Россия ва дунё: Янги Калашников автомат қуроли хавотирларга сабаб бўлмоқда - видео, Rossiya, Kalashnikov, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Жаҳондаги қурол тарқалишига қарши бўлган халқаро ташкилотлар ҳамда ўқотар қуроллар қурбонларининг яқинлари Россиянинг "Калашников" концерни ихтиро қилган янги автомат қуролни танқид қилмоқдалар.
Яқинда концерн МР-155 Ultima смарт қурол деб номлаган автомат милтиғини қурол-яроғ кўргазмасида намойиш этди.
Янги автоматнинг ўз видео камераси, ўз экрани бор.
Wi-Fi, GPS ва Bluetoothга, смартфонга улаш ҳам мумкин, қуролнинг флеш кард суқадиган жойи ҳам бор.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Концерндан айтишларича, бу ўқотар қурол сотиб олишни хоҳламаган, аммо ўзининг ҳаётини замонавий технологияларсиз тасаввур қилолмайдиган ёш авлод вакилларига мўлжалланган.
"Калашников" ширкати раҳбари Дмитрий Тарасовнинг Россия матбуотига айтишича, янги ихтиролари "гаджет билан туғилган ва гаджетсиз ҳаётини тасаввур қилолмайдиган инсонларга мўлжалланган".
"Бу қуролдан кўра кўпроқ илмий фантастика маҳсулотига ўхшаб кетади. Ўқотар қурол қўндоғининг ичига бир неча жиҳоз ўрнатилган", дейди қурол-яроғ бўйича эксперт Амаэл Котларски.
МР-155 Ultima автомати видео ўйинлардаги қуролларни эслатади, экранида яна қанча патрони қолганини ҳам кўрсатиб туради.
Аксилқурол ташкилотларининг хавотири борасида "Калашников" концерни нима деб ўйлайди?
Би-би-си ушбу савол билан Россия ширкатига мурожаат қилди.
"Биз қурол сотиб олишни ўйлаб кўрмаган замонавий инсонларга отиш спортида қатнашишлари мумкинлигини ва худди югурувчи ўзининг юрак уришини кузатганидек, бу гаджетда ҳам ўз прогрессини кузатиб бориши мумкинлигини кўрсатишни истадик", дейилади концерн баёнотида.

Сурат манбаси, SERGEI ILNITSKY/TASS
Лекин дунёда эрмак учун ўйинчоқлар кўп, ҳақиқий қуролни бу даражада мукаммаллаштириш шарт эмас эди, деб ўйлайди кўпчилик.
"Сўнгги йиллардаги кўплаб оммавий отишларда ҳужум қуроллари муҳим роль ўйнагани шундан далолат берадики, анъанавий отиш ўйинлари учун бу қурол турининг зарурати йўқ ва тинч фуқароларнинг қўлида у жуда хавфли нарсага айланиши мумкин", дейди Қурол назорати тармоғидан(Gun Control Network) професоор Питер Сквайер.
Охирги йилларда автомат қуроллар кўплаб оммавий қирғинларда қўлланилди.
Энг охиргиларидан бири 2019 йилдаги Янги Зелландиядаги масжидга ҳужум.
Ўшанда ҳужумчи Жума намозига йиғилган мусулмонларни нишонга олган, 51 мусулмонни отиб ўлдирган эди.
У ўзининг ҳужумини Интернетда жонли эфирда трансляция ҳам қилган.
Ўша ҳужумда ҳалок бўлган Абдулфаттоҳ Қосимнинг қизи Сора ҳам янги автомат ихтиросини қоралайди.
"Қуроллар виртуал реаллик ўйинчоғи эмас. Улар реал ҳаётий оқибатларга олиб келади. Мана шуниси даҳшатли. Дунёда бундай қуролга ўрин бўлмаслиги керак. Ҳозир ҳам, келажакда ҳам", дейди Сора Қосим.

Сурат манбаси, SERGEI ILNITSKY/EPA/TASS
Кўплаб мамлакатларида автомат қурол савдоси тақиқланган. Бу дегани янги Калашников автомати учун бозор катта эмас.
"Тинч фуқаролар учун энг катта қурол бозори - бу Америка. Лекин Қрим босиб олинганидан кейин АҚШга Калашников экспорти тақиқланди. Шундай экан, асосий бозор Россиянинг ўзининг ички бозори бўлади," дейди Janes Defence Intelligence ташкилотидан Амаэл Котларски.
Янги қуролни ихтиро қилиш ва сотиш билан Калашников қонунни бузмаган.
Россияда тинч фуқароларнинг ўқотар қуролга эгалик қилишига доир қаттиқ тартиб амал қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














