Президент Болсонаруни инсониятга қарши жиноятда айблаб, судга тортиш керак - ҳисобот

Сурат манбаси, Reuters
Бразилияда катта можаро. Президент Жаир Болсонарунинг мамлакатдаги Ковид-19 пандемиясини жиловлаш борасидаги сиёсати устидан текшириш ўтказилди ва президентга нисбатан жиддий айбловлар илгари сурилди.
Олти ойлик текширув якуни бўйича ҳисобот тайёрланди.
Ҳисоботнинг тўлиқ матни оммага эълон қилингани йўқ, аммо матбуотга сизиб чиққан бандларида мамлакатнинг амалдаги президенти бўйнига қатор жиноий моддаларни қўйиш таклиф этилган.
Ҳисоботда Жаир Болсонару ҳукуматидаги бир неча можаролар ва коррупция ҳоллари фош бўлди.
Айтилишича, Президент Болсонару Бразалияда 600 юз мингдан зиёд инсон умрига зомин бўлган вирусни назорат остига олишнинг уддасидан чиқмаган.
Ҳисобот ҳайъати жаноб Болсонарунинг бўйнига тўққиз жиноий бандни илгари суришни истайди.
Ҳисоботнинг илк лойиҳаси матнида президентга қарши қотиллик ва тубжой аҳолига қарши геноцид айбловларини илгари суриш тавсия этилган.
Лекин 1200 саҳифадан иборат ҳисоботнинг якуний матнида бу тавсиялар олиб ташланган, айни пайтда, инсониятга қарши жиноятлар, ҳужжатларни сохталаштириш ва жиноят содир этишга ундаш айбловлари қолган.
"Айбловлар жиддий эканига қарамасдан, улар жаноб Болсонару учун нимани англатади, аён эмас" - деб ёзади Би-би-си мухбири Кэти Уотсон.
Ҳисоботнинг Сенат комиссиясида овозга қўйилиши талаб этилади, комиссия эса унга вето қўйиши ва ўзгартириши мумкин.
Бу - жорий президентга нисбатан жиноий айблов илгари сурилишига кафолат йўқ дегани.

Сурат манбаси, Reuters
Президент Болсонару мамлакат Конгресси ташкиллаштирган текширувни сиёсий мақсадларни кўзлаган, деб билади.
У карантин чораларини қўллаш, юз ниқоби тақиш ва эмлашга қарши мунтазам гапириб келади.
Шу йил мартида Бразилияда бир кеча-кундузлик рекорд даражадаги кўп ўлим ҳолати қайд этилганида Президент Болсонару одамларни "Ковиддан зорланишдан тўхташга" чақирганди.
Пандемия Президент Жаир Болсонару рейтингига анча салбий қилди, янги ҳисобот эса 2022 йилги президентлик сайловида яна номзодини илгари суришни хоҳлайдиган сиёсатчининг ҳаётини оғирлаштириши мумкин.
Бразилия Ковидга алоқадор ўлимлар кўплиги бўйича дунёдаги иккинчи мамлакат ҳисобланади, биринчи ўринда АҚШ туради.
Ҳисобот эълон қилинишидан олдин Би-би-сига гапирган унинг муаллифларидан бири Сенатор Ренан Калҳериос, ҳайъат "бризилияликларнинг қатлиомига ҳисса қўшганларни жазолашни истайди", деб айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















