286 боланинг ноқонуний отаси: Оналар буни билмай қолишган - dunyo ayollar yangiliklar

Сурат манбаси, COURTESY OF REBECCA DIXON
Бепуштликни даволовчи канадалик шифокор Норман Барвин аёлларни сунъий уруғлантириш учун ўзининг ёки номаълум донорларнинг спермасини ишлатгани учун собиқ беморларига 13 миллион Канада доллари ($10 миллион АҚШ доллари) миқдорида товон тўлайдиган кўринади.
Норман Барвинга қарши 226 киши - улар орасида у биологик отаси бўлган 17 нафар бола ҳам бор - даъво билан судга мурожаат қилган. ДНК таҳлиллари болаларнинг отаси чиндан ҳам доктор эканини кўрсатган.
Ҳар бир даъвогарга тўланадиган максимал тўлов - $50 000 доллар.
Бу айни шу хилдаги иш юзасидан биринчи марта чиқадиган суд ҳукми бўлади.
"Мен дунёда доктор Барвин сингари иш қилган бошқа шифокорлар ҳақида биламан, аммо дунёнинг бошқа жойларида жамоавий тарзда судга даъво билан мурожаат қилингани ёки иш шунга ўхшаш тарзда ҳал қилингани ҳақида эшитмаганман", дейди оилалар манфаатини ҳимоя қилаётган адвокат Питер Кронин.
Ўзаро келишувга кўра, қолган болаларнинг биологик оталарини аниқлаш учун ДНК таҳлилига маблағ ажратилади. ДНК таҳлили натижасида болалар ўзларининг оилавий касалликлари тарихини билишлари ва ўгай ака ука, опа сингилларини топиши мумкин.
Питер Крониннинг айтишича, Норман Барвин фаолияти давомида - 1973 йилдан 2012 йилгача лаборатория шароитида 500 га яқин муваффақиятли уруғлантиришни амалга оширган ва болалар дунёга келган, шунинг учун даъвогарлар сони ҳозирги 226 нафардан ошиб кетиши мумкин.
Доктор Барвин Онтарио штатининг Оттава шаҳридаги иккита клиникада ишлаган. Клиникалар билан тузилган шартнома шарти бўйича, аёл ўз эркак партнерининг спермаси билан уруғлантирилиши керак бўлган, аммо доктор Барвин ундай қилмай, аёлларга номаълум эракакларнинг ёки ўзининг спермасини жойлаган.
Доктор Барвин ҳозир 80 га кирган ва 2014 йилдан бери ишламайди. 2019 йилда доктор Барвин унинг ишларини буткул номақбул, деб топган Онтарио врачлар ва жарроҳлар коллежи томонидан тиббий лицензиясидан маҳрум қилинди.
Доктор Барвиннинг қурбонларига компенсация тўланишидан олдин, таклиф қилинаётган келишув битими судья томонидан тасдиқланиши керак.
Бу ишда асосий даъвогар 31 ёшли Ребекка Диксон ҳисобланади. У ўз оиласида ҳеч ким чалинмаган касалликка чалингандан сўнг ота-онаси ўша клиникада қачонлардир даволанганини, ҳақиқий отаси эса доктор Барвин эканини билиб олди. У ва ота-онаси 2016 йилда шифокор устидан судга шикоят қилишди.
"Қачондир буни унута олишимизга ишонмайман, - деди у "Ottawa Citizen"га. - Бу биз билан умр бўйи қолади. Лекин бу низодаги қонуний ечим одамларга муросага келишларига имкон беради."
Норман Барвин суд жараёнига кетадиган вақт ва харажатлар олдини олиш учун тинчлик келишувига рози бўлди.
Бироқ у даъвогарларнинг барча айбловларини рад этди ва рад этмоқда.
Томонлар 2021 йил ноябрь ойида судда келишув битимини муҳокама қилишни давом эттирадилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












