Исроил - Ғазо можароси: Якшанба Ғазода ‘энг қонли кун’ бўлди, Исроил яна зарба берди - video Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Исроил-Ғазо можароси: Якшанба Ғазода 'энг қонли кун' бўлган. Исроилнинг ҳаво ҳужумларида 40 дан ошиқ одам ўлдирилган. Фаластинлик мулозимларга кўра, бунақаси можаронинг ўтган бир ҳафталик тарихида кузатилмаган:

Исроил ва Ҳамас ўтган душанба куни ўзаро жангга киришишган.

Бунга Шарқий Қуддусдаги бир неча ҳафталик танглик ва тўқнашувлар сабаб бўлган.

Қуддусда ким кимга уй-жойини бериши керак ё сўнгги низо қандай бошланди?

Исроил Армиясининг иддао қилишича, шу пайтгача Ҳамас ўзларига қарши 3 мингдан зиёд ракета отган.

Бирлашган Миллатлар Бош котиби яна бир бор мурожаат билан чиққан.

Давомий жанглар минтақани "ҳадсиз инқироз"га дучор этиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Антонио Гутерриш "даҳшатли зўравон"ликни зудлик билан бас қилишга чақирган.

Ҳамаснинг Исроил жанубига қаратилган ракета ҳужумлари ортидан, Исроил қирувчи учоқлари яна осмонга кўтарилишган.

Бугун, душанба куни тонгда Исроил Ғазога ҳаводан яна ўнлаб зарба берган.

Исроил томони Ҳамасга тегишли объектлар ва гуруҳ бир қанча қўмондонининг уйини нишонга олганини айтган.

Аммо Исроил авиацияси берган янги зарбалар натижасида катта кўчалар ва электр таъминотига ҳам зиён етган.

Инсоний талафотларга оид маълумотлар ҳалича имконли эмас.

Ғазодагилар ўзларининг қўрқувда эканликларини айтишмоқда.

Исроил ҳарбийларининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан бугун тонгда элликдан ортиқ қирувчи учоқларини ишга солишган.

Ғазо Бўлгасини ҳаводан 20 дақиқа давомида ҳужумга тутишган.

"Террорчиларнинг 35 та нишонлари"ни мўлжалга олишгани, Ҳамасга қарашли ерости йўлагининг 15 чақиримини вайрон қилганликларини иддао қилишган.

Исроил чегараси яқинидан туриб, Ғазони замбаракдан ҳам ҳужумга тутгани айтилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бўлгада ёқилғи тугаб бораётганидан ҳам хавотирда.

Ташкилотга кўра, бу Ғазодаги касалхона ва бошқа иншоотларни электр токисиз қолдириши мумкин.

БМТнинг Яқин Шарқдаги Тинчлик Жараёнлари бўйича мувофиқлаштирувчиси Линни Ҳастингс бу хусусда ўз хавотирлари билан бўлишган.

Унинг Би-би-сига айтишича, Ғазога ёқилги киритишларига изн беришини сўраб, Исроилга мурожаат қилишган.

Аммо, маълум бўлишича, Исроил бу ишнинг хавфли эканини айтиб, ўзларига рад жавобини берган.

Агар, ғазолик мулозимларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, Исроилнинг якшанба кунги ҳаво ҳужумларида 42 киши қурбон бўлган.

Қурбонларнинг ярмидан кўпини эса, аёллар ва болалар ташкил этишади.

Ўтган душанба кунидан буён Исроил томони берган жами талафотлар сони 10 тага етган.

Улардан икки нафарининг болалар экани айтилади.

Шу вақт оралиғида Ғазода ўлдирилганларнинг умумий сони 188 кишига чиққан.

1200 дан ортиқ одам яраланган.

Исроил Ғазодаги қурбонларнинг ўнлаби жангарилар эканини иддао қилмоқда.

Бу яқин орадаги оташкесин эҳтимоли эса, ҳақиқатдан йироқ кўринади.

Исроил Бош вазирининг баён қилишича, "ҳужумлари шиддат" билан давом этмоқда ва ҳали яна узоққа чўзилиши мумкин.

Мавжуд вазият Европа Иттифоқининг ҳам диққат-марказида.

Иттифоқ Ташқи ишлар вазирлари эрта, сешанба куни бу хусусда йиғилишмоқчи.

Томонларни "зўравонликларга ҳозирнинг ўзида чек қўйиш"га ундашмоқчи.

"Қонли якшанба" - қисқача фоторепортаж ўрнида:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek