Динми ёки севги? Мусулмонлар ўз жавобларини айтишди Ислом Islom dini musulmonlar Hindiston dunyo yangiliklar

"Пью" тадқиқот маркази қоришиқ никоҳ борасида 30 мингга яқин ҳиндистонликнинг фикрини ўрганди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Пью" тадқиқот маркази қоришиқ никоҳ борасида 30 мингга яқин ҳиндистонликнинг фикрини ўрганди
    • Author, Лебо Дисеко
    • Role, Global Religion мухбири

Эша ва унинг турмуш ўртоғи Раҳул бахтли ёш оилаларга ўхшайди. Улар бир бирларининг гапларини ярмидан давом эттириб кетаверадилар. Агар Раҳулнинг гаплари мавзу доирасидан чиқиб кетса, Эша уни мулойимлик билан жойига қайтаради.

Улар ўз оилалари бахтини иккисининг ҳам дини бир - ҳиндулик эканидан деб биладилар. "Ягона динга эътиқод қилиш кўп масалаларда ёрдам беради", дейди Эша. Биз жуда кўп янги нарсаларни ўрганишимиз шарт эмас. Ўрганишимиз керак бўлган ягона нарса бир биримиз ва нимани ёқтириб, нимани ёқтирмаслигимиздир."

"Pew Research Center" томонидан Ҳиндистон бўйлаб ўтказилган сўровлардан маълум бўлишича, ҳиндлар диний бағрикенгликни ўзларининг муҳим сифати деб билса да, "Ҳиндистоннинг йирик диний жамоалари ўзаро муштарак жиҳатлари кўп эмасдек ҳис қилишади."

"Pew Research Center" 2019 ва 2020 йил бошларида Ҳиндистоннинг уч ҳудуди, 26 штати бўйлаб, 17 тилда 30000 одам билан интервью ўтказди.

Оилавий муносабатлар масаласига келганда, аксар ҳиндулар, сикҳлар ва мусулмонлар турли диндагилар никоҳига йўл қўймаслик ўзлари учун "муҳим масала" эканини таъкидлашган. Мусулмонларнинг тахминан 80 фоизи ва ҳиндуларнинг 65 фоизи ана шу фикрда экан.

Сўровда аниқланишича, ҳиндистонликлар "диний бағрикенгликка хайрихоҳликларини" ва "ўз диний жамоаларини алоҳида сақлашни исташларини" (биргаликда, аммо айро яшаш) билдиришган.

Тадқиқотда хулоса қилинади: "Бу икки истак номувофиқдек кўриниши мумкин, аммо аксар ҳиндистонликдар учун ундай эмас".

"Бизнинг қўллаб қувватлов тизимимиз бир хил"

Эша ва Раҳул оила қурган кун

Сурат манбаси, Esha & Rahool Kapoor

Сурат тагсўзи, Эша ва Раҳул оила қурган кун

Эша ва Раҳул интернетда танишган ва саккиз ой учрашиб юришгач, турмуш қуришган. Эшанинг таъбирича, уларнинг "катта ҳиндча тўйлари" пандемия сабабли қолдирилгач, улар ўтган йили уйларида, 11 нафар яқинлари даврасида никоҳ маросимини ўтказишган.

Эшанинг айтишича, у ўзига жуфт излашни бошлаганида диннинг муштарак бўлиши қанчалик муҳимлигини тушунмаган.

"Мен исёнкор эдим ва динни муҳим эмас деб ҳисоблардим, - дейди у кулиб. - Аммо диндош одамга турмушга чиққанимда диний муштараклик ишни осонлаштиришини кўрдим. Ҳиндистонда катта оилаларда яшайсиз. Дин бунда янада қўл келади."

Оилада диннинг ягона бўлиши ҳақидаги уларнинг фикри кенг Ҳиндистон жамияти кўзқарашини ифода этади.

Раҳулнинг айтишича, динга бундай муносабат ҳинларнинг оила ва жамоага бўлган муносабати билан чамбарчас боғлиқ.

"Маданий жиҳатдан Ҳиндистонда одамлар индивид эмас."

"Христианликда ва АҚШ каби мамлакатларда индивидуаллик қадрланади. Ҳиндистонда оилалар қарорни жамоавий қабул қилади."

"Сиз одам билан эмас, оила билан турмуш қурасиз."

"Мукаммаллик изламаслик керак"

Совчилик хизмати кўрсатувчи Танианинг айтишича, аксарият мижозлари ўз динларидан бўлган келинни афзал билишади

Сурат манбаси, Tania Sondhi

Сурат тагсўзи, Совчилик хизмати кўрсатувчи Танианинг айтишича, аксарият мижозлари ўз динларидан бўлган келинни афзал билишади

Совчилик хизмати кўрсатувчи Таниа Малҳотра Сондининг айтишича, у ҳам ўз ишида шу каби фикрларни кўп эшитади.

"Биз асосан шаҳарлик мижозлар билан ишлаймиз, улар кўпроқ очиқроқ ўйловчи, таълим кўрган ва кўп саёҳат қилган бўлади", дейди у.

Шунга қарамай, деб тушунтиради у, "кўпчилик ўзи билан бир динда бўлмаганлар билан оила қуришга тайёр эмас."

Танианинг айтишича, булар турли эътиқодлар ҳақидаги қарашлар билан боғлиқ.

Унинг айрим ҳиндуист мижозлари мусулмон ва христианлар уларни ўз динидан чиқаришга уринишидан хавотир билдиради.

У менга ўзининг мусулмон мижозларидан бири айтиб берган ҳикояни сўзлаб берди.

"У бизга ҳиндуист аёлларда мусулмон эркакка турмушга чиқишдан қўрқиш бор, чунки мусулмон эркаклар бирдан ортиқ аёлга уйланиши мумкин деди."

"Ҳатто у эркак моногам бўлганда ҳам, дини унга рухсат бергани учун аёллар орасида хавотир бор."

"Уларнинг диниий асослари ўзгача."

Аммо Таниа қарашлар ўзгаришига умид қилишини айтади.

"Никоҳ масаласига келганда, икки бир хил фикрли одам учрашса, дин аҳамиятли бўлмаслиги керак."

"Бу шунчаки севги"

Сумит ва Азра эса, яширинча никоҳ ўқитишган

Сурат манбаси, Sumit Chauhan & Azra Parveen

Сурат тагсўзи, Сумит ва Азра эса, яширинча никоҳ ўқитишган

Сумит Чаухан ва унинг аёли Азра Парвин айни фикрда.

Сумит, гарчи ўзини далит кастасидан деб билса да, ҳинду оиласидан. Азра эса мусулмон.

Улар билан тўйлари ўтганига беш йил бўлганда гаплашдик. У Азра билан 2010 йили Деҳли университетида қандай танишганликларини жилмайиб тасвирлаб берди.

"Биз уч йил коллеж таҳсилини бирга олдик, - дейди Сумит. - Дўстлигимиз шунчалик кучли эдики, бир биримиз билан бахтли эдик."

Аммо, деб тушунтиради у, "турли диний жамоаларга мансублигимиз боис, оила қуришимиз қийин бўлишини билардик".

Унинг оила аъзоларида "мусулмон жамоаси ҳақида хато тушунчалар бор эди, аммо онамни, опа ва акаларимни кўндирдим."

"Аёлим ҳам ўз оиласини кўндиришга уринди, аммо улар бунга қаттиқ қарши эди. Улар Азрага ҳиндуга турмушга чиқа олмайсан дейишган."

Азранинг оиласи ҳеч қачон рози бўлмаслигидан қўрқиб, улар яширинча никоҳдан ўтишга қарор қилишди, кейин оилаларига бу ҳақда айтишди.

Сумит Азрани севгани учун унга уйланганини айтаркан, бу шунчаки муҳаббат эди, дейди

Сурат манбаси, Sumit Chauhan & Azra Parveen

Сурат тагсўзи, Сумит Азрани севгани учун унга уйланганини айтаркан, бу шунчаки муҳаббат эди, дейди

Ҳиндистонда никоҳ қонунчилигига кўра, турли диндаги жуфтлар ўз қарорлари ҳақида тўйдан бир ой олдин эълон қилишлари керак. Бу кимдир қарши чиқиши мумкинлигини билдиради.

Қудратдаги миллатчи Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) етовидаги айрим штатларда қўшимча қадамлар ташланди, масалан, 2020 йилда Уттар Прадеш штатида "Динни ноқонуний ўзгартириш ҳақида"ги қонун қабул қилинди. У зўрлик, алдов ёки никоҳ воситасида динни "ноқонуний" ўзгартиришни тақиқлайди.

"Никоҳ режаларимиз ошкор бўлиб, ҳаммаси барбод бўлишидан бироз қўрққандим", дейди Сумит.

Уларнинг бахтига ундай бўлмади, аммо "никоҳимизга уч йил ўтса ҳамки, Азранинг оиласи биз билан гаплашмайди".

Гарчи улар ҳозир гаплашишса ҳам, Азранинг ота онаси бу никоҳни ошкора тан олгани йўқ.

"Ўтган йили аёлимнинг синглиси турмушга чиқди, аммо бизни таклиф қилишмади."

"Биз каби жуфтларнинг севишиши ва турмуш қуриши қийин", дейди Сумит.

Аммо "севганингиз билан турмуш қуриш учун динингизни ўзгартирмаслигингиз керак."

"Севган одамингиз билан яшаш жиноят эмас", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek