Халқаро дайжест: Қабристондаги кўчки юзлаб жасадни оқизиб кетди - Rossiya, dunyo, yangiliklar

Жамол Қошиқчи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шаҳзоданинг ўзи рақибининг ўлимига алоқадорлигини рад этади

Сувда сузган юзлаб тобутлар, вакциналар яна кўпайди, Байден Қошиқчи ўлимининг ҳисобини сўрайдими, Oлимпиада қаерда бўлади ва ҳеч ким кўрмаган 8 миллион евролик сурат.

Байден бин Салмон билан гаплашмоқчи

АҚШ президенти Жо Байден Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан телефон орқали суҳбат қилмоқчи.

Икки давлат раҳбарларининг суҳбати Washington Post газетаси шарҳловчиси ва Саудия Арабистони ҳукумати сиёсатини танқид қилувчи Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тўғрисида АҚШ разведкасининг потенциал зарарли ҳисоботини эълон қилиш арафасида бўлиб ўтиши керак.

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, АҚШ Миллий разведка вазирлигининг махфий ҳисоботидан Муҳаммад бин Салмон Қошиқчининг ўлдиришга рози бўлгани келиб чиқади.

Валиаҳд, гарчи, мамлакатнинг амалдаги ҳукмдори сифатида унинг ўлими учун рамзий жавобгарликни ўз зиммасига олган бўлса-да, шаҳзоданинг ўзи рақибининг ўлимига алоқадорлигини рад этади.

Яна бир самарали вакцина

Vaksina

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мутахассисларнинг фикрига кўра, янги эмлаш Pfizer ва Moderna дори-дармонларига бюджет альтернативасига айланиши мумкин

AҚШ регуляторлари Johnson & Johnson компаниясининг Covid -19 вакцинасини хавфсиз ва самарали, деб тан олишди ва бу AҚШда яқин кунларда тасдиқланган учинчи коронавирус вакцинаси бўлди.

Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (ФДA) вакцинанинг хавфсизлиги, оғир коронавирус касаллигини олдини олишда самарали эканлиги ва энг муҳими, қайта инъекцияни талаб қилмаслигини айтди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, янги эмлаш Pfizer ва Moderna дори-дармонларига бюджет альтернативасига айланиши мумкин, чунки улардан фарқли ўлароқ, уни махсус музлатгичда эмас, балки оддий музлатгичда сақлаш мумкин.

Қўшма Штатлар, Жанубий Aфрика ва Бразилияда ўтказилган дастлабки клиник текширувлардан кўриниб турибдики, янги вакцина касалликнинг оғир ҳолатларини олдини олишга 85% дан зиёд қодир, аммо коронавируснинг ўртача ва енгил турлари учун унинг самарадорлиги 66% дан ошмайди.

2032 йилги Олимпиадага Брисбен мезбонлик қилиши мумкин

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Aвстралиянинг Брисбен шаҳрини 2032 йилги Олимпия ўйинларига энг яхши номзод сифатида танлади.

Икки йил олдин ХОҚ ариза бериш тартибини соддалаштирди: ёзги ва қишки ўйинларни ўтказишни истаганлар учун бу нафақат осон, балки арзонроқ бўлади.

Тадбирни ўтказиш жойи тўғрисида якуний қарор ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, ХОҚнинг эълонлари Олимпиадани ўтказишга умидвор бўлган Доҳа, Жакарта, Будапешт ва Германиянинг Рейн-Рур минтақаларини ўз ичига олган бошқа шаҳарлар умидини пучга чиқарди.

200 тобутдан 10 таси олиб чиқилди

Italiya

Сурат манбаси, VIGILI DEL FUOCO

Сурат тагсўзи, 200 га яқин тобутдан атиги 10 тасини сувдан қутқаришга муваффақ бўлинди

Қабристондаги кўчки. Италияда юзлаб тобутлар денгизга тушиб кетди.

Генуя яқинидаги Cамогли қишлоғида жойлашган жарликда ер кўчкиси содир бўлган. Унинг оқибатида қишлоқдаги 100 йиллик қабристон вайрон бўлган ва юзлаб тобутлар иккита черков билан бирга денгизга қулаган.

Қишлоқ ҳокимининг сўзларига кўра, ушбу ҳудудда тошлар қулаши ва кўчкилар тез-тез учраб туришига қарамай, сўнгги воқеа "тасаввур қилиб бўлмайдиган офат" бўлган.

Ушбу қабристондаги тобутлар эски италян анъаналарига мувофиқ девор билан ўралган. Девор ёрилишини ишчилар видеога олишди ва деворнинг катта қисми тобутлар билан бирга Лигурия денгизига қулаб тушган пайт ҳам тасвирга тушган.

Ўт ўчирувчилар гуруҳининг ғаввослари ва қирғоқ қўриқчиларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, улар денгизга тушган 200 га яқин тобутдан атиги 10 тасини сувдан қутқаришга муваффақ бўлишди.

Ван Гогнинг оммага номаълум сурати

Van Gog asari

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Монтмартрдаги кўча манзараси" деб номланган расм 1887 йилда яратилган

Парижда Ван Гогнинг шахсий коллекцияларда сақланган ва шу сабабли рассом ижодининг танқидчилари ва ихлосмандларига маълум бўлмаган сурати илк марта кенг жамоатчиликка намойиш этилди.

"Монтмартрдаги кўча манзараси" деб номланган расм 1887 йилда яратилган ва шу вақтдан буён оила аъзоларига тегишли бўлган.

Бироқ у ҳозирда сотувга қўйилган ва Aмстердам, Гонконг, Париждаги Sotheby's кўргазмаларида намойиш этилади.

Aукцион 25 март куни бўлиб ўтади, мутахассислар асарнинг 8 миллион еврогача баҳоланишини кутмоқдалар.

Ван Гог ижоди бўйича таҳлилчи Мартин Бейлининг Би-би-сига айтишича, "эндиликда илк бора унга яқиндан разм солиш имконияти мавжуд".

Илгари расмда кичик репродукциялар кўпинча қора ва оқ рангда қилинган, аммо у деярли номаълум бўлиб қолган.

"Ван Гогнинг бу сурати рассомнинг деярли молбертидан чиққандан бери яширинганлиги ажабланарли", дейди Бейли.

"Бу асар ҳар доим шахсий коллекцияларда бўлган, шунинг учун уни фақат эгалари ва дўстлари кўришган".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek