'Уларнинг мақсади ҳаммани барбод қилиш': Хитой лагеридаги уйғурлар мунтазам жинсий зўравонликлардан шикоятда, video, Xitoy, uyg'urlar, musulmonlar, dunyo, yangiliklar

    • Author, Мэттью Ҳилл, Дэвид Кэмпанале ва Жоэл Гюнтер
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 10 дақ

Хитой лагеридаги уйғурлар мунтазам жинсий зўравонликдан шикоятда - Би-би-си қўлга киритган янги маълумотларга кўра, Хитойнинг уйғурлар учун ташкил қилган "қайта тарбиялаш" лагеридаги аёллар тизимли тарзда жинсий зўрланиб, таҳқирланиб, қийноққа тутилиб келади.

Ҳикоядаги айрим тафсилотлар дилингизни хира қилиши мумкин.

Эркаклар доим ниқобда юради, ҳатто пандемиядан олдин ҳам шундай эди, дейди Турсуной Зиёуддин.

Улар оддий костюмда, полиция кийимида эмас, дейди у.

Баъзида тун ярмидан ошганда улар камерага келиб, ўзлари истаган бир аёлни танлаб, йўлак орқали кузатув камераси бўлмаган "қора хона"га олиб кетишади.

Бир неча тун уни шундай олиб кетишади, дейди Турсуной.

"Эҳтимол, бу мендаги ҳеч битмас жароҳат бўлиб қолар."

"Буларни ҳатто гапиришга тилим бормайди."

Турсуной Зиёуддин тўққиз ой умрини Хитойнинг Шинжондаги катта ва ёпиқ лагерида ўтказди. Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, миллиондан ортиқ эркак ва аёл лагерларнинг тўр бўлиб кетган тармоғида сақланади. Хитой бу лагерларни уйғур ва бошқа озчилик этник гуруҳларни "қайта ўқитиш" учун ташкил қилинган деб келади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг айтишича, Хитой ҳукумати аста-секинлик билан уйғурларнинг диний ва бошқа эркинликларини тортиб олди ва охир-оқибат оммавий кузатиш, қамаш, индоктринация ва ҳатто мажбурий бичиш даражасигача бориб етди.

Бу сиёсат 2014 йили уйғур айирмачиларининг террор ҳажумидан сўнг Шинжонга борган Хитой президенти Си Цзиньпин ташаббуси билан бошланди. "New York Times"га сизган ҳужжатларга кўра, шундан сўнг у маҳаллий расмийларга "мутлақ раҳм қилмаслик" ҳақида топшириқ берган.

Ўтган ой АҚШ ҳукумати Хитойнинг ўшандан бери қилаётган амалларини геноцид деб атади. Хитой томони эса оммавий қамоқлар ва мажбурий стерилизация ҳақидаги хабарларни "ёлғон ва бемаъни иддаолар", дейди.

Қамоқ лагерлардан ташқарига биринчи қўл маълумотларнинг чиқиши жуда оз. Аммо бир неча собиқ маҳбуслар ва қўриқчилар Би-би-сига оммавий жинсий зўрлашлар, таҳқирлашлар ва қийнашларни бошидан ўтказгани ёки кўрганини айтган.

Турсуной Зиёуддин лагердан чиқарилган заҳоти Шинжондан қочган. Унинг айтишича, аёллар "ҳар тунда" камерадан олиб кетилади ва ниқобланган бир ё бир неча эркак томонидан зўрланади. У ўзининг қийноққа тутилгани ва кейинчалик уч марта ва ҳар сафар икки ё уч киши томонидан зўрланганини айтади.

Турсуной ОАВга аввал ҳам гапирган, аммо Қозоғистонда. У ерда у "Хитойга қайтариб юборишларидан доимий қўрқувда яшаган." У агар ўзи кўрган ва бошдан ўтказган жинсий таҳқирлашларни ошкор қилса ва сўнг Хитойга қайтариб юборилса, аввалгидан ҳам баттар жазоланишига ишонганини айтади. Камига буларни айтишдан уялган ҳам.

Турсунойнинг айтаётганларини тўлиқ текширишнинг имкони йўқ - Хитой мамлакатда мухбирларга жиддий тўсиқлар қўйган. Аммо у Би-би-сига кўрсатган ҳужжатлар, иммиграция маълумотлари у айтаётган ҳикояларнинг вақтларига мос келади. Унинг Синьюан округидаги - уйғурлар орасида Кунес округи номи билан юритилади - лагер ҳақидаги гаплари Би-би-си таҳлил қилган сунъий йўлдош тасвирларига тўлиқ мос келади. Шунингдек, унинг лагердаги кундалик ҳаёт, таҳқирлаш табиати ва усуллари ҳақидаги гаплари ҳам бошқа собиқ тутқунларники билан ҳамоҳанг.

Хитойнинг Шинжондаги сиёсати бўйича етакчи эксперт Адриан Зенз Би-би-сига тақдим қилган Кунес округи адлия тизимининг 2017 ва 2018 йилги ички ҳужжатларида "муҳим гуруҳларни" "таълим орқали ўзгартириш" (Хитойда уйғурларни индоктринизация қилиш шундай аталади) бўйича режа ва харажатлар кўрсатилган. Бир Кунес ҳужжатида "таълим" жараёни "мияларни ювиш, юракларни тозалаш, тўғриликни мустаҳкамлаб, ёвузликни аритиш" сифатида тавсифланган.

Би-би-си 18 ой лагерда сақланган шинжонлик қозоқ аёл билан ҳам гаплашди. Унинг айтишича, уни бир уйғур аёлни ечинтириб, хитой эркаклар билан бир хонада қолдириб чиқиб кетишга мажбур қилишган. Сўнг ўша хонани унга тозалатишган.

"Менинг ишим уларнинг белдан тепадаги кийимларини ечиш ва қимирлай олмасликлари учун кишанлаш эди, - дейди Гулзира Аулхон қўлларини чалкаштириб, боши ортига ўтказиб кўрсатар экан. - Сўнг уларни хонада қолдириб, ўзим чиқиб кетардим. Сўнг ташқаридаги бирор хитой эркак ёки полиция ходими кириб кетарди. Мен эшик олдида миқ этмай ўтирардим. Эркак чиқиб кетгач, аёлни душга олиб борардим."

Хитой эркаклар "ўзлари танлаган энг ёқимли аёл учун ҳақ тўларди", дейди у.

Лагердаги айрим собиқ тутқунлар қўриқчиларга ёрдам бериш ёки қийноққа тутилишга мажбур бўлганларини айтади. Аулхон ўзини қаршилик қилишга ҳам, аралашишга ҳам имкони бўлмаганини таъкидлайди.

Тизимли тарзда жинсий зўрлаш бўлармиди деган саволга у "ҳа, зўрлаш", деб жавоб берди.

"Улар мени ўша хонага боришга мажбурлашарди, - дейди у. - Улар мени ўша аёлларнинг кийимларини ечиш, қўлларини боғлаб, хонадан чиқиб кетишга мажбурлашарди."

Камерадан олиб чиқиб кетилган айрим аёллар умуман қайтмаган, дейди Турсуной. Қайтганлари эса бошларига нима тушганини камерадаги шерикларига айтиб қўймаслиги учун қўрқитиларди.

"Ҳеч кимга айта олмасдингиз, шунчаки индамай ётардингиз, - дейди у. - Бу ҳар битта одамни руҳан синдириш учун қилинарди."

Жаноб Зензнинг Би-би-сига мана шу ҳикоя учун тўпланган гувоҳликларни "шафқатсизликлар бошлангандан буён мен кўрган энг даҳшатли далиллардир", деди.

"Бу аввал эшитганларимизнинг энг даҳшатлилари бўлаётганини тасдиқлайди, - дейди у. - Булар жинсий таҳқирлаш ва қийноқлар бўлаётганини биз ўйлаганимиздан ҳам кўра батафсилроқ тасдиқлайди."

Уйғурлар асосан туркий мусулмон озчилик гуруҳ бўлиб, 11 миллион атрофида шимолий-ғарбий Хитойдаги Шинжонда яшайди. Бу ҳудуд Қозоғистон билан ҳам чегарадош бўлиб, этник қозоқлар ҳам бор. Турсунойнинг ёши 42да, уйғур. Унинг турмуш ўртоғи эса қозоқ.

Эр-хотин Қозоғистонда беш йил тургач, 2016 йили Шинжонга қайтган. Қайтган заҳоти тергов қилиниб, паспортлари олиб қўйилганини айтади Турсуной. Бир неча ой ўтиб, полиция уни бошқа уйғур ва қозоқлар билан йиғилишга чақиради ва ҳаммаларини лагерга олиб кетишади.

Ўзининг айтишича, унинг лагердаги илк ҳаёти унчалик оғир бўлмаган, овқатлар яхши, телефондан ҳам фойдалана олган. Эрининг паспорти қайтариб берилган ва у Қозоғистонга ишлагани кетган, аммо расмийлар Турсунойни Шинжондан чиқаришмаган. Хабарларга кўра, Хитой ташқарига чиқиб кетганларнинг оғзини юмиш учун уларнинг яқинларини атай тутиб туради. 2018 йил 9 мартда эри ҳамон Қозоғистонда бўлган Турсунойга маҳаллий полицияга бориб айтиши кераклигини ўргатишади. Аммо у менга "кўпроқ таълим" керак деб жавоб беради.

Унинг гапларига кўра, Турсуной у аввал сақланган Кунес округидаги лагерга қайтариб олиб борилади. Бу сафар борганида лагер сезиларли даражада катталаштирилган экан. Автобуслар қатор қатор турар, янги тутқунларни "тўхтовсиз" туширишарди.

Аёлларнинг тақинчоқлари мусодара қилинган. Турсунойнинг зираклари қонини оқизиб, қулоғидан ситиб олинган, сўнг бошқа аёллар билан тўдалаштириб бир хонага тиқилган. Улар орасида Турсуной кейинчалик яқин бўлиб қолган ёши катта аёллар ҳам бўлган.

Лагер қўриқчилари бир аёлнинг бошидан рўмолини тортиб олди, дейди Турсуной, ва узун кўйлак кийгани учун унга бақиришган. Ўша йили уйғурларга бундай кийиниш қамалишга сабаб бўладиган диний символ деб белгиланган эди.

"Улар қари аёлдан ҳамма нарсани тортиб олишди, фақат ич кийимлари қолди. У қўллари билан танасини яширишга уриниб, қизариб кетганди", дейди у.

"Унга қилаётган ишларини кўриб роса йиғладим. Унинг кўзёшлари ҳам дарё эди."

Аёлларга пойабзаллари ва тугмали либосларини топширишни айтишди, дейди Турсуной. Сўнг уларни "хитой кварталларидаги қатор уйларга ўхшатиб қурилган" блокларга олиб кетишган.

Биринчи ва иккинчи ойда тайинли ҳеч нарса бўлмаган. Улар камералардаги телевизорлар орқали қўйиладиган тарғибот дастурларини кўришга мажбур бўлишган.

Полиция Турсунойни унинг эри қаердалиги бўйича сўроқ қилишни бошлайди. У қаршилик қилганда эса, уриб полга йиқитиб, қорнига тепишади.

"Уларнинг оёғидаги ботинкаси қаттиқ ва оғир эди, шунга аввалига улар мени бирор нима билан уряпти деб ўйладим, - дейди у. - Кейин улар мени тепаётганини билдим. Ҳушимдан кетаёздим - ичимдан иссиқ бир нарса оқиб ўтгандек бўлди."

Лагер шифокори унга ичида тромб бор бўлиши мумкинлигини айтган. Хонадошлари унинг ичидан қон кетаётганига эътибор берган. Қўриқчилар эса "қон кетиш аёллар учун нормал, деб жавоб берган".

Турсунойнинг айтишича, ҳар бир камерада 14 нафаргача аёл бор. Деразаларга панжара қўйилган, ётоқлар казармадагидек қават-қават. Ҳожатхона ҳам полдаги чуқур кўринишида. Аёлларни кечаси камерадан олиб чиқиб кетишаётганини кўрганимда аввалига тушунмадим, дейди. Уларни бошқа ерга ўтказишяпти деб ўйлаган.

Сўнг тахминан 2018 йил майида - "айнан қайси кунлигини билмайман, чунки у ерда санани эслаб қолмайсиз" - Турсуной ва унинг камерадоши 20 ёшлардаги аёлни кечаси олиб чиқишади. Сўнг ниқобдаги хитой эркакка кўрсатишади. Унинг шеригини бошқа хонага олиб кириб кетишади.

"Уни ичкари олиб кириб кетишгач, у бақира бошлади, - дейди Турсуной. - Сизга қандай тушунтиришни билмайман, уни қийноққа солишяпти деб ўйладим. Зўрлашаётгани хаёлимга ҳам келмади."

Уларни камерадан олиб чиққан аёл эркакларга Турсунойнинг ичидан қон кетаётганини айтади.

"Ўша аёл менинг ҳолатимни айтгач, хитой эркак уни сўкди. Ниқобдаги эркак эса "Уни қоронғи хонага олиб бор" деди."

"Аёл мени шеригимни олиб кириб кетишган хонага ёндош хонага олиб кирди. Уларда электр таёқ бор эди. Унинг нималигини билмасдим. Уни қиним ичига тиқиб электрошок қилиб, аъзоб беришди."

Турсунойнинг қийноққа тутилиши халиги аёл унинг тиббий аҳволи ҳақида яна гапиргандан сўнг тўхтаган ва уни камерага қайтаришган.

Бир соатча ўтиб, хонадошини қайтариб олиб келишди.

"Қиз шундан сўнг бутунлай бошқача бўлиб қолди. У ҳеч ким билан гаплашмас, хаёлга берилиб, бир нуқтага тикилиб ўтирарди, - дейди Турсуной. - Камераларда бундай аҳволга тушиб қолганлар кўп эди."

Камералар билан ёнма-ён лагерларнинг муҳим яна бир белгиси синфхоналар бор. Тутқунларни "қайта ўқитиш" учун муаллимлар жалб қилинган. Фаолларнинг айтишича, бу "қайта тарбиялаш"лардан мақсад уйғурлар ва бошқа озчилик гуруҳларни маданияти, тили ва динидан айириш, уларнинг ҳукмрон хитой маданиятига сингитиб юборишдир.

Қалбинур Содиқ шинжонлик ўзбек аёл. Уни хитой тили муаллими сифатида мажбуран лагерга олиб келишган, тутқунларга дарс беради. Қалбинур Хитойдан қочиб, кўрганларини ошкора айта бошлади.

Аёллар лагери "қаттиқ назорат қилинади", дейди у Би-би-сига. У ҳам жинсий зўрликлар бўлиши ҳақида эшитган. Бир куни у ўзи танийдиган хитой полициячи аёл олдига боради.

"Ундан "аёлларни зўрлашаётгани ҳақида даҳшатли ҳикояларни эшитяпман, бу ҳақда биласизми?" деб сўрадим. У менга ҳовлида тушлик маҳали гаплашишимизни айтди."

"Мен ҳовлига бордим. У ерда камералар оз эди. "Ҳа, зўрлаш бу ернинг маданиятига айланган. Гуруҳ бўлиб зўрлаш, Хитой полицияси нафақат зўрлайди, электрошок ҳам қилади, улар қаттиқ қийноққа дучор қилинади", деди."

Ўша тун Қалбинур ухлай олмади. "Мен четда ўқиётган қизим ҳақида ўйладим. Туни билан йиғладим", дейди у.

Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳасига берган алоҳида гувоҳлигида Қалбинур аёлларни қийноққа тутиш учун электр таёқ қиргазилиши ҳақида эшитганини айтди. Бу Турсунойнинг айтганлари билан мос келарди.

"Тўрт хил электрошок бор эди, - дейди Қалбинур. - Курси, қўлқоп, каска ва таёқ билан анал зўрлаш."

"Додлаш овози бинони тутади, - дейди у. - Мен бу овозларни тушлик маҳали, баъзида дарс ўтаётганимда эшитиб қолардим.

Лагерда ишлашга мажбурланган бошқа бир муаллим Сайрагул Сайтбайнинг Би-би-сига айтишича, "жинсий зўрлаш одатий ҳол" ва қўриқчилар "қизлар ва ёш аёлларни танлаб, олиб чиқиб кетади."

У 20 ёки 21 ёшли қизнинг ошкора гуруҳ бўлиб зўрлашганига гувоҳ бўлганини гапириб берди. Аввалига уни 100 нафарча бошқа тутқунлар қаршисига олиб келиб, айбига иқрор бўлишга мажбурлашган.

"Шундан сўнг, ҳамманинг олдида полиция ходимлари уни кетма-кет зўрлади", дейди Сайрагул.

"Буни амалга оширар экан, улар тутқунларни кузатиб, ким қўлини муштласа, кўзини юмса, нигоҳини олиб қочса, ҳаммасини олиб бориб жазолашди."

Қиз ёрдам сўраб йиғларди, дейди Сайрагул.

"Бу ўта кетган даражада мудҳиш манзара эди, - дейди у. - Ўлиб қолгандек эдим. Мен ўлган эдим."

Турсунойнинг Кунесдаги лагерда кунлари ҳафталар, сўнг ойларга уланди. Тутқунларнинг сочлари олиб ташланган, дарсга борадилар, номаълум тиббий тестлардан ўтадилар, дорилар ичирилади ва ҳар 15 кунда одамни бўшаштириб, бошини айлантириб қўядиган қандайдир "вакцина" билан эмлашади.

Аёллар, ҳатто 20 ёшли қиз ҳам, мажбуран бичилди ёки бачадонига спирал ўрнатилди, дейди Турсуной. ("Биз унинг учун илтимос қилдик", дейди у.) "Associated Press" ўрганишича, уйғурларни мажбуран бичиш Шинжонда кенг тарқалган. Хитой ҳукумати Би-би-сига бу иддаолар "тамоман асоссиз", деди.

Турсуной сақланган лагердаги тутқунлар мажбурий тиббий "муолажа"лардан ташқари Хитойнинг ватанпарварлик қўшиқларини эшитиш, Хитой президенти Си Цзиньпин ҳақидаги ТВ дастурларини кўришга мажбурланади.

"Лагердан ташқаридаги ҳаёт ҳақида ўйлашни ҳам унутасиз. Билмадим улар чиндан бизнинг мияларимизни ювишдими ёки турли иньекция ва дорилар таъсирими бу. Қорнингиз тўйишидан бошқа нарсани ўйлай олмай қоласиз. Оч қолиш чидаб бўлмас даражада."

Лагернинг ҳозир Хитойдан ташқарида яшовчи собиқ қўриқчиси видео алоқа орқали Би-би-сига айтишича, тутқунлар Си Цзиньпин ҳақидаги китоблардаги бирор қисмни ёдлаб бера олмаса ҳам оч қолдирилади.

"Бир гал одамларни қамоққа олиб, концлагерларга олиб борганимизда, ҳар бир одам ўша китобларни ёдлаётганини кўрдим. Улар соатлаб ўтирганча матнни ёдлашга уринарди, ҳар кимнинг қўлида китоб", дейди у.

"Тестлардан ўтолмаганлар неча марта - бир, икки ёки уч марта ўтолмаганига қараб турли рангдаги кийимларни кийишга мажбурланарди, дейди у. Ва шунга мос равишда турли даражадаги жазога дучор қилинади, жумладан, оч қолдириш ёки калтакланиш.

"Мен ўша лагерларга кирдим. Одамларни ўша ерга олиб бордим, - дейди у. - Ўша касалванд, дардли одамларни кўрдим. Улар турфа хилдаги қийноқларни бошдан кечирган. Бунга аминман."

Собиқ қўриқчининг гувоҳлигини мустақил тарзда текширишнинг иложи йўқ. Аммо у ўзи айтган вақтда лагерда ишлаганини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатди. У исмини айтмаслик шарти билан гапиришга рози бўлди.

Собиқ қўриқчи камералар ҳудудида жинсий зўрлашлар ҳақида бирор нарса билмаслигини айтди. Лагер қўриқчилари электрошок ишлатадими деган саволга у "ҳа, ишлатади. Ўша электр асбобларни ишлатишади", деб жавоб берди. Унга кўра, қийноққа солингач, тутқунлар турли хил уйдирилган айбларни бўйнига олишга мажбурланади. "Ўша тан олишлар юрагимда турибди", дейди у.

Президент Си сурати бутун лагерни эгаллаган. Унинг сурати ва шиорлар деворларни безаган. У "қайта ўқитиш" дастурининг марказидаги фигура. Си уйғурларга қарши сиёсатнинг бош муаллифидир, дейди Чарльз Партон. У Британиянинг Пекиндаги собиқ элчиси, ҳозир "Royal United Services Institute"да тадқиқотчи.

"Бу марказлашган сиёсат ва унинг илдизи жуда юқорига боради, - дейди жаноб Партон. Бу Си Цзиньпиннинг сиёсати эканига заррача ҳам шубҳа йўқ."

Си ёки партиянинг бошқа бир олиймақом расмийси жинсий зўрлаш ёки қийноқларга бевосита буйруқ берган бўлиши эҳтимолдан узоқ, аммо улар "бу ишлардан аниқ хабардор", дейди жаноб Партон.

"Менимча, тепадагилар бунга панжа ортидан қарашни маъқул кўришади. Бу сиёсатнинг ва ҳозир юз бераётган ишларнинг чизгилари жуда қатъий чизилган. Ҳеч қандай қаршиликлар қолмаган", дейди у. "Бу ишларни амалга ошираётган айбдорларни нима тўхтата олишини тасаввур қилолмайман."

Турсунойнинг айтганларидан келиб чиқилса, айбдорларни ҳеч нарса тўхтатмайди.

"Улар нафақат зўрлайди, бутун баданингизни ғажийди, улар одамми ё ҳайвон билолмайсиз, - дейди у кўзёшларини тўхтатиш учун кўзига дастрўмолини босиб, ўзини қўлга олиш учун бироз тин олар экан.

"Улар инсон танасининг бирор ерини эҳтиёт қилмайди. Улар тишлаб, қўрқинчли чандиқлар қолдиради. Қарашнинг ўзи жуда ёқимсиз.

Мен уч марта шунақасини бошдан кечирдим. Сизга азоб берадиган битта одам эмас, фақат битта йиртқич эмас. Ҳар сафар улар икки ёки учта."

Турсунойнинг хонасида ётган, кўп бола туққани учун айбланган аёл кейинчалик уч кунга йўқ бўлиб қолди, қайтганида унинг ҳам баданида ана ўшандай излар қолган эди, дейди Турсуной.

"У нима бўлганини айтолмасди. У бўйнимдан қучоқлаганча, узоқ йиғлади, аммо ҳеч нарса демади."

Би-би-сининг қийноқ ва жинсий зўрлашлар ҳақидаги саволига Хитой ҳукумати тўғридан -тўғри жавоб бермади. Баёнотларида ҳукумат сўзчиси Шинжонда ундай лагерлар йўқлиги "ҳаммаси касб ҳунар ўргатувчи марказлар" эканини такрорлади.

"Хитой ҳукумати барча этник озчиликларни тенг ҳимоя қилади, - деди ҳукумат сўзчиси ва қўшимча қилиб деди: "ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратади."

Турсуной 2018 йил декабрида эрлари Қозоғистонда бўлган бошқа аёллар билан бирга озод қилинди, бу ўзгариш сабабини у ҳамон тушунмайди.

Давлат унга паспортини берди. У шу билан Қозоғистонга қочди. Сўнг Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ёрдами билан АҚШга кетди. У ерда қолишга ариза берди. У ҳозир Вашингтонга яқин жойда маҳаллий уйғур жамоасидан бўлган бир аёлнинг уйида яшайди. Иккала аёл бирга овқат тайёрлайди, уй атрофидаги кўчаларни кезади. Турсуной уйда чироқлар ёруғини камайтиришга уринади - уларни лагерда доимий кучли ёруғда сақлашарди. АҚШга келгач, бир ҳафта ўтиб, жарроҳлик билан бачадонини олдирди, лагердан қолган муҳр бўлди бу. "Мен она бўлиш бахтидан мосуво бўлдим", дейди у. У эри ҳам АҚШга олдига келишини истайди. Ҳозирча у Қозоғистонда.

У озод қилингандан сўнг, аммо қочмасидан бурун, Шинжонда турди. У тизим элагидан ўтиб чиққан бошқаларни ҳам кўрди. У бу сиёсат одамларда нима қолдирганига гувоҳ бўлди. Мустақил ўрганишларга кўра, Шинжонда туғилиш даражаси кейинги йилларда кескин тушди. Таҳлилчилар буни "демографик геноцид", демоқда.

Кўпчилик оромни алкоголдан топди, дейди Турсиной. Собиқ хонадоши бўлган ва ўша биринчи кечада хонада бақирган қиз ҳам биргаликда озодликка чиқди. Уни бир неча марта кўчада юриб кета туриб, йиқилиб тушганини кўрди. "Уни энди ичкилик тугатяпти", дейди Турсиной. У худди "шунчаки мавжуд холос, жинсий зўрликлар уни тамом қилган".

"Улар одамлар озод бўлди дейдилар. Аммо, менимча, лагердан тирик чиққанлар аллақачон тамом бўлган."

Ва бу режаланган, дейди у. Кузатувлар, қамоқлар, индоктринация, ноинсонийлаштириш, бичиш, қийноқ, жинсий зўрлик - ҳаммаси режаланган.

"Уларнинг мақсади ҳаммани барбод қилиш. Буни ҳамма билади", дейди у.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 4 февраль куни бу хусусда расмий баёнот билан чиққан.

"Аёлларга нисбатан тизимли жинсий тажовуз ва зўравонлик йўқ. Хитой бу мамлакат, қонунга кўра бизнинг конституциямиз инсон ҳуқуқларини кафолатлайди ва ҳимоя қилади, бу бизнинг қонунчилик тизимимизда мужассамдир. Касб-ҳунар таълими марказлари талабаларнинг асосий ҳуқуқларини кафолатлаш ва ҳар қандай таҳқирлаш, зўравонлик ҳолларини тақиқлаш учун конституциявий қонунларга қатъий риоя қилади", - дея баён қилган.

Ҳанна Лонг-Ҳиггинс фототасвирлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek