги инсон ҳуқуқлари топталишига оид барча айбловларни рад этиб келади.

Лондон трибунали қарорига муносабат билдираркан, Хитой ҳукумати сўзчиси Би-би-сига шундай деди: Бу сохта трибунал ва жамоатчиликни алдаш ва чалғитиш учун бир неча аксилхитой унсурлар сиёсий воситаларни ишга солишди".

Трибунал қарорини эълон қилар экан, Сэр Жефри Найс, "Шинжонда оммавий қирғин далиллари топилмади, бироқ туғилишларни камайтириш амаллари геноцид ниятни англатади", деди.

Ҳайъат, шунингдек, инсониятга қарши жиноят, қийноқлар ва Уйғур халқига қарши жинсий зўравонлик далилларини топган.

Трибунал қароридан кейин Би-би-сига гапирган Хитойга қарши парламентлараро иттифоқ деб номланган ташкилот раисдоши Сэр Иан Данкан Смит, "энди Британия ҳукуматининг Хитойни геноцидда айблаш фурсати", деб айтди.

Хитой ҳукумати анчадан буён Шинжон Уйғуристонида Уйғур ва бошқа мусулмон халқларга нисбатан инсониятга қарши жиноят ва геноцидда айблаб келинади.

Экспертларга кўра, камида бир миллифон Уйғур ва бошқа мусулмонлар Шинжонда судсиз лагерларда сақланди ёки қамоқларга ташланган.

Хорижга чиққан Шинжон яшовчилари қийноқлар, мажбурий стерилизация ва жинсий зўрлашлар рўй бергани ҳақида айтиб беришган.

Уйғур Трибуналида шу йил июнь ва сентябрь ойидаги тингловлар давомида 70 дан зиёд инсон гувоҳлик бердилар.

Гувоҳлар орасида Уйғур тилшуноси Абдували Айюб ҳам бор эди, у ўзининг оиласига бўлган таҳдидлар ва Хитой ҳукумати аксар Уйғурларни кўпинча айблайдиган терроризмга гижгижлаш айблови билан ўзини сиртдан бир йилу уч ойлик қамоққа ҳукм этилгани ҳақида сўзлаб берган.

"Менга Хитой ҳукумати ҳукм чиқарди. Энди менинг умидим шуки, кимдир уларга ҳукм чиқарсин. Кўп Уйғурлар фақат Уйғур бўлганлари учунгина қамалди. Мана энди золимларни ҳукм қиладиган вақт етди", деб айтган Абдували Айюб Би-би-сига.

Хитой ҳукуматига қарши айбловлар халқаро ҳамжамиятни иккига бўлиб қўйди. АҚШ ҳукумати Хитой ҳукуматини Уйғурларга қарши геноцид содир этишда айблади. Буюк Британия, Канада, Нидерландия ва Литва парламентлари ушбу баёнот билан резолюциялар қабул қилдилар.

Бироқ Британия ҳукумати Хитой ҳукуматини геноцидда айблашдан бош тортди. Бош вазир Борис Жонсон, "геноцид ҳуқуқий кучга эга тушунча ва уни фақат жиноят суди кучга киритолади", деб тушунтириш берди.

Геноцид иши Хитой ҳукуматининг Уйғурлар маданиятини йўқ қилиш, аҳолини бошқа жойга кўчириш ва туғишни назорат қилиш билан аҳоли сонини камайтиришга қаратилган сиёсат ҳақидаги ҳисоботларга асосланди.

Шу йил апрелида халқаро Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ўзининг ҳисоботини эълон қилди, бу ҳисоботда Хитой ҳукуматини инсониятга қарши жиноятда айблади, аммо давлатнинг амалларини геноцид деб таърифламади.

Халқаро Амнистия ташкилоти ҳам ўз ҳисоботида шундай хулоса чиқарди.

Жаҳон Уйғурлари Конгресси президенти Тўлқин Иса Лондон трибунали қарорини "Уйғур халқи учун тарихий кун" деб атади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek