Геноциднинг нархи қанча?

    • Author, Тим Уэвелл
    • Role, BBC News, Намибия

Бутун бир жамиятни йўқ қилишнинг ўрнини қандай тўлдирасиз? Намибия бу масалада Германия билан йиллаб ва қаттиқ тортишди. Товон масаласида қолган барча собиқ мустамлакалар учун прецедент бўладиган битимга эришди.

Битим мустамлакачилик кучлари амалга оширган ва ҳозирда геноцид сифатида кенг тан олинган қилмишлардан қолган жароҳатни даволаш учун имзоланиши кўзда тутилганди.

(Музокаралар яқинда ўз поёнига етди, Германия Ташқи ишлар вазири мамлакати ўзининг собиқ мустамлакасида қилган қирғиннинг геноцид бўлганини эътироф этди.

Намибиянинг ривожи учун 1 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ваъда қилди -таҳр.)

"Мана шу қирғоқ бўйлаб, концлагер бўлган, - дейди Лейдлоу Перинганда. - Ҳозир автотураргоҳ жойлашган ердан тиканли сим тўсиқ ўтган эди."

Ижтимоий фаоллардан бири бўлмиш бу рассом Атлантика океанининг салқин ҳавоси Намибия чўлларига туташадиган муҳим курорт бўйлаб чойлашган Свакопмунд майдонидаги болалар ўйин майдончалари ва очиқ ҳаводаги кафелар қаторини кўрсатади.

"Катта бувим менга айрим оила аъзоларимиз бу ерларга олиб келиб мажбурий ишлатилгани ва шу ерда ўлгани ҳақида гапириб берганди."

У ҳозирги Намибия ҳудуди Германиянинг Жануби ғарбий Африка мустамлакаси бўлган 1904-1908 йиллар ҳақида гапирмоқда. Мустамлакачи кучлар мамлакатдаги икки катта халқ -ҳереро ва нама кўтарган қўзғолонни шафқатсиз бостирар экан, ўн минглаб одам ўлдирилган, тирик қолганлари эса саҳрога (мамлакат шарқидаги Омаҳеке саҳроси) қувғин қилиниб, ўша ерда ўлиб кетган. Бундан ҳам қолганлари эса лагерда қул сифатида ишлатилган, совуқ, очлик, чарчоқ ва зўравонликдан ўлган. Мустамлакачиликнинг илк йилларида Германия Жануби ғарбий Африкасида яшовчи 80 минглик ҳереро халқининг 65 минги, 20 минглик Нама халқининг 10 минги қириб юборилган.

Германия бу шафқатсизликлар геноцид бўлганини 2015 йили расман тан олгандан сўнг, Намибия билан бу геноцид учун товон тўлаш ҳақида музокаралар бошланди, бу эса ушбу масалада глобал прецедентни пайдо қилиши мумкин эди. Аввал ҳеч бир собиқ мустамлакачи, собиқ мустамлака билан ўтмиш мероси юзасидан батафсил битим тузиш учун музокаралар столига ўтирмаган.

Германия расман кечирим сўрашини айтди. Асосий савол намибияликлар қандай шакл ва миқдорда моддий компенсация олиши ҳақида бўлди.

Аксар ҳереролар каби Лейдлоу Перинганда музокаралардан нимани исташи аниқ эди - унинг халқи геноциддан олдин чўпонлар сифатида эга бўлган, деб ишонгани фаровонликни тўлиқ қайтарадиган жуда катта миқдордаги молиявий битим имзоланиши. Уларнинг ерлари хусусий фермалар учун немисларга бўлиб берилган эди. Ҳозир аксар ҳереро ва намалар умумий ерларда, ўзларига ажратилган кичик, ўта зич ҳудудларда ёки Намибия аҳолисининг 40 фоизи турадиган "норасмий аҳоли пунктлари"да, хароба шаҳарчаларда яшайди.

Свакопмундда яққол ижтимоий нотенглик бор: Бир томонда мустамлакачилик давридан қолган, турли рангда бўялган уйлардан қурилган, илк мустамлакачиларнинг авлодлари яшайдиган шаҳар маркази, бошқа томонда шимолга километрларга чўзилган эски ёғоч ва туникалардан солинган хароба уйлар.

"Уларда яроқли ҳожатхона йўқ, ичса бўладиган суви йўқ, электр токи йўқ", дейди Лейдлоу.

"У ерда яшовчиларнинг айримлари концлагерлар қурбонларининг авлодлари. Бўлаётган ишлар жуда адолатсиз."

"Германия аждодларимиз ерларини қайта сотиб олиб бериши керак."

Бу талабни қайта ва қайта эшитасиз.

Германия ҳукумати Намибиядаги немис фермерларидан ерни сотиб олиш ҳамда ер ислоҳоти дастури учун пул берилиши, у ҳереро ва нама халқлари ўртасида тақсимланишига умид қилишди.

Немис намибияликлар мамлакат фермалари ерларининг 70 фоизига эгалик қиладиган энг катта оқ танли гуруҳдир ва уларнинг айримлари жуда катта майдонга эгалик қилади, масалан, биттаси 100 000 гектардан ортиқ ернинг эгаси.

Бу ишлар қанчалик самара беради? Намибиянинг бош музокарачиси Доктор Зед Нгавирунинг айтишича, "Германия жамиятимизни қайта қуришда бизга ёрдам бериш учун нимадир қилиши кераклигини тан олди" ва катта битимнинг бир қисми сифатида ерни ихтиёрий сотишни истаганлардан олиш учун муайян миқдорда маблағ биришга рози бўлди.

Аммо, қўшимча қилади у, "ер масаласини Германия ҳал қилиб беришига ишонадиган даражада содда эмасман. Ер йўқотилиши фақат немис мустамлакачилигига боғлиқ эмас".

Аксар оқ танлилар Германия Биринчи Жаҳон урушида мағлуб бўлиб, мустамлака ҳудудидан айрилгандан кейин, Жануби ғарбий Африка Жанубий Африка Республикаси таркибида 70 йил бўлган вақтда кўчиб келган.

Немис ҳукумати "репарация" сўзини ишлатишни истамаяпти, аммо Зед Нгавирунинг айтишича, муҳокама қилинган бошқа амалий лойиҳалар немисларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, уй жой қурилиши ва сувни тузсизлантиришга ёрдам беришини қамраб олган.

Немис томони музокаралар бориши ҳақида ошкора бирор нарса айтишдан бош тортди.

Орадан олти йил ўтса ҳамки, натижа бўлмаётганидан Лейдлоунинг кўплаб ҳереро ва намалар каби сабри тугаб бораётганди.

У Германия нафақат Намибия ҳукумати, балки ҳереро ва нама етакчилари, масалан, ҳереронинг бош сардори Векуии Рукоро билан ҳам гаплашиши кераклигини таъкидлади. Рукоро Германияни компенсация тўлатиш учун АҚШ судларига берган, аммо самарасиз бўлган. Ҳукуматлараро битим ортидан геноциддан умуман зарар кўрмаган қавмлар, масалан, Намибиядаги энг катта этник гуруҳ Овамбогина фойда кўриши мумкинлигидан хавотирлар ҳам бор эди.

Сардор Рукоронинг маслаҳатчиси Фестус Мунджуанинг айтишича, ҳукумат "маблағ топилмаётган лойиҳаларини молиялаш учун Германия берадиган пулни ўзига олишни истайди". Ҳукумат буни инкор қилиб, пуллар айнан зарар кўрган қавмларга берилишини айтмоқда.

Аммо музокараларга шубҳа билан қараган фақатгина қурбонларнинг авлодлари эмасди.

Мустамлакачиларнинг авлодлари, Намибияда яшовчи 30 000 немисзабонлар ҳам музокараларга ишонмади.

"Геноцид ҳақидаги миф шантаждан бўлак нарса эмас", дейди тарихчи Андреас Фогт. Аксар немис намибияликлар каби у ҳам таъкидлайдики, мустамлакачи кучлар қўмондони генерал Лотар фон Трота 1904 йилда имзолаган "Германия ҳудудида бирор ҳереро учраса, қуролли ёки қуролсиз, қатл этилади" деган буйруғи давлат сиёсати бўлмаган ва ҳеч қачон ижро этилмаган.

"Бир томонда, қаттол, шафқатсиз, раҳмсиз немис мустамлакачи ҳокимияти, бошқа томонда, соф, бутунлай маъсум ҳереро халқи ҳақидаги тасвир жуда бузилган. Танго учун икки томон керак", дейди Фогт.

У ва кўплаб бошқа немис намибияликлар ҳереролар 1904 йили немис ҳукуматига қарши исён кўтаргани, 120 нафар немисни ўлдиргани, сўнг ҳал қилувчи Уотерберг жангида тор мор келтирилганини гапирадилар.

Ўтган йили мамлакат мустақиллигидан сўнг ҳукуматда вазир бўлган немис намибиялик Антон фон Витерсҳайм немисзабон намибияликларни ўзаро ва ҳереро нама вакиллари билан ўтмишни муҳокама қилиш ташаббуси билан чиқди. Аммо немис намибияликлар конференцияси режаси Ковид 19 сабабли кечиктирилди.

"Бизнинг кўплаб оқ танли ватандошларимиз бу азият чеккан халқ қандай тарихий шароитда бўлганини ҳали тушуниб етгани йўқ", дейди у.

Фон Витерсҳайм агар немис намибияликлар геноцид музокараларини қўллаб қувватласа, бу Германиянинг битим имзолашини осонлаштиришига ишоганди. Намибия эса сентябрдаги немис сайловларига қадар буни ниҳоясига етказишни истарди.

Музокаралардаги масалаларни ўрганган немис намибиялик академик ва фаол Ҳеннинг Мелбернинг ишонишича, Европадаги собиқ мустамлакачилар ўзаро шахсий суҳбатларда Германияга агар битим имзоланса, Африка, Жануби Шарқий Осиё ва бошқа ерлардаги халқлари бир талай даъволар билан чиқишни бошлашидан хавотир билдирган.

Германиянинг бошқа бир собиқ мустамлакаси Танганьика давомчиси бўлмиш Танзания зулмлар учун товон талаб қилишни бошлаган, бошқа собиқ мустамлакалар ҳам унга эргашиши мумкин.

Аммо Мелбер, "Германия, агар шу масала буткул ҳал бўладиган бўлса, таклиф қилиши мумкин бўлган миқдорда қаттиқ бўлмаслиги керак"лигини тахмин қилган. "Муаммо бу бошқа оқибатларга олиб борадиган прецедентни ҳосил қилиши олдини олишдир", деганди.

Собиқ дипломат Зед Нгавиру ҳам битим қандай якун топиши борасида бирор ваъда беришдан ўзини тийган.

"Сиёсат имконият санъатидир", деганди у жилмайиб.

Аммо ўзларининг катта боболарини қул қилиб ишлатган немисларнинг авлодларига энг кам маошга ишлаётган ҳереролар Свакопмунд ташқарисидаги ҳаробаларда яшайди. Бу икки қавм ҳамфикр эмас.

"Ҳаммасидан тўйган ёшлар ерни куч билан тортиб олишни истайди, - дейди Лейдлоу Перинганда. - Шунинг учун немис ҳукумати биз билан беркинмачоқ ўйнамагани маъқул."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek