Аёллар жинсий қулликка солинган, масжидлар бузилган - dunyo yangiliklar

- Author, Энн Сой
- Role, Африка бўйича бош мухбир, Мозамбик
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Мозамбик шимолида азим манго дарахтлари тагида мевалар чириб ётибди. Бу ҳудуд мевани териб олишга одам топилмайдиган овлоқ жойга айланган.
Охирги тўрт йилда Кабо Делгадодаги аксар қишлоқ ва шаҳарчаларни одамлар ташлаб кетмоқда.
Аммо ўтган ойда исломий жангарилар 1000 кишилик Руанда ҳарбий контингенти томонида сиқиб чиқарилди.
Уйлар вайрона, томлар қулаб тушган, отишма ва портлашлар асари ҳар ерда зоҳир. Деворлар ёрилган, қачонлардир одам яшаган уй ичида ўт ўсиб ётибди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мен дунёда унча номи чиқмаган исломий жангарилар ўз ортидан қолдирган вайроналикнинг биринчи марта кўриш учун борган бир гуруҳ журналистлар орасида эдим.
Маҳаллий аҳоли бу жангариларни арабчада ёшларни англатувчи сўз - "аш-Шабаб", деб атайди.
Аммо уларнинг Сомалидаги айни шу ном билан аталувчи гуруҳга алоқаси йўқ.
Уларнинг ИШИД гуруҳи билан алоқаси борлиги айтилади.
"Бу асосан мафкуравий алоқадорлик", дейди бизга Руанда ҳарбийлари сўзчиси полковник Роналд Рвиванга.
Руанда кучлари бизни вилоят бўйлаб, ўтган ҳафталарда қўлга киритилган йўллардан айлантирди.
Бир гуруҳ Палмадан шимолга, март ойида меҳмонхонага қилинган ҳужумда ўнлаб одам ўлдирилган, айрим қурбонлар қўли орқасига боғланган ҳолда боши олинган кўйи ётган жойга қараб йўл олди.
Ҳужум француз энергия гиганти "Total"ни табиий газ заводларини ёпишга мажбур қилган эди.
Иккинчи гуруҳ эса вилоятнинг жануби ғарбидан чиқиб, Руанда дивизияси Мосимбоада Прайя порт шаҳри томон юрган йўлдан кетди. 8 мартда Мозамбик денгиз кучлари ушбу шаҳарни денгиздан узиб қўйган эди.
Жангарилар жанубга, Куиримбас Миллий парки ўрмонлари томон ўз асирлари ва ярадорлари билан чекинар экан, ҳарбийлар пистирмалар ва тўсатдан ҳужумларга дуч келарди, дейди полковник Рвиванга.
Ҳужумда 100 нафарча исёнчи ўлдирилган, Руанда эса тўрт аскарини йўқотди, дейди у.
Исломчиларнинг ҳарбий ва маънавий маркази бўлмиш Мбауда уйлар аллақачон ташлаб кетилган экан.
Аскарлар айтишича, у ердан бункерлар топилган.
"Масжидларни бузишди"
Фақат бир манзил - Квитундада шовқин солиб тўп тепаётган болалар ва ғўла устида ўтирганча, уларни томоша қилиб ўтирган 80 ёшлар чамасидаги чолни кўрдик.

Сурат манбаси, Reuters
"Бу исёнчилар нимани истаганини билмаймиз, - дейди у менга. - Улар масжидларимизни бузишди, черковларга ҳужум қилишди."
У жангарилар кетганидан кейин бу ерга кўчган экан.
У порт шаҳар Мосимбоада Прайядаги уйига қайтишни истайди, аммо шаҳар вайрон бўлиб ётибди. Йилларча давом этган жанглардан зарар кўрмаган бирорта бинони кўрмадим.
Шаҳарнинг парвоз йўлида Руанда аскарлари бизга жангарилардан тортиб олинган қуролларни кўрсатди.

Сурат манбаси, Reuters
Асосан AK-47лар, айримларига исмлар ёзилган. Эҳтимол унга эгалик қилган жангчи исми.
Реактив гранатометлар ва зенит қурилмалари ҳам бор эди.
Бу ерда уруш асири ҳам бўлган - 18 ёшли собиқ балиқчи йигит. Унинг айтишича, уни асир олишган ва ўзларига мажбуран хизмат қилдиришган.
Жинсий қулларга таҳдид қилганлар
Тутқунликдан халос қилинган айрим аёллар анча очиқ сўзлади.
Биз уларни кўпчилик қочиб борган Пембада учратдик.
Олти боланинг онаси айтишича, уни фермасидан уч кичик боласи билан бирга олиб кетишган.

Уларни бир ҳафтача қисқа танаффуслар билан пиёда юришга мажбур қилинган.
"Улар болаларни, агар чарчаганини айтса, урар эди", дейди аёл.
Жангарилар уни жинсий қул сифатида бир йилдан ортиқ тутқун қилишган.
Биз билан гаплашар экан, у тутқунликда ҳомиладор бўлиб, дунёга келтирган боласини эмизар эди.
"Етарли таом ва бошқа таъминот йўқ эди", дейди у менга.
Осмонда вертолётлар пайдо бўлиб, уларга қоровуллик қилиб ўтирган жангарилар қочиб кетгач, у ва бошқалар қочишга муваффақ бўлган.
24 ёшли бошқа бир аёл менга жангарилар қочишга уринган икки аёлни ўлдирганини кўргани ҳақида айтиб берди.
Жангарилар улар орасига қўрқув ва ишончсизлик солган. Айрим асиралар бир-бирининг гапини пойлаган, кимдир қочмоқчи бўлса, чақиб берган.
Жангарилар тунда фаол бўлган ва кундузи уларни ухлашга мажбур қилганини айтади у.
Улар ўзлари назорат қиладиган қишлоқларга аёлларни ҳосил йиғимига - асосан кассава теримига олиб боришган. Аммо бу ҳосиллар жангарилар ва уларнинг асирларини боқишга аранг етган.
"Илтимос, уларнинг қўлида қолаётганларни қутқаринг", деб ёлворади у.
У ўз уйига, эри ва болалари олдига қайтишни истайди, аммо улар бунга қандай қарашини билмайди. Унинг ҳаёти аввалгидек бўлмайди.
Мозамбик армияси яқиндагина жангарилар эгаллаб турган ерларда турибди.
Аммо Руанда армияси уларга солиштирганда қанчалик яхши қуролланган ва мувофиқлаштирилганини пайқамаслик мумкин эмас.
Пембада ташриф буюрган Руанда президенти Пол Кагамедан бу ҳарбий амалиётлар қанчага тушгани ҳақида сўрадим. Бизга айтишларича, маблағ унинг ҳукумати томонидан берилган экан.
"Қимматга тушиши турган гап, - деб жавоб берди у. - Шунинг учун бизга кўпроқ ёрдам керак."

Сурат манбаси, AFP
Уни Руандада мухолифларга қилаётган муносабати учун кўпинча танқид қилишади, аммо у Мозамбикда қаҳрамонга айланган.
Ҳукумат ташкиллаштирган тадбирда, маҳаллий аҳоли байроқлар ва унинг суратларини кўтариб олган эди.
Мозамбик ҳукумати одамларни ўз уйларига қайтишга ундамоқда.
Руанда кучлари одамлар ўрнашгунча Кабо Делгадода қолади.
Жангарилар чекинган бўлиши мумкин, аммо аҳоли можаро ҳали тугамаганидан хавотирда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














