"Аш-Шабоб"дан қочса, нима бўлади? - Дунё, исломий жангарилар ва хавфсизлик

Defectors learning how to fix cars
    • Author, Мэри Ҳарпер
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати, Могадишу

"Аш-Шабоб"дан қочса, нима бўлади? - "Аш-Шабоб" ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби "ал-Қоида"нинг яқин иттифоқчиси саналган. Би-би-си шафқатсизлиги билан ном чиқарган бу жангари гуруҳ сафларидан қочган айрим жангариларни топди, суҳбатлашди. Улар нима дейди?

Мэри Ҳарпер

Би-би-си Жаҳон хизмати, Могадишу

Сомали жангари гуруҳи "аш-Шабоб" минглаб аскар ёллайди, аммо у назоратига олган ҳудудда жамоат хизматлари кўрсатиш учун ҳам одамлар керак. Қочишга уринганлар қўлга тушса, ўлдирилади. Айни пайтда, ҳукумат қочқинларни қўллаб қувватлайди ва уларни жамиятга қўшилиб кетиши учун ёрдам берадиган реабилитация марказларини ташкил қилган.

Қоронғи хонада улардан учтаси қаршимда ўтирибди.

Иброҳим чап томонда ўтирибди. Унинг нигоҳида ўзига ишонч сезилади, йўл йўл футболкаси ёқасига қуёш кўзойнагини илиб олган, билагида катта қўлсоат, кепкаси соябони тагидан қора кўзлари ёниб турибди. Айтиши бўйича ёши 35да.

Мавлид ўртада ўтирибди. У ориқ, оёғига сариқ куйлагига мос қилиб сариқ шиппак кийиб олган. Унинг ёши 28да.

Ўнг томонда Аҳмад. Бошига куфийя шарфи ўраб олган. Эгнида мовий ранг кўйлак, унинг тагидан мовий ранг футболка кийган. Унинг ёши 40да.

Улар нолиб гапиришяпти.

Уларга Могадишу аэропорти панчаралари ташқарисидаги бу хавфсиз жойда таклиф қилинган нонушта ёқмаяпти.

"Бу бизнинг доимги таомимиз пирог ёки ловияга ўхшамайди. Бутилкадаги сув ҳам ёқмайди. Биз оддий ҳаёт ва оддий сувни истаймиз", дейди Аҳмад. Афсуски, аэропортда халқаро таъбларга мослаб таом тайёрланади, Сомали таомлари эмас, пицца, стейк, пиво...

school bus with tank

Учовига исмларини айтмаслигимни, суратга олмаслигимни, уларга ташвиш келтирадиган ёки гапирганда ўзини ноқулай ҳис қилдирадиган мавзуларда бемалол гапиришлари мумкинлигини айтдим.

Иброҳим гапимни бўлди.

"Биз гапиришга қўрқмаймиз. Нимани истасангиз сўранг. Бизни суратга олишингиз, ҳақиқий исмимизни айтишингиз мумкин."

Шундай бўлса ҳам, уларнинг ҳаётини хавфга қўймаслик учун уларни суратга олмасликка, ҳақиқий исмларини айтмасликка қарор қилдим.

Чунки улар зўравон исломчи гуруҳ "аш-Шабоб"дан қочган. Бу гуруҳ 10 йилдан ошдики ҳамон мавжуд ва Сомалининг каттагина қисмини назоратига олиб, қаттиқ қоидалар ва жазолар жорий қилган. Бу гуруҳ ўз суд тизими, полицияси ва вазирлари билан параллел маъмуриятни вужудга келтирган. У мактаблар, соғлиқни сақлаш марказларини бошқаради, ерларни суғориш, йўл ва кўприкларни таъмирлаш ҳам унинг қўлида, бу ишлар учун эса одамлар керак.

insurgents

Қочқинлик учун ўлим жазоси белгиланган. "Аш-Шабоб"нинг менга айтишича, нафақат жангчилар, балки гуруҳнинг рухсатисиз кетган ҳар бир одамга бу жазо қўлланади.

"Аш-Шабоб"га қўшилишимнинг ягона сабаби пул эди", дейди Аҳмад. У шерикларидан анча дадил эди. "Улар менга ойига $200-$300 доллар тўлашди. Мен уларнинг менинг ҳудудимдаги транспорт бўйича масъули эдим."

Иброҳим ўнг қўли бармоқларини бир бирига ишқаб, пулга ишора қилди.

"Мен ҳам пул учун қўшилганман. Мен "аш-Шабоб"га уч йил аскарлик қилдим. У ерда бўлсангиз, сизга ёқади."

"Менга бу гуруҳда ёқмаган нарса, улар менинг онгимни ўзгартиришга уринишарди. Улар ҳар икки ҳафтада бир ташвиқот гуруҳини бизнинг батальонимизга юборарди. Улар соатлаб биз билан ўтириб, Қуръондан оятлар айтарди, ҳукумат, Африка иттифоқи ва унинг халқаро дастакловчилари кофирлар ва муртадлар деб такрор ва такрор айтарди."

"Гўёки улар "аш-Шабоб" сим картасини онгимизга жойлаётгандек эди."

putting sim card in brain

Бу уч одам айтишича, гарчи тарғибот уларнинг онгларини қуршаб олган бўлса-да, гуруҳ соф, яхшироқ ислом учун эмас, балки бузилган адашган ислом учун курашаётганини англаб етадилар. Жангариларнинг уларга пул бериб туриши энди етарли бўлмай қолади.

Аммо қочиш қарори жуда даҳшатли бўлган, дейди улар.

Аввал қочишган, сўнг "аш-Шабоб" ҳудудидан чиқиб кетиш учун узоқ ёлғиз юришган.

"Аввалига тунда юрдим, оёқларим тикандан кесилиб кетди. Хайриятки, телефоним бор эди. Оилам билан боғландим. Улар ишонсам бўладиган одам топиб беришди. У мени хавфсиз жойга олиб борди. Бунга кунлар кетди, ҳар қадам ташлаганимда қўрқувдан тамом бўлдим. Улар мени тўхтатиши, ортга - ўлимга олиб боришлари, одамлар олдида қатл қилишлари мумкин эди. "Аш- Шабоб" қочқинларни шундай қилади."

walking on thorns

Аммо нариги томонда бошларига нима тушишидан қўрқув ҳам бор. Етакчи жангарилар ёлланганларга Сомали ҳукумати хавфсизлик кучлари бу ердан қочиб борганларга электрошок билан азоб бериши ҳақида гапиради.

Кўпчилик ҳукумат амнистияси борлиги, қайтганларни "қайта ўқитиб", жамиятга қўшилишларига ёрдам берадиган реабилитация марказлари борлигини билмайди.

"Аш-Шабоб" назоратидаги ҳудудга қочқинлар бўйича дастурлар ҳақидаги маълумотларни тарқатишга уринишмоқда. Турли рангдаги варақаларни, ўқишни билмайдиганларга расмлари билан чиқарилиб, қутқарилган "аш-Шабоб" аъзоларининг суратлари ва ёрдам керак бўлса, қўнғироқ рақамлари билан тарқатишмоқда. Бу тадбирлар қочқинлар сонини оширган, шу йил бошида икки ойда 60 дан ортиқ одам қочиб келган.

leaflet

"Аш-Шабоб"да 3 йил бўлган Иброҳимга қочишга қарор қилиши учун икки ой керак бўлди. У ҳеч қачон қишлоғига қайтмаслиги, Могадишуда қолиб, шаҳар ҳаётига кўникишини айтади. Акс ҳолда, "аш-Шабоб" уни топиб, қатл қилади.

Уларнинг учаласи ҳам пойтахт Могадишудаги Серенди реабилитация марказига келган. Мен борганимда уларнинг ҳаётига хавф шунчалик катта эканки, 84 нафар қочқинни 80 одам қўриқлаяпти.

Бу марказ "аш-Шабоб"нинг етакчи аъзоларини қабул қилмайди. Гуруҳнинг хавфлироқ раҳбарлари учун алоҳида қочқинлик дастурлари бор. Серенди мавқеи паст бўлган аъзолар - пиёда аскарлар, хаммоллар, механиклар кабилар учундир.

Улар қабул қилинишдан аввал Миллий жосуслик ва хавфсизик агентлиги уларни ҳақиқатда ўз ихтиёри билан қочгани, гуруҳнинг мафкурасидан воз кечганини текширади.

Аммо Могадишудаги бир журналистнинг айтишича, "аш-Шабоб"нинг айрим фаол аъзолари бу текширувлардан ўтиб, ичкарига кириб, у ердан гуруҳга хабар бериб турган.

Серендини ташкил қилишдан мақсад қочқинларни жисмоний, руҳий томондан реабилитация қилишдир, уларга жамият ҳаётига, ўз жамоаларига сингиб кетиши учун амалий кўникмалар берилади.

Short presentational grey line

"Мен "аш-Шабоб"далигимда биз "Volvo" деб атайдиган қуролланган пикап минардим. Ҳеч нарсадан қўрқмасдим" дейди Мавлид.

"Серендига келганимда, бу ердаги кузатувчилар менинг машина ҳайдашимни билиб қолишди. Сўнг лагерда ҳайдовчилик инструктори бўлдим, бошқа қочқинларга машина бошқаришни ўргатдим. Ҳозир мактаб автобусини ҳайдаяпман. Бир кун келиб ўзимнинг транспорт бизнесимни очиш ниятим бор."

Аҳмад ҳозир ер олиб сотиб, тирикчилик қилади.

Иброҳим Серендида сартарошликни ўргангани, ўз қобилиятини намойиш қилиб, лагерда бошқа қочқинлар ва қўриқчиларнинг сочини олганини айтиб берди.

Унинг Могадишуда ҳозир ўз сартарошхонаси бор. Уч кишини ишлатади. "Ҳозир иккита хотиним ва саккиз фарзандимни боқишга етадиган даромадим бор", дейди у оиласини ўзи билан яшаш учун шаҳарга олиб келганини қўшимча қилар экан.

barber shop

Аммо "аш-Шабоб"дан кейинги ҳаёт кўпинча осон кечмайди.

Мавлиднинг айтишича, унинг баъзи яқинлари ундан воз кечган, бошқалари эса унга ишонмайди. Иброҳим уни тутиб, ўлдиришлари хавфи ариганда ҳам ўз жамоасига қайта олмаслигини айтади. Гарчи унинг оиласи кечирган бўлса ҳам, қўшнилари кечирмаган.

Унинг айтишича, унинг юраги қаъридаги "аш-Шабоб"даги давридан қолган яралар ҳамон битмаган - улардан қутула олмаяпти.

"Мен "аш-Шабоб"нинг сим картасини онгимдан суғуриб ташлашга уриняпман. Ўзим амалга оширган ёмон ишлар, менга нисбатан қилинган ёмон ишлар кўз одимдан кетмайди", дейди у.

Short presentational grey line

Серендида синфхоналарга жамланган қочқинлар бошланғич саводхонлик, инглиз тили, математика ва бошқа предметларни ўқийди. Бошқалари механиклик, пайвандчилик, компьютер, машина бошқариш ва бошқа ҳунарларни ўрганади.

Defectors learn how to fix cars

Катта хонада шогирд тикувчилар турфа ранг либосларни тикади. Уларнинг ишлари девор бўйлаб қўйилган манекенлар устига кийгазиб қўйилган. "Аш-Шабоб" ҳудудида аёллар оғир халат ва ҳижобда, асосан қора ёки бирор тўқ рангда кийинади.

Коронавирус пандемияси бошлангач, тикувчилар Серендидан ташқарида тарқатиш учун ниқоблар ҳам тика бошлади.

Dresses sewn by former militants training as tailors hang on a wall

Бир неча ёш йигит ётоқхонасида дам оляпти, хонага икки қаватли кроватлар тартиб билан жойлаштирилган. Ҳар бир кроватнинг этак томонида йигитларнинг шахсий буюмлари турадиган қулфланадиган тумбалар жойланган.

Нариги хонадан мусиқанинг баланд овози эшитилади. Икки қочқин куйлаб рақс тушяпти. Жангарилар Қуръон ўқишдан бошқа бирор нарсани хиргойи қилишни бутунлай тақиқлаган. Бу йигитлар "аш-Шабоб"нинг пропаганда видеоларида кўринадиган шаклда ҳарбийча қадам ташлаб ҳам қўяди. Гўёки улар ўтмишларини итқитиб ташлай олмаётгандек, "аш-Шабоб" назоратида бўлгандек даструрлашиб қолганга ўхшайди.

Серендига футбол тренери келди. У қочқинлар, лагердаги хизматчилар ва қўриқчиларни йиғиб, майдонда футбол ташкиллаштиради.

Шайхлар ҳам келиб, қочқинларни дерадикализация қилиш, ёшларга "аш-Шабоб" мияларига сингдиргандан ҳам бошқа ислом борлигини уқтиришга уринади.

Reading the Koran

Марказ ходимларидан бири қочқинларга ҳукумат ҳақида ижобийроқ ўйлаши учун сиёсий таълим ҳам берилишини айтади.

Дам олиш кунлари уларга жавоб берилади. Кимдир ўқийди, кимдир марказдан ташқарига чиқиб, ишлаб келади. Сўнг кечга томон Серендига қайтишади.

Бу ерда икки кишилик клиника ҳам бўлиб, шифокорлар қочқинларни тиф, малария, гепатит ва гижжадан даволайди. Уларнинг айтишича, янги келувчилар орасида энг кенг тарқалган касаллик сифилисдир. Айримлар клиникага бадани ўта сувсизланган, ўқдан баданлари яра чақа, айримларининг танасида ўқ қолиб кетган аҳволда келади.

Аммо Серенди доим ҳам бугунгидек ижобий, нормал ишлайдиган жой бўлмаган. У 2012 йилда ташкил қилинган ва изга тушиши анча қийин бўлган. Баъзида аҳвол шу қадар ёмон бўлганки, айрим келганлар ўз шерикларини "аш-Шабоб"дан кетмасликка ундар эди. (Жангарилар ҳафтанинг айрим кунларида ўз аъзоларидан телефонни олиб қўйса ҳам, бошқа пайт рухсат берар эди.)

Ҳозир Серенди яхши ишлаяпти, реабилитация марказлари қочқинларнинг аёллари учун ҳам ташкил қилинган. Улар эрлари "аш-Шабоб"га ёлланганда кўпинча бирга ёнида бўлади. Шунингдек, гуруҳ таркибида фаол бўлган аёллар ҳам қабул қилинади.

Short presentational grey line

Мен пўримгина кийинган, юмшоқ муомалали йигит - Башир билан учрашдим. У икки йил Серендида бўлган. Шундай юмшоқ феълли йигит қандай қилиб, сўзида ва ишида зўравонликни қўллайдиган гуруҳнинг аъзоси бўлганини тасаввур қилиш қийин.

"Уларга қўшилганимда ўсмир эдим. Табиий фанлардан билимим яхши эди. "Аш-Шабоб" менга уларнинг тиббий гуруҳига ёрдам беришимни айтди. Уларга йўқ дея олмадим, менга пул керак эди. Улар ойига $70 доллар тўларди", дейди у.

Башир Серендидан кетгач олган $250 долларини университетга кириш ва кичик дорихона очишга сарфлади.

"Мен у ерда музқаймоқ ҳам сотаман. "Аш-Шабоб" бир кун мени овлагани келишидан қўрқаман", дейди у.

Бунинг чиндан ҳам эҳтимоли бор. "Аш-Шабоб" мунтазам равишда одамларга суиқасд уюштириб туради. Шаҳарликларнинг айтишича, жангарилар ҳар ерда юради. Улар одамларга "солиқ" солади, хайрия тарқатади, номигагина давлат назоратида бўлган ҳудудларда суд ҳам қилади.

Дастлабки муаммоларга қарамай, оддий қочқинлар бўйича дастур амалда ишлай бошлаган. Серенди хизматчиларининг айтишича, юзлаб одамлар дастурни тамомлаган, аммо улардан бирортаси кейин қайтиб "аш-Шабоб"га қайтган қайтмаганини билишмайди.

learning to sew

Минглаб одамлар "аш-Шабоб"да қолган, улар Сомали ва ташқарида террор билан шуғулланади. Гуруҳ Кения пойтахти Наироби марказидаги меҳмонхона ва савдо марказларига ҳужум қилиб, юзлаб одамни ўлдирган.

Иброҳим, Мавлид, Аҳмад ва Башир ўз ҳаётларини қуряпти, "аш-Шабоб"дан ўзларини озод қилган кўринади. Эндиги қийинчилик янада кўпроқ одамларни бу гуруҳдан кетишга ва Серенди каби марказларга боришга кўндиришдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek