Токио Олимпиадасида янгилик ёки аёллар ярим яланғоч беллашишдан бош тортишса нима бўлади? Tokio Olimpiada dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Niclas Dovsjö / Norwegian Handball Federation
Пляж гандболи жамоаси чўмилиш трусиги ўрнига калта иштон кийиб ўйнагани учун жаримага тортилди. Бу паралимпиячиларнинг трусиги "жуда калта ва номувофиқ", деб топилган ҳафтада юз берди. Бу спортчиларни бирлаштириб турган нарса нима? Уларнинг бари аёллар ва бирортаси беллашувга қандай кийимда чиқишни ўзи ҳал қила олмайди... Ва улар бу борада ягона эмас.
"Спортчилар ўзларига қулай либосда майдонга туша олишлари учун биз ҳаммамиз либос бўйича қоидаларни ўзгартириш йўлида курашни давом эттирамиз", дейилади Норвегия Гандбол федерацияси баёнотида (НГФ) мамлакатнинг гандбол бўйича аёллар жамоаси 1764 $ жаримага тортилганидан сўнг.
Уларнинг жинояти нима эди? Улар Европа чемпионатида чўмилиш трусигини кийишни исташмади.
Шунга қарамай, бир кун илгари бир аёл паралимпиячига трусиги "жуда калта ва очиқ", деб айтишган эди.
Афсуски, аёл спортчилар либоси бўйича қоидалар устидаги баҳслар янги эмас.
Қуйида бу борада ўтмишда юз берган тортишувлар ва курашларга бир назар ташлаймиз.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Пляж гандболи жамоаси чўмилиш трусиги киймагани учун жазоланди
Норвегия пляж гандболи жамоаси охирги беллашувда кийиш учун кўрсатилган трусиклар жуда тор, жуда шаҳвоний ва ноқулайлигидан шикоят қилди.
Шундай қилиб улар бронза медали учун Испания жамоасига қарши беллашувда трусик ўрнига калта иштон (шортик) кийиб чиқишди.
Чемпионат бошланишидан олдин Норвегия Халқаро Гандбол Федерациясига мурожаат қилиб, аёлларга калта иштон кийишга рухсат беришини сўраган эди.
Уларнинг талаби нафақат рад этилди, балки қоида бузганлар жазоланиши эслатилиб, огоҳлантирилди. Сўнг мамлакат жамоаси беллашувга калта иштонда чиққани учун ҳар бир ўйинчига 177 $ миқдорида жарима солинди.
Европа Гандбол Федерацияси (ЕГФ) "номувофиқ либос" кийилгани учун жарима солди ва Норвегия жамоаси кийими "Халқаро Гандбол Федерацияси белгилаган талабларга мувофиқ эмаслиги"ни таъкидлади.
Қарши жавоб

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо жарима қарши жавоб берилишига туртки берди.
Аксар одамлар агар эркаклар кенг майка ва тиззасигача ёпадиган калта иштонда ўйнаши мумкин бўлса, нега аёллар ҳам шундай қила олмайди деб сўрамоқда?
"Энг муҳими спортчилар ўзларига қулай кийимда бўлишидир", дейди Норвегия Гандбол Федерацияси раҳбари Кари Гейр Лио. У нафақат аёлларни қўллаб қувватлади, балки жаримани федерация тўлаб берадиган ҳам бўлди.
Норвегия Воллейбол Федерацияси президенти Эйрик Сордал шундай деди: "2021 йилда бу ҳолат умуман масала ҳам бўлмаслиги керак".
Мамлакатнинг маданият ва спорт ишлари вазири Абид Ража твит ёзди: "Бу жуда кулгили - мачо ва консерватив халқаро спорт ўз қарашларини ўзгартириши керак."
Кўп йиллар давомида аёл спортчилар пляж спортидаги жинсий фарқлардан шикоят қилиб келади ва бикинини камситувчи ва ноқулай деб атайди.
"Ҳар бир спортда қоида бўлиши керак. Аммо қоидалар фақат аёллар учун бўлса, муаммо чиқади", дейди Би-би-сига спорт журналисти Рената Мендонча.
"Бу қип-қизил сексизм. Афсуски, сексизм спортда кўп учрайди ва энг яхши аёл спортчилар соҳани тарк этишида катта роль ўйнайди бу", дейди собиқ адвокат Това Лай Би-би-сига.
"Муаммо калта иштонда эмас. Муаммо 2021 йилда ҳам аёлларга ҳамон нимани кийиш мумкинлиги кўрсатилади, чунки аёл танаси ҳануз эркаклар учун фойдали обьект сифатида кўрилади, бу эса ҳар кимга бу борада талаб қилиш, изоҳ беришга ҳуқуқ беради."
"Спортда аёллар жиддий қабул қилинмайди, уларга профессионал спортчи деб эмас, кўзни қувнатувчи ширинликдек қарашади", деб қўшимча қилади Лай. У аёллар танаси кундалик тарзда учрайдиган сексист муносабатлар ҳақида ижтимоий тармоқларда тез-тез ёзиб туради.
"Бикинини мажбуран тиқиштириш учун тайинли асос йўқ. Аёллар калта иштон кийганда ҳам спорт ўзгариб қолмайди, нима бўлганда ҳам улар ўзларини қулайроқ ҳис қилишади", дейди Мендонча.
Мендонча эътибордан четда қолган аёл спортчиларга эътибор қаратиш учун "Dibradoras" номли рақамли платформанинг ҳамасосчисидир.
"Спорт мусобақалари эркакларга мослаб ташкилланган, мана шу ҳодиса ҳам буни тасдиқлайди. 2021 йилда спорт ташкилотларини бошқараётган эркаклар асосан оқ танли эркаклар, улар ҳамон аёлларни эркаклар бахри дилини очувчи безак деб қарайди. Аёллар нимани кийишни ўзлари ҳал қилишлари керак. Аммо спорт ташкилотлари раҳбарлари орасида аёллар озлиги, кўп ҳолларда умуман бўлмаслиги сабабли аёл спортчилар овози эшитилмайди", дейди у.
"Қандай қилиб аёл атлетлар овози ҳамон эшитилмайди? Спортчи аёлларнинг танаси ва кийими нима учун бошқарув ташкилотлар ва уларнинг атрофидагилар томонидан бошқарилиши керак?"
Паралимпиячи трусиги "жуда калта ва очиқ"
Норвегия жамоаси бу масалага дуч келган илк аёллар эмас ва катта эҳтимол билан охиргиси ҳам бўлмайди.
Аслида, норвегияликларнинг жаримага тортилишидан бир кун олдин Британия жамоаси паралимпиячиси ва икки карра жаҳон чемпиони Оливия Брин Англия чемпионатида қатнашаётганида ўзига "тузукроқ" трусик кийишни айтганларида нима дейишни билмай қолди.
Расмийлардан бири унга унинг трусиги "жуда калта ва очиқ" деб айтган.
Келаси ойда Токиода ўтадиган Паралимпия Ўйинларида беллашиши кутилаётган спринтер ва узоққа сакровчи спортчининг айтишича, унинг бу масалани кўтаришидан мақсади, бу иш бошқаларнинг ҳам бошига тушиши олдини олишдир.
"Биз беллашув вақтида ўзимизни имкон қадар енгил ва қулай ҳис қилишни истаймиз", дейди Брин Би-би-сига.
"Тўққиз йилдан бери шундай кийинганман, бирор марта муаммо бўлмаган. Биз шунчаки нимани кийишга ҳаққимиз бўлса, ўшандай кийинишимиз керак."
"Бу икки мисол бир бирига зиддек кўринади, аммо улар бир танганинг икки томонидир", дейди Лай.
"Аёллар танасига "муаммо"дек қаралади ва шундай муносабат қилинади. Бизнинг танамиз ё "номақбул" ёки "етарлича кўнгилочар эмас" деб топилади."
Ҳижобда ўйнаш

Сурат манбаси, Reuters
Бу масала Рио Олимпиадасида олинган бир сурат кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганда ўртага чиқди.
Суратдаги пляж воллейболи ўйинчилари - бир томонда Миср, иккинчи томонда Германия ўйинчилари ўзларининг спорт маҳоратлари билан эмас, балки бир биридан фарқли кийимлари билан тилларни сайратди, айрим газеталар сурат "маданий тўқнашув"ни акс эттиради деб ҳам ёзди.
Аммо бу муносабат кескин танқидларга учради ва сурат аслида "спортнинг бирлаштирувчи кучи"ни кўрсатади дедилар.
Мисрлик Доаа Элғобаши Олимпия ўйинларидаги илк ҳижобли пляж воллейболчиси бўлди. Ўша вақтда у шундай деганди: "Мен 10 йилдан бери ҳижоб кияман... У мени ўзим севган машғулотлардан узоқлаштирмайди. Пляж воллейболи шулардан бири".
Битта сурат устидаги бунча тортишув кўпчилик учун каттароқ муаммони кўрсатди.
"Қандай маданиятга мансублигингиздан қатъиназар, аёлларнинг танаси ва уларнинг қандай кийиниши ҳамон жамоа ҳаққи бўлиб турибди. Янада аниқроғи, патриархаллик мулки", деб ёзганди журналист Ҳанна Смит.
"Аёл сифатида спорт билан шуғулланганда нима кийишингиз аҳамиятсиз, сизни доим эркаклар баҳолайди."
Серенанинг "тор кийими"

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ тенниси юлдузи Серана Уильямс, оналик таътилидан сўнг, 2018 йилги "French Open" учун либосини "оғир ҳомиладорликни бошдан кечирган оналарга" бағишлади.
Катта шлем турнирининг 23 карра чемпиони сириб кийиладиган тор либосида ўзини Қора пантера фильмидаги "Ваканда қироличаси"дек ҳис қилишини айтди.
Унга бундай либосда бўлишга бошқа рухсат берилмаслигини айтишди. Франция Теннис федерацияси президенти Бернар Жудичелли "Tennis" журналига "Баъзида жуда оширворяпмиз деб ўйлайман. Ўйинни ва жойни ҳурмат қилишингиз керак", деди.
Уильямс бу кийим унга туғаётган пайтда орттиргани тробмларни енгишда ёрдам берганини айтди.
Аммо Серенанинг айтишича, у ўша вақтда Жудичеллига бу қарор "муҳим эмаслиги" ва "агар бирор нарса соғлиқ билан боғлиқ бўлса, улар бунга кўнишдан бошқа чоралари йўқлиги"ни айтди.
Шундай қилиб, борган сари кўпроқ спортчи аёллар ошкора гапира бошлади. Ҳолат ўзгарармикан?

Сурат манбаси, Getty Images
Гимнастикачилар Токио Олимпиадасида баданни тўлиқ ёпувчи либос кияди
Германия гимнастлари спортдаги сексизмга ўз қаршиликларини билдириб, Олимпиадада аёллар квалификацияси учун чиқишларида баданни тўла ёпувчи либосларда чиқишди.
Уларнинг баъзилари жорий йил бошларида Европа чемпионатида ҳам шунга ўхшаш кийинган эди. Сара Восс у ва унинг жамоадошлари ёшларни ўзига янада ишонадиган қилишни исташларини айтди.
Полина Шефер Бец кийгандақа либослар анъанага мувофиқ эмас, кўплаб гимнастлар трикони танлаяпти, халқаро мусобақаларда оёғини тўлиқ ёпадиган либосда чиқадиганлар эса диний сабабларга кўра шундай қилмоқда.
Немис жамоаси ўтган ҳафта машғулотларда ҳам шу каби кийинганди, уч карра Олимпиада қатнашчиси Зейтц "кийимлар қулай бўлгани учун" деб айтди.
"Биз ҳар бир аёл, ҳар ким нима кийишни ўзи ҳал этишини кўрсатишни истаймиз", деди у.
Чўмилиш қалпоқлари

Сурат манбаси, Luke Hutson-Flynn
Гарчи "Soul Cap"га осон бўлмаётган бўлса ҳам, аммо тўлқин ўзгараётган кўринади.
Халқаро мусобақаларда жингалак тикка сочлилар - афросочлилар учун мўлжалланган чўмилиш қалпоқларини тақиқлаш тўғрисидаги қарор норозиликлардан сўнг ҳозир қайта кўриб чиқилиши мумкин.
"Soul Cap"нинг айтишича, сув спортини бошқарувчи халқаро ташкилот - Фина улар ишлаб чиқараётган қалпоқлар тўғри келмаслиги, чунки улар "бошнинг табиий шакли"да эмаслигини билдирган.
Аммо бу изоҳ сузувчиларнинг жиддий танқидларга сабаб бўлди, чунки бундай қарор африкаликларни беллашувларда қатнашишига тўсиқ бўлиши мумкин экан.
Оқибатда Фина ушбу қалпоқлар бўйича "ҳолатни қайта кўриб чиқаётгани"ни айтди.
Кийган кийими учун танқидга учраган спортчи аёллар масаласи келажакда ОАВ бош саҳифаларидан жой олиши эҳтимоли йўқ эмас.
Аммо Лайнинг айтишича, биз ҳозир ёрдам бериш учун қиладиган иш "шундай ҳолатни кўрганимизда жим турмай, ошкора гапиришдир".
Нима учун? Шунинг учунки, "биз қизларга ёшлигидан спорт аёллар жойи эканини кўрсатишимиз керак".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













