You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дайжест. Россия: сайловда овоз бериш бошланди. Мигрант журналистлар Россияга нега керак бўлаяпти? Банкда ҳам бармоқ изи? Енгиллик даври битдими? - Янгиликлар O‘zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar
- Уч кунлик овоз бериш ва 14 партия иштирокидаги сайлов;
- "Мигрантлар ичидаги журналистлар муаммоларни билади";
- Муҳожирлардан банкда ҳам бармоқ изи олиниши мумкин.
- ИИВ енгиллик даври тугаётганини эслатди.
Бир босқичли аралаш тизимда
Россияда Давлат Думасига сайловда овоз бериш жараёни бошланди. Овоз бериш бир босқичда аралаш тизим ўтказилади. 450 депутатдан ярми партиялар рўйхати бўйича, ярми - бир мандатли сайлов округлардан сайланиши керак.
Сайловда 14 та партия қатнашмоқда: Россия Федерацияси Коммунистик партияси, "Яшиллар", Либерал-демократик партияси, "Янги одамлар", "Ягона Россия", "Адолатли Россия - Ҳақиқат учун", "Яблоко", "Улғайиш", "Россия Эрк ва Адолат партияси", "Россия коммунистлари", "Фуқаролик платформаси", "Яшил муқобил", "Ватан" ва Нафақахўрлар партияси.
Айрим номзодлар, хусусан, Алексей Навальний тарафдорлари, экстремистик ташкилотларга алоқадор бўлганларнинг иштирокини тақиқловчи яқинда қабул қилинган қонунга биноан, сайловда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Парламент сайловида илк бор электрон овоз беришга рухсат этилди. Марказий Сайлов қўмитаси қарорига кўра, бу усулда фақат Москва, Мурманск, Нижегородск, Ярославль, Курск ва Ростов вилоятлари, Севастополь шаҳри аҳолиси овоз бериши мумкин.
Давлат Думасига сайловларда овоз бериш уч кун давом этади ва асосий овоз бериш куни - 19 сентябрда якунланади.
- Россия, мигрантлар: "Ҳозир уларни отиб ташлайман"
- Россия: Янги тўлқин хавфи қанчалик ёки мигрантлар русларни заҳарлаяптими?
- Ўзбекистон: Россия 10 минг ўзбек мигрантини олиб кетмоқчи ва "ўлимдан хабарим бор, лекин мандат қачон чиқишини билмайман"
- Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Марказий Осиёдаги афғон қочқинлар Путинга нега ёқмаяпти?
Мигрант журналистлар ҳамжамияти
Москвадаги чет элликларнинг муаммолари ҳақида энг яхши маълумотни ўзлари оддий муҳожирликдан Россия фуқаролигини олишгача бўлган йўлни босиб ўтган журналистлар айтишлари мумкин, дея ҳисоблайди Россия Жамоатчилик палатаси.
Москвада "Москва - ўзаро тушуниш ҳудуди" лойиҳаси доирасида мигрант журналистларнинг норасмий ҳамжамияти ташкил этилди.
Лойиҳа Москва миллий сиёсат ва минтақалараро алоқалар бошқармаси, Россия Жамоатчилик палатаси (РЖП), шунингдек, президент қошидаги миллатлараро муносабатлар кенгаши аъзолари қўлловида амалга оширилган.
- Уюшмага турли миллат вакилларидан иборат 20 журналист аъзо бўлган. Улар орасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бор, деди Россия матбуотига лойиҳа ташаббускори, РЖП аъзоси, миллатлараро журналистика гилдияси президенти Маргарита Лянге.
Лойиҳа ташкилотчилари Россия фуқаролигини олган хорижлик профессионал журналистлар билан ҳамкорлик қилиш орқали мигрантларга ишчилар ва уларнинг фарзандларига Москвада мослашишга ёрдам берадиган ташаббуслар ва тадбирлар ҳақида маълумот беришни режалаштирганини маълум қилган.
Ҳисоб рақам учун ҳам бармоқ изи
Россияда меҳнат муҳожирлари банк ҳисоб рақамини очишда ҳам бармоқ излари топширишлари мумкин.
Россия Федерацияси Давлат Думасининг молиявий бозор қўмитаси раҳбари Анатолий Аксаков мамлакатдаги чет элликлар учун банк ҳисоб рақамларини очишда биометрик маълумотларни мажбурий йиғишни жорий этиш зарурлигини билдирди.
"Бу фирибгарликка қарши курашиш учун қилиниши керак", дейди Анатолий Аксанов.
Расмийга кўра, мигрантлар фирибгарлик операцияларида фаол иштирок этишади.
"Буларнинг барчаси мамлакатимизда ишлайдиган фирибгарларнинг муҳим қисмига чек қўйиш учун чегарада қайд этилиши керак. Бундай ҳолатлар тез -тез содир бўлади: бир одам депортация қилинади, у кетиб акасининг паспортини олиб (улар бир -бирига ўхшайди) қайтиб келади ва ишлаб юради".
Хусусан, Аксаков, пулни рухсатсиз ўтказилган қабул қилувчи банк ҳисобларидаги маблағларни блокировка қилиш имкониятини бериш керак, деб ҳисоблайди.
Енгиллик даври тугаяпти
Россия Ички ишлар вазирлиги меҳнат муҳожирларига 30 сентябргача ҳужжатларини расмийлаштириш тавсиясини эслатди.
Россия Президентининг жорий йил 15 июндаги фармони билан 2020 йил 15 мартгача Россияга келган ва 2021 йил 16 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жорий йил 30 сентябрга қадар Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига мурожаат қилиб, мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилган эди.
Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги хорижий давлатлар фуқароларига коронавирус пандемияси туфайли берилган енгиллик муддати тугаётгани муносабати билан 2021 йил 30 сентябргача барча ҳужжатларни расмийлаштиришни тавсия қилди.
Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Россияда МДҲ давлатларининг 700 мингдан ортиқ ноқонуний юрган фуқаролари бор. Жорий йил апрель ойида нолегал чет элликлар сони 1 млндан ортиқ эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek