Хитой уйғурларни ҳимоя қилган ғарблик сиёсатчи ва ширкатларни жазолашга тушди - video Xitoy uyg‘urlar musulmonlar dunyo yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Хитой Британиядаги ўндан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга санкция жорий этган. Икки йирик ширкат - Nike ва H&M бойкот таҳдиди остида қолишган. Бу каби Ғарб компаниялари сафи янада кенгайиб бораётгани ҳам маълум бўлган. Хитойликлар ўз брендларини тарғиб қилишга ўтишган.

Шу ҳафта бошида Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ ва Канада бир тўхтамга келишган. Биргаликда хитойлик бир қанча мулозимларга қарши санкция жорий этишган.

Уларнинг Хитойга қарши расмий санкциялар қарорига асосан мусулмон уйғурлари ҳуқуқларининг топталиши сабаб бўлгани айтилган.

Саёҳат чеклови ва банк ҳисобларининг музлатилишини ҳам ўз ичига олувчи янги санкциялар Шинжондаги қатор юқори мартабали мулозимларни кўзда тутган.

Бу мулозимлар мусулмон уйғурлари ҳуқуқларини жиддий равишда поймол этишда айбланишган.

Британия Ташқи ишлар вазири Шинжондаги мусулмон уйғурларга қарши зўравонликларни "замонанинг инсон ҳуқуқларига оид энг ёмон инқирозларидан бири", деб атаган.

Хитой ўшанда бу янгиликни ҳам бежавоб қолдирмаган, ўз томонидан европалик мулозимларга санкция киритишини эълон қилганди.

Nike ва H&M эса, Хитой пахта саноатида уйғурлар мажбуран ишлатилаётганидан ўз хавотирларини изҳор этишган.

Уларнинг бу хавотирлари ортидан, Хитойдаги кўпчилик бу икки ширкатни бойкот қилишга чақириб чиқишганди.

Хитойлик машҳурлар улар билан алоқаларини узишган.

Электрон тижорат платформаларидан H&M чиқариб ташланган, ширкатнинг онлайн дўконлари йўқолиб қолган.

Бу икки ширкат уйғурлар билан боғлиқ хавотирли баёнотлари билан ўтган йил чиқишган.

Аммо айнан қатор Ғарб давлатларининг Хитойга қарши янги санкциялари фонида улар яна диққат-эътиборга тушган.

Nike ва H&M га қарши кампания кўлами кенгайган, яна бошқа бир қанчаси қаторида Burberry, Adidas ва Converse ҳам унинг нишонига айланган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расман баён қилишича, ўз мамлакатларига қарши санкциялар "ёлғонга ва янглиш маълумотлрга асосланган".

"Мазкур қадам халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилишидир. Бу Хитойнинг ички ишларига қўпол равишда аралашишни англатади ва Хитой-Британия муносабатларига жиддий путур етказади", - дейиларкан, вазирлик расмий баёнотида, "Хитой қўшимча чоралар кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши" таъкидланади.

Хитой санкциялари британ парламенти аъзолари, адвокатлар, фаоллар, юридик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга қарши киритилган.

Би-би-си мухбири Робин Брантнинг Шанхайдаги H&M дўкони қаршисида туриб, вазиятни шарҳлашича, Хитой ҳукумати инсон ҳақлари топталиши борасида, ҳукуматлар ва халқаро ширкатларнинг овозини пасайтириш мақсадида, ўзининг "савдо қудрати ва чакана савдо миллатчилигини" ишга солмоқда.

Бугун, Хитой, дунёнинг машҳур ширкатлари учун ҳам хомашё манбаси ва қарийб 1,5 миллиардлик аҳолиси билан улкан бозор ҳамдир.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Хуа Чуньин Пекиндаги матбуот анжумани чоғи, "Шинжон пахтасида мажбурий меҳнат ёлғон", "бу мишмишга ишонган ширкатларнинг ўзи билади", деди.

Унга кўра, "Хитойликлар гуручини еб, косасини синдиришларига қўйиб бермайди".

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари ва интернет фойдаланувчилари аллақачон маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлашга ҳам ўтишган.

Хитой Шинжонда барпо этган лагерлар тармоғида аксарияти уйғурлардан иборат бир миллионга яқин мусулмонни сақлаб тургани ишонилади.

Сўнгги йилларда у ердаги қийноқлар, мажбурий меҳнат ва жинсий зўравонликларга оид хабарлар ўртага чиққан.

Хитой зўравонликларга оид даъволарни изчил равишда рад этиб келади.

Лагерларни "экстремизмни жиловлаш" мақсадида ташкил этилган "қайта таълим бериш марказлари" эканини таъкидлайди.

АҚШ Давлат котиби эса, ўз баёнотида Хитой "геноцид ва инсониятга қарши жиноят" содир этаётганини баён қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek