You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Масжидга қайтаётган намозхонлар, ёрдамчига эга бўлган депутатлар ва ўзбек-хитой вакцинаси тугаб қолдими? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar
- Депутатлар ўз ёрдамчиларига эга бўлиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади;
- Жума намозларига рухсат берилди;
- Ўзбек-хитой вакцинаси етишмай қолдими?
- 100 минг аҳолига қанча жиноят тўғри келмоқда?
Вакцина тугаб қолдими?
9 августдан бошлаб ижтимоий тармоқда мамлакат поликлиникаларида ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинасининг 2 ва 3-дозалари билан эмлаш ишлари вақтинча тўхтатилгани тўғрисида хабарлар тарқалган.
Бу, ўз навбатида, кибер фазо фойдаланувчиларининг вакцина захираси бўшаб қолгани ёки эмлаш ишлари нооқилона ташкил этилгани борасида фаразларни илгари суришига сабаб бўлган.
Кейинроқ расмийлар ўзбек-хитой вакцинасини олганлар рўйхатини тартибга солиш ва жараённи тўғри режалаштириб олиш мақсадида ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмлаш ишлари вақтинча тўхтатилганини маълум қилганлар.
Бунинг ортидан вакцинанинг 2 ёки 3-дозасини олиш вақти етиб келган фуқаролар энди нима қилсин ва дозалар орасидаги узилиш соғлиқ учун зиён эмасми қабилидаги саволларни туғдирган.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг таъкидлашича эса, эмлашнинг қисқа муддат кечиктирилиши организмда ҳосил бўладиган антитаначалар миқдорига таъсир кўрсатмайди.
"Илмий-тадқиқотлар ҳамда кўп сонли аҳоли ўртасидаги оммавий эмлашнинг дастлабки натижаларига кўра Хитой Халқ Республикаси дори воситаларини назорат қилиш агентлиги (СДС) томонидан вакцинанинг 1-дозаси ва 2-дозаси ўртасидаги оралиқни 2 ойгача чўзишга, иккинчи ва учинчи дозалар оралиғини эса 3 ойгача чўзишга рухсат берилган ва Хитойда бу амалиёт жорий қилинган.
Ҳозирда Хитойда мазкур ZF-UZ-VAC2001 вакцина билан 0, 2, 6 ой схемасида 140 миллион киши эмланган ва жараён давом этмоқда", дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, баёнотда, олиб борилган тадқиқотлар ушбу вакцина иккинчи ва учинчи дозалари оралиғидаги вақтнинг узайиши кўпроқ антитаналарнинг ҳосил бўлиши ва у кўпроқ муддат давомида сақланиб қолишига замин яратишини тасдиқлаётгани таъкидланади.
Вазирлик ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси захираси етарли эканига ишора қилиб, вакцина туган қолгани тўғрисидаги миш-мишлар асоссиз эканини маълум қилган.
Жума намозларига чеклов бекор қилинди
13 августдан масжидларда яна жума намозларини ўтказишга рухсат берилди.
ССВ бунда масжидларнинг барча ишчи-ходимлари коронавирусга қарши вакцинанинг камида икки дозаси билан эмланган бўлиши шартлигини маълум қилган.
Республика махсус комиссияси жума намозига эмланганлиги тўғрисида QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган намозхонларни киритиш тўғрисидаги таклифларни маъқуллаган.
Расмий хабарда жума намозига келганлар тиббий ниқобда бўлиши ва ижтимоий масофа сақлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Мамлакатда жума намозлари июль ойи ўрталарида вақтинча тўхтатиб қўйилган эди.
Жамоатчилик танқидлари ортидан 8 август куни Республика махсус комиссияси умумий овқатланиш объектлари фаолиятига доир чекловларни юмшатган эди.
Энди депутатларда ёрдамчилар бўлади
10 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутат ёрдамчиси лавозимини жорий этиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилган.
Расмий хабарда маълум қилинишича, ушбу қонун лойиҳаси депутатларнинг сайлов округида сайловчилар билан тизимли мулоқотини кучайтириш, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган.
Шу тариқа Ўзбекистонда депутат ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда.
9 апрель куни "Миллий тикланиш" партияси Қонунчилик палатаси депутатлари муаммоларни аниқлаш ва тезкорлик билан уларнинг ечимини топишга доир мажбуриятларни тўкис бажариш ҳамда сайловчилар билан узлуксиз мулоқот ўрнатишга ҳар доим ҳам имкон топа олмаслиги важи билан депутат ёрчамчиси институтини жорий ташаббусини илгари сурган эди.
Ташаббусда депутат ёрдамчиси сайлов округида доимий асосда меҳнат қилиши ҳамда депутатнинг яқин қариндоши ва судланган бўлмаслиги кўзда тутилган эди.
Ёрдамчига ҳақ сиёсий партия маблағларидан ажратилиши хабар қилинган.
100 минг аҳолига 132 та жиноят
2021 йилнинг 6 ойида ҳар 100 минг аҳолига 132 та жиноят тўғри келган.
Бу ҳақда 10 август куни ўтган брифингда ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилган.
Масъул бу кўрсаткич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан икки баробарга юқори эканини билдирган.
Брифингда жиноят турлари статистикаси, айнан қайси турдаги жиноятлар сони ошгани каби масалаларга ойдинлик киритилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek