Афғонистон: Кобулдаги масжид яқинида портлаш, қурбонлар бор - Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Портлаш Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид онасининг жаноза маросими чоғида юз берган. Ҳужумга масъулиятни ҳозирча бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Бу - хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни буткул тарк этиши ортидан амалга оширилган илк йирик портлашдир.

Толибон шу йил 15 август куни пойтахт Кобулни эгаллаган, Афғонистон назоратини яна ўз қўлига олган.

31 август куни эса, Афғонистонда бирор бир хориж аскари қолмаган, сўнггиси ҳам чиқиб кетгани хабар берилганди.

Ҳозир толиблар қўлида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари гуруҳлар энг фаол давлатларидан бири саналади.

Минтақанинг Ўзбекистонга ҳам бевосита чегарадош бешта мамлакатидан биттаси бўлади.

Портлаш

Портлаш кеча, якшанба куни пойтахт Кобулдаги Ийд Гоҳ масжиди яқинида юз берган.

Ҳужумдан мақсад ва унинг аниқ жаноза маросимига қаратилган бўлган-бўлмагани ҳозирча маълум эмас.

Портлаш бир неча инсоннинг умрига зомин бўлган, аммо қурбонларнинг аниқ сони ҳам ҳалича ошкор қилинмаган.

Толибон мулозимлари Би-би-си билан суҳбатда уларнинг сонини саккизтага нисбат беришган.

Аммо бу дастлабки маълумотлар эканини айтиб, рақамлар ўзгариши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантиришган.

Ҳодисада йигирма кишининг яралангани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, портлашдан саноқли соатлар ўтибоқ, Толибон ИШИД жангарилари бошпаналарига ҳужум қилган.

Толиблар ИШИД жангариси эканликда гумон қилинган уч кишини ўлдирганига оид хабарлар олинган.

Аммо бу хабарлар ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Яқинда шарқий Жалолобод шаҳри ҳам қатор портлашларга саҳна бўлган.

Бу портлашларга масъулиятни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққанди.

Толибоннинг муваққат Ички ишлар вазирлиги воизи Би-би-сига портлашга алоқадорлик гумони билан уч кишининг ҳибсга олинганини маълум қилган.

Аммо уларга оид маълумотларни ҳалича расман очиқламаган.

"Ашаддий" рақиблар

ИШИД Толибоннинг Афғонистондаги ашаддий рақиби бўлади.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг минтақадаги Хуросон қаноти асосан Афғонистон ва Покистонда фаол.

Тармоққа ИШИД Ироқ ва Сурияда қудратининг чўққисида бўлган, исломий халифатини барпо этишга муваффақ бўлган 2015 йилда асос солинган.

Сўнгги йилларда Афғонистонинг қатор вилоятлари бу икки жангари гуруҳ ўртасидаги аёвсиз жангларга саҳна бўлиб келган.

Толиблар қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай Кобул халқаро аэропорти яқинида уюштирилган қонли ҳужумга масъулиятни ҳам айнан ИШИД ўз зиммасига олиб чиққан.

Ҳали Афғонистонда хорижий иттифоқ қўшинлари ҳозир бўлган пайтда амалга оширилган мазкур ҳужум 200 га яқин кишининг умрига зомин бўлганди.

ИШИД Афғонистондаги барча жиҳодий гуруҳлар орасидан энг ашаддийси ва жангариси сифатида кўрилади.

Аммо гуруҳнинг Ҳаққоний тармоғи орқали Афғонистон Толибон ҳаракатига ҳам алоқаси бор.

Ҳаққоний тармоғи Толибоннинг яқин иттифоқчиси бўлади.

Бошқа томондан, ИШИДнинг Хуросон қаноти кўп масалаларда Толибон билан чиқишмай келади.

Гуруҳ толибларни "жиҳоддан юз ўгирган муртад жангарилар", деб ҳам атайди.

Халқаро экспертларга кўра, ИШИД ҳозир Толибоннинг янги ҳукумати учун жиддий бошоғриққа айланиши мумкин.

Уларнинг айтишларича, бу масала Ғарб махсус хизматларини ҳам ташвишга солиб келади.

Халқаро ҳамжамият Толибоннинг ал-Қоида ва ИШИД билан алоқаларини узишини истайди, ҳозир ҳаракат лидерларига ўз босимларини янада кучайтирган.

ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги бор тўлиғича расман байъат келтирган жангари гуруҳ ҳам бўлади.

Толибоннинг юзи

Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳозир Толибон ҳаракатининг юзига айланган вакилларидан бири бўлади.

Йилларки жамоатчиликка кўриниш бермай, журналистлар билан фақат телефон орқали мулоқот қилиб келган Толибон воизи ҳаракат қудратга қайтган сўнгги икки ойча вақт ичида ниҳоятда фаоллашган.

Толибон муваққат ҳукуматида Ахборот ва маданият вазирининг муовини этиб ҳам тайинланган.

Пойтахт Кобулда журналистлар учун бир эмас, бир неча бор матбуот анжуманлари ўтказган, Толибоннинг муваққат ҳукуматини ҳам кенг жамоатчиликка айнан у таништирган.

Ҳаракат Афғонистонни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek