Дунёнинг энг кекса эгиз бувилари Гиннес китобида - янгиликлар, дунё

Сурат манбаси, Guinness World Records
Гиннес Жаҳон Рекордлари Японияда яшаётган икки эгиз опа-сингилни дунёдаги энг кекса эгизлар деб тан олди.
Уларга бу ҳақдаги расмий тасдиқлов ҳужжати 107 йил ва 300 кун яшаган кунларида тақдим этилди.
Бундан олдинги Гиннес китобига ҳам япониялик опа-сингил эгизлар Кин Нарита ва Гин Кание киритилган эдилар.
Шу ёшларида ҳам атрофдагилар билан мулоқотни яхши кўрадиган опа-сингил Умено ва Коуме 1913 йил 5 ноябрида Япониянинг Шодошима оролида туғилганлар.
20 сентябр куни Японияда Кекса ёшни ҳурмат қилиш куни сифатида нишонланади, бу кун мамлакатда дам олиш деб эълон қилинган.
Шу куни опа-сингил бувилар дунёнинг энг кекса эгизлари деб эълон қилинган.
Хабар қилинишича, бувилар Япониянинг бошқа-бошқа жойларидаги қариялар уйида яшашади.
Ковид вазияти туфайли уларга Гиннес Рекордлар китоби сертификатларини топшириш маросимларини ўтказмасликка қарор қилинган, қариялар уйларининг ходимлари мукофотларни бувиларга топширган.
Бундан олдинги Гиннес рекорди соҳибалари бўлган эгиз бувилар Кин ва Гин 107 йилу 175 кун яшаганлар.
Кин 2000 йил январида оламдан ўтган.
Гин буви эса 108 ёшида вафот этган.
Кин ва Гин номлари япон тилида олтин ва кумуш дегани маънони англатади, улар 1892 йил 1 августида туғилган эдилар.
Улар 100 ёшга тўлганларида бутун Японияда машҳур бўлиб кетишган эди.
Умено буви ва Коуме буви яқинларининг айтишларича, иккиси ҳам ўзларининг ёши ҳақида ҳазиллашишни ёқтиришади.
Умено бувининг тўрт, Коуме бувининг уч фарзанди бор.
Инсон умри узунлиги бўйича Япония дунёда биринчи ўринда туради, мамлакатда кексаларга ҳурмат жуда юқори.
Бугунги кунда расман дунёнинг энг кекса инсони ҳам япониялик 118 яшар буви Кане Танака ҳисобланади.













