Дайжест: Муxолифатга бетоқат ҳукуматлар ва Covidнинг миллионлаб қурбонлари - Rossiya, Navalniy, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Yevropa Ittifoqi rahbari

Сурат манбаси, AFP

ЕИ санкцияга қарор қилди, АҚШда Covid дан ярим миллион ўлим, Англия ёзгача очилади, Грузияда мухолифат етакчиси ҳибсга олинди - халқаро дайжест.

Навальний учун санкциялар

Душанба куни Европа Иттифоқи Tашқи ишлар вазирлари Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальнийга нисбатан чиқарилган ҳукмларга жавобни муҳокама қилдилар. Кутилганидек, улар Россиянинг бир қатор амалдорларига қарши санкцияларни қўллашга келишиб олдилар.

Европа дипломатиясининг раҳбари Жозеп Боррель ушбу санкцияларга тушган россияликлар рўйхати бир ҳафта ичида аниқланади, деб умид қилмоқда.

Рейтер агентлиги манбаларининг тахминига кўра, улар орасида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, Жазони ижро этиш федерал хизмати директори Александр Калашников, Миллий гвардия директори Виктор Золотов ва Бош прокурор Игорь Краснов ҳам бўлади.

Шунингдек, Боррель Россия билан муносабатларга Европа Иттифоқининг янги ёндашувини шакллантирди: "Қарши жавоб бериш - Россия халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини бузадиган жойда. Тутиб туриш - Россия бизга, жумладан, акс ахборотлар ва киберҳужумлар орқали босимни кучайтиришга уринаётган жойда. Ҳамкорлик қилиш - бизни қизиқтирган масалаларда".

АҚШнинг ярим миллионлик коронавирус қурбонлари

AQSH

Сурат манбаси, Reuters

Сешанба куни Covid-19 асоратлари оқибатида вафот этган америкаликлар сони 500 мингдан ошди. Бу дунёдаги рекорд кўрсаткич - вирусдан глобал ўлимнинг деярли 20%, гарчи АҚШ аҳолиси дунё аҳолисининг тахминан 4,25%ни ташкил қилса ҳам.

New York Times ҳисобича, коронавирусдан ўлган америкаликлар учта урушда, яъни Биринчи, Иккинчи Жаҳон ва Вьетнам урушлари қурбон бўлганлар сонидан ҳам кўп.

Англия ёзгача локдаундан тўлиқ чиқади

Britaniya

Сурат манбаси, PA Media

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон душанба куни Англиянинг қатъий локдаундан чиқиши режасини маълум қилди.

Бу тўртта босқичма-босқич жараён бўлиб, 8 мартдан 17 майгача бўлган муддатда аҳоли ижтимоий ҳаётга аста-секинлик билан қайтиши кўзда тутилган.

Июнь ойи сўнггида эса, қолган барча асосий тақиқлар олиниши режалаштирилган.

Бу режа эпидемиологик вазиятга, шу жумладан, эмлашнинг юқори даражасини сақлаб туришга, юқишлар сонини камайтиришга ва вируснинг янги турлари тарқалишини назорат қилишга боғлиқ.

Мухолифат етакчиси ҳибсга олинди

Gruziya

Сурат манбаси, AFP

Душанба куни Грузия парламенти собиқ мудофаа вазири, 2013-2015 йилларда Бош вазир бўлган Иракли Гарибашвили кабинетига ишонч билдирди.

Унинг салафи Георги Гахария энг йирик мухолифат партияси - "Бирлашган Миллий Ҳаракат"нинг етакчиси Ник Мелияни ҳибсга олиш тўғрисидаги суд қарори юзасидан ўз жамоаси билан келишмовчилик туфайли истеъфога чиқди.

Бироқ Гахария ва Гарибашвили ҳукуматлари ўртасида туб фарқлар мавжуд эмас: иккаласи ҳам ҳукмрон "Грузин орзуси" партиясига тегишли ва кабинетда атиги иккита вазир ўзгарган.

Мухолифат парламент танловини аллақачон "ёмон қарор", деб атаган.

Грузия махсус кучлари мухолифат етакчиси Ник Мелияни партия офисида ҳибсга олган.

Махсус операция жараёнида ҳаммаси бўлиб 20 дан ошиқ киши ҳибсга олинган, дея хабар қилди Грузия Ички ишлар вазирлиги.

Ник Мелиянинг тарафдорлари аҳолини норозилик намойишларига чорлашмоқда.

Gruziya

Сурат манбаси, Getty Images

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek