Британияликларга ёрдам бергани учун ироқлик таржимонларни “ўлим гуруҳлари таъқиб қилмоқда” – Уруш ва тинчлик

Silhouettes of Ali and Ahmed with Nafiseh Kohnavard
    • Author, Нафиса Кўҳнавард
    • Role, Би-би-си Форс хизмати, Ироқ

"Қўрқяпман. Хавфни ҳис қилиб турасиз. Исталган пайтда эшигимни кимдир уриши ва беш марта ўқ узиши мумкин, - дейди Али. - Битта ўқ менга, биттаси хотинимга ва учтаси учта қизимга."

Али (исми ўзгартирилган) ироқлик жангарилар британ армиясига таржимонлик қилгани учун уни ва оиласини нишонга олишидан қаттиқ қўрқувда яшамоқда.

У бу иши жуда таҳликали эканини биларди, аммо буни ватанпарварлик туйғуси билан қилганидан мамнунлигини айтади.

Аммо АҚШ Эроннинг юқори ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний ва ироқлик жангарилар етакчиси Абу Маҳдий ал Муҳандисни ўлдирганидан кейин Алининг иши янада хавфли бўлиб қолди. У ҳозир коалиция кучлари учун ишламайди. Ироқдан чиқиб кетар экан, британияликлар уни тақдир ҳукмига ташлаб кетгандек ҳис қилмоқда ўзини.

Мен Али ва унинг ҳамкасби Аҳмад (исми ўзгартирилган) билан Боғдоддаги бир меҳмонхонада шахсларини ошкор қилмаслик шарти билан учрашдим.

Улар жуда қўрқаётгани кўриниб турарди.

"Биз қаерга бориш, кимга мурожаат қилишни билмаймиз. Биз Британия халқи ва ҳукумати бизнинг овозимизни, тақдиримиз ҳақида эшитиши учун Би би сига мурожаат қилдик", дейди Али.

"Бир катта оила"

Икки йил бурун улар Ироқда Британия армияси билан ишлашни бошлаганда, уларнинг айтишича, уларга биз бир катта оиланинг аъзоларимиз дейишган. Ана шу нарса уларга хорижлик ҳамкорларига чуқур садоқат сақлаши учун етарли бўлган.

Iraqi security forces in training

Улар Ироққа ИШИДга қарши курашиш учун келган АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция таркибидаги Британия махсус кучлари билан бирга ишлаган саккиз таржимон орасида бўлган.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги билдиришича, Британия қўшинлари олти йил ичида 120 000 дан ортиқ ироқлик ва курд аскарларини ўқитган. Таржимонлар эса Ироқ махсус кучларини ўқитиш учун коалициянинг бир катта базасига юборилган британ ҳарбий маслаҳатчиларига ёрдам берган.

Аҳмаднинг айтишича, баъзида улар таржиманинг ўзи билангина чекланиб қолмаган. Агар британ аскарлари бирор хавфни сезса, таржимонлар лагер атрофи бўйлаб айланиб, разведка қилиб келарди, дейди у менга. Аҳмад бу ишидан фахрланганини айтади.

"Улар бизга "йигитлар ўзингларни хавфга қўйманглар" дейишарди, аммо биз уларга "сиз бизнинг биродаримизсиз ва биз сизларнинг хавфсизлигингизни ўйлашимиз керак", дердик. Биз ўз ватанимизни севамиз, улар бизга ёрдам бергани келганди, шу боис уларга ёрдам бериш биз учун шараф эди", дейди Аҳмад.

"Нишонлар"

Аммо шу йил январда ҳаммаси ўзгарди. Дональд Трампнинг буйруғи билан Эроннинг энг қудратли ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний ва унинг ироқлик иттифоқчиси, Оммавий мобилизация кучлари (ОМК) раҳбари ўринбосари Абу Маҳдий ал Муҳандис ўлдирилди, бу эса мамлакатдаги Эрон дастагидаги кучли жангари гуруҳларнинг ғазабини қўзғади.

Ғарбдан келган қўшинлар нишонга айланди ва улар билан ишлаган ироқликлар ҳоин деб тамғаланди.

An image of al-Muhandis (left) and Soleimani (right) on a billboard in Baghdad

"Аҳвол жуда таранглашди. Ҳатто коалиция томонидан ўқитилган Ироқ аскарлари ҳам бизга душмандек қарай бошлади. Билмадим, балки улар Ироққа эмас, бошқа бир давлатга садоқатлидир", дейди Али.

Коалиция базаларига номаълум жангари гуруҳлар масъулиятни бўйнига олган ракета ҳужумлари бўлди.

Аксар экспертлар ишонишича, бу янги гуруҳлар "Катаиб Ҳизбуллоҳ" каби кучли шиа гуруҳлари бемалол ҳаракат қилиши учун ниқоб вазифасини ўтаяпти.

"Бу гуруҳлар Ғарбга қарши Эрон дастаклаган ўша жангари гуруҳларнинг янгича кўриниши эканини тасдиқловчи далиллар бор. Улар арвоҳни тутиб бўлмаслигини яхши билишади ва шунинг учун Ироқ ва коалиция қўшинларини қўрқитиш стратегияси сифатида шундай йўл тутишяпти. Асосий жангарилар бу гуруҳлар кимлар эканини билмаймиз деб осонгина ўзларини четга олиб тураверади", дейди бир АҚШ расмийси менга.

Унинг айтишича, бу шарпа гуруҳлар ҳозир коалиция кучларини эмас, коалиция кучлари билан ишлаган ироқликларни нишонга олмоқда.

"Арвоҳ жангарилар"

Номаълум жангари гуруҳлар бир неча марта огоҳлантириш эълон қилиб, коалиция кучлари билан ишлаётган ироқликларга дарҳол ўз ишларидан кетиши кераклигини айтди.

Улардан бири ўзини Асҳаб ал Қаҳф (Ғор асҳоби) деб атовчи гуруҳдир. У коалиция кучлари базаларига ва АҚШнинг Боғдоддаги элчихонасига ракета ҳужуми учун масъулиятни ўз бўйнига олган эди.

Kataib Hezbollah militia fighters hold up a poster showing Qasem Soleimani and Abu Mahdi al-Muhandis at their funeral in Baghdad (4 January 2019_

Сурат манбаси, AFP

Гуруҳ "Telegram" орқали АҚШ етакчилигидаги коалиция билан ишловчи ироқликларга пул таклиф қилди.

"Бугун биз америкаликлар, британияликлар ва Ироқнинг бошқа душманларига хизмат қилиб, ўз мамлакати ва ўзларига зарар берганларни кечирамиз... Агар ўзингиз олдимизга келсангиз, биз сизга ойлик маош ва хавфсизлик таклиф қиламиз", дейилади гуруҳ баёнотида.

Улар таклиф қилган "маош" таржимонлар учун 3000 доллардан бошланиб, АҚШ ва британ жосуслик хизматларига ёрдам берганларга 50 000 долларгача боради.

"Бу ерда яширин маъно бор, - дейди Аҳмад. - Агар биз билан ҳамкорлик қилмасанг, биз сени душман ўлароқ кўрамиз. Биз билан коалиция ўртасидаги фарқ уларни катюша билан, бизни эса оддий ўқ билан уришади."

Ҳужумлар

Бу сўзлар аллақачон амалиётга ўтган - Сулаймоний ўлдирилганидан бери коалиция юкларини ташиётган бир қанча логистик карвонларга қўлбола портловчи қурилмалар ёрдамида ҳужум қилинди.

"Арвоҳ жангарилар" ҳужумдан сўнг ижтимоий тармоқларга видео жойлаб, унда "АҚШ армияси карвони"га ҳужум учун масъулиятни бўйнига олади.

Аслида бу карвонлар пудратчилар томонидан бошқарилади ва уларнинг ҳайдовчилари ҳам ироқликлардир. Уларга ҳамроҳ бўлган бирор америкалик ёки коалицияга даҳлдор шахс йўқ.

"Улар ўз таҳдидларини амалга ошираётганликларини кўряпмиз", дейди Аҳмад.

Шунга қарамай, таржимонлар коалиция кучлари билан ишлашни давом эттирди. Бу жуда хавфли иш эди, аммо улар ўзларини бир қадар хавфсиз ҳис қилар эди. Улар ўзларининг шахсий маълумотлари коалициядан ташқари чиқиб кетмаслигига ишонтирилган эди.

"Қаерда ва нима иш қилишимни ҳеч ким билмасди, болаларим, қўшним ҳам. Фақат хотиним биларди. Ҳатто у ҳам айнан нима қилишимни билмасди. Улар бизга шахсий маълумотларимиз сир сақланишини айтишганди", дейди Али.

Ишсиз қолган, фош қилинган ва хавф ичида

Аммо бошқа бир тўлқин келди - Ковид 19. Коронавирус Ироққа етиб келгач, мамлакат тўлиқ карантинга кетди.

Кимдир бирор ерга бормоқчи бўлса, Ироқ ҳукуматидан махсус рухсат олар ва бу рухсатнома бутун мамлатдаги текширув нуқталарига юборилар эди.

Paramilitary Popular Mobilisation force fighters gather around Tal Afar airport on 27 August 2017

Сурат манбаси, AFP

Ироқ хавфсизлик кучлари орасида бир рўйхат тарқади - Би би си бу рўйхатни кўрган. Унда Али ва Аҳмаднинг гуруҳидаги барча таржимонларнинг тўлиқ исм шарифи, иши, ID рақами ва автомашина регистрация рақамлари бор эди.

Уларни бу рўйхат уларнинг "ҳаракатланишини қулайлаштириш учун" Ироқ текширув нуқталарига юборилгани ҳақида электрон почта орқали хабардор қилишди. Бу даҳшатли хабар эди.

Ироқда текширув постларида турли хавфсизлик бўлинмалари, жумладан, аксил Америка шиа қуролли гуруҳлари аъзолари бўлади.

"Бу қуролли гуруҳларда биз ҳақимизда маълумот борлигини билдиради", дейди Аҳмад.

Давомли ракета ҳужумлари ва энди Ковид сабабли коалиция ўтказаётган аксар тренинглар қолдирилди, базаларни ироқликларга топшириш суръати жадаллашди.

2020 йил мартидан коалиция саккиз базани ироқликларга топширди ва қўшинлари сонини кескин камайтирди.

Ўша базалардан бирида Али ва Аҳмад ишлаган эди. Қисқариш бошлангач, улар бирга ишлаган британ махсус кучлари режадагидан аввалроқ Ироқни тарк этди.

Энди Аҳмад, Али ва уларнинг қолган саккиз ҳамкасби ишсиз, фош бўлган ва хавф ичида.

Вазият уларни яширинишга мажбур қилди ва улар оилаларини турли манзилларга жўнатишди, аммо бу вақтинча чора бўлиши мумкин. Али жангарилар бир кун уларни тутишидан қўрқяпти.

"Гўё қон тўла идишда юрагимни олиб юрганга ўхшайман - агар бирор ерга борсам, йиқиламан, идиш синади ва мен ўламан", дейди Али.

Шахсий маълумотлар

Мен уларнинг муаммосини коалиция қўмондонининг британ ўринбосари генерал майор Кев Копсига етказдим. У ироқлик таржимонларнинг маълумотлари бошқаларга берилганини рад қилди.

"Биз бирга ишлаган ҳар бир одам каби таржимонлар бу ерда ишлашимиз учун бизни бошқаларга боғловчи муҳим бўғиндир ва биз уларнинг шахсий маълумотларини сир сақлаймиз. Бу маълумотларни бошқа хизматларга бермаймиз, Ироқ хавфсизлик кучларига ҳам, ҳукуматга ҳам."

British Major General Kev Copsey

Аммо мен унга ҳужжатни кўрганимиз ва у ҳақиқийга ўхшаётганини айтганимда у буни ўрганишини билдирди.

"Бу қанчалик тўғрилигига қарамай жуда қизиқ... Мен буни яна текшираман", деди у.

Британия Мудофаа вазирлиги текширув ўтказаётганини тасдиқлади.

"Гарчи Ироқда таржимонларни бевосита ёлламасак ҳам, шахсий хавфсизликка таҳдидларни ўта жиддий қабул қиламиз", дейилади баёнотда.

"Биз пудратчиларимиздан юқори стандартларни талаб қиламиз ва ҳозирда барча даъволар текшириляпти"

The US embassy in Baghdad (centre of this picture)

Ҳужжат бошида Американинг Бағдоддаги элчихонаси тамғаси бор эди. Аҳмаднинг изоҳлашича, коалицияга АҚШ етакчилик қилгани учун Ироқ расмийлари билан бўладиган мулоқотлар АҚШ элчихонаси орқали бўлади.

Биз АҚШ элчихонасига ўша ҳужжат бўйича мурожаат қилдик.

"Умуман олганда биз Ироқ ҳукумати билан дипломатик ёзишмаларимиз ҳақида изоҳ бермаймиз. Ироқ ҳукумати билан логистик амалиётларни мувофиқлаштириш АҚШ миссияси ва миссиянинг Ироқдаги ходимлари хавфсизлигини таъминлаш учун стандарт процедура асосида бўлади", деб жавоб берди элчихона сўзчиси.

Ироқлик таржимонларга таҳдидлар тарихи узун. Саддам Ҳусайн ағдарилгандан бери Британия армияси билан ишлаган камида 40 нафар таржимон жангарилар томонидан ўлдирилган.

2003 йилда АҚШ етакчилигидаги босқиндан кейинги йиллардаги доимий таҳдидларга қарамай, Британия ҳукумати британ армияси билан ишлаган таржимонлар учун виза дастурини рад қилиб келади.

2019 йил февралида Ички ишлар вазирлиги вебсайтида "ҳамкорлик" ҳақидаги хабарда Эрон дастаклаган аксил Ғарб жангарилар ўзи билан ўзи оворалиги, ИШИД билан бандлигини ҳисобга олсак, ироқлик таржимонларга бўладиган хавф даражаси ҳозир пастлиги айтилган.

ИШИДга қарши кампанияда Эрон тарафидаги гуруҳлар ва коалиция кучлари билвосита ҳамкорлик қилганига ўзим гувоҳман.

Аммо Сулаймоний ва ал Муҳандис ўлдирилганидан буён вазият ўзгарган.

Аҳмад ва Али ўзини бўлак хавфсиз ҳис қила олмайди. Улар Ироқда ўлдирилган таржимонларнинг узун рўйхатига ўзлари ҳам қўшилиб қолишдан хавотирда.

"Мен уларга ишонгандим, улар менга ишонганди. Улар бизни бу зайлда ташлаб кетади деб ўйламагандим. Ҳеч кимни хафа қилмоқчимасман, аммо қани бизнинг инсоний ҳуқуқларимиз?" дейди Али. Аҳмад сукутда бош ирғайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek