Facebook энди Meta бўлди, нима ўзгарди? O’zbekiston dunyo yangiliklar

Марк Цукерберг

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Марк Цукерберг энди Meta нинг бош директори бўлади

Facebook ижтимоий тармоқ гиганти бўлади. Ўзбекистонда ҳам фойдаланувчилари оз эмас. Компания узоқ йиллик номини ўзгартирди. Ортиқ Facebook эмас, Meta бўлишга қарор қилди.

Агар Facebook да шахсий ёки расмий акаунтингиз бўлса, энди нима бўлади, деган савол сизни ҳам қизиқтираётган бўлиши табиий.

Гап шундаки, сўнгги янгилик фақат ширкат номининг ўзгаришини англатади.

Асосий ижтимоий тармоғининг номи эса, Facebook бўлиб, ҳеч бир ўзгаришсиз қолаверади.

Йиллик анжуман

Сурат манбаси, META

Ширкат номини ўзгартириш қарори Facebook дастурчиларининг йиллик анжуманида эълон қилинган.

Расмий талқинда янги номи компаниянинг ҳозирги фаолиятига кўпроқ мос келиши айтилган.

Раҳбари Марка Цукербергнинг билдиришича, компаниянинг номи кеча, 28 октябрь куни расман Facebook дан Meta га ўзгарган.

Ширкат яқинда ўзининг "метакоинот" яратиш режасини очиқлаган.

Шунда Facebook биргина ижтимоий тармоқ билан чекланмай, энди виртуал оламни ҳам эгаллаш истагида экани маълум бўлган.

Бу оламда одамлар махсус қулоқчинлар ёрдамида виртуал оламда ишлаш, ўйнаш ва мулоқот қила олишлари мумкинлиги айтилади.

Ребрендингга оид қарор Facebook ка оид қатор салбий чиқишлар ортидан бўй кўрсатган.

Хабарларга ширкат собиқ ходимаси Фрэнсис Хауген четга сиздирган ички ҳужжатлар сабаб ва асос бўлган.

У Facebook ни доимо фойдани фойдаланувчилари хавфсизлигидан устун қўйиб келганликда айблаган.

Ижтимоий тармоқлар сурати

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Instagram ва Whatsapp нинг ҳам номи ўзгармайди

Instagram ва Whatsapp ҳам Facebook ники, ҳар иккиси ҳам худди шу ширкатга қарайди.

Аммо, маълум бўлишича, уларнинг ҳам номи ўзгармайди. Ҳозиргидек туришида қолади.

2015 йилда Google ҳам худди шундай ўзгаришга қўл урган.

Ўзининг бош компанияси номини Alphabet, деб ўзгартирган.

Аммо маҳсулотлари номи аввалгисича қолган, янги номи ҳам истеъмолда у қадар кенг оммалашмаган.

Кўпчиликнинг тилида ҳануз Google лигича қолган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek