Тожик аёллари Суриядан қочишмоқда - ҳукумат нима қилмоқчи? Tojikiston, O‘zbekiston, Yaqin Sharq, Mirziyoyev, yangiliklar

Ayollar

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Мустақил журналист,
    • Role, Тожикистон

Тожик аёллари Суриядан қочишмоқда - ҳукумат нима қилмоқчи? Ўзбекистон Суриядан ўз фуқароларини олиб қайтган сўнгги Марказий Осиё давлати бўлади. Расмий Тошкент шу ой бошида яна юзга яқин ўзбекистонликни ортга қайтаришга муваффақ бўлган. Яқин Шарқда ИШИД сафларида минглаб Марказий осиёликлар жанг қилишгани ишонилган.

Тожикистон ҳам Суриядаги ўз фуқаролари - болалар ва аёлларни қайтаришга киришган. Бу борада Сурия Араб республикаси Ички ишлар вазири, генерал Муҳаммад Холид Раҳмун ва Тожикистоннинг Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода ўртасидаги учрашувда гап борган. Мазкур учрашув Дамашқда бўлиб ўтган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада хабар берар экан, учрашув давомида икки мамлакат ўртасида террорчилик ва экстремизмга қарши кураш, ҳуқук-тартибот вакиллари сафарлари алмашиши каби масалалар ҳам муҳокама этилганини таъкидлаган.

Шунингдек, Зубайдулло Зубайдзода Сурия Ташқи ишлар ва муҳожирлар ишлари бўйича вазири Файсал ал-Мақдам ва Халқаро Кизил Хоч қўмитасининг Суриядаги раҳбари билан ҳам учрашган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Суриядаги жамлоқларда 500 нафардан ортиқроқ тожикистонлик тутиб турилмоқда.

Бир йилдан буён ҳал этилмаётган муаммо

Suriyadagi qochqinlar lagerlari

Сурат манбаси, GIUSEPPE CACACE/AFP/GETTY IMAGES

Сурия вазирлари билан учрашувлар давомида тожик элчиси Суриядаги Ал-Хол жамлоғида бўлган Тожикистон фуқароларини ўз юртига қайтариш масаласини муҳокама этган. Шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият борасида фикрлар алмашилган.

Эртаси куни Зубайдулло Зубайдзода Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Суриядаги раҳбари Филип Споерри ва мазкур ташкилот мувофиқлаштирувчиси Хайкухи Маргарян билан учрашган. Бу учрашувда ҳам Сурия жамлоқларидаги Тожикистон фуқароларини ўз юртларига қайтариш ва бунинг учун зарур ёрдам кўрсатиш масалалалари муҳокама этилган.

Тожикистон фуқароларини Суриядаги жамлоқлардан қайтариб олиб кетиш масаласи ўтган йилдан буён муҳокама қилинмоқда. Лекин бу масалани ҳал этиш осон кўчмаяпти. Чунки, таҳлилчиларга кўра, тожикистонликлар Суриядаги мухолифатчи гуруҳлар, асосан курдлар назоратида бўлган жамлоқларда сақланмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин жорий йил июл ойида журналистлар билан ўтказилган матбуот йиғинида Сурияда 286 нафар тожикистонлик аёл ва болалар ўз юртларига қайтаришни сўрашаётганини билдирганди. У бу масалада Сурия ҳукумати ва жангарилар билан мунтазам музокаралар олиб борилаётганини қайд қилганди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирига кўра, тожикистонлик фуқароларни ортга қайтариб олиб келиш бўйича ЮНИСЕФ, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси билан ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. Жумладан, Сурия жамлоқларида сақланаётган тожикистонликларнинг аниқ сонини белгилаш учун ҳамкорлик қилинмоқда.

Ироқдан қайтарилган болалар ва турмада қолган оналар

Yaqin Sharqdagi jangarilar

Сурат манбаси, BBC WORLD SERVICE

Тожикистон Ҳукумати Сурия каби, Ироқдаги фуқароларини мамлакатга қайтариб олиб келиш учун дипломатик музокаралар олиб бормоқда. Ўтган йилнинг апрел ойи охирида Ироқдан Душанбега 84 нафар тожикистонлик бола қайтариб келинди. Бу болалар Ироқ урушига яширинча кетган тожикистонлик жангариларнинг фарзандлари эди.

Таҳлилчиларга кўра, бу болаларнинг айримлари ота-оналари билан кетишган, айримлари эса, Ироқда туғилган. Улардан кўпчилигининг оталари Ироқдаги урушларда ҳалок бўлган, оналари эса, террорчилар билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб, қамоққа ташланган эди.

Аввалига Тожикистон Ҳукумати Ироқдан қайтариб келинган болаларни қариндошларига берилишини билдирганди. Лекин болалар Душанбега келишгач, улар мактаб-интернатлар ва болалар уйларига жойлаштирилди.

Тожикистондаги болалар омбудсмени Ражабмо Ҳабибуллозоданинг айтишича, Ироқдан қайтариб келинган болалар одатий ҳаётга ўрганиб боришмоқда. Унга кўра, бу болаларнинг қариндошларидан биронтаси уларни ўз қарамоғларига олиш борасида мурожаат этишмаган.

Болалар билан суҳбатлашган тарбиячилардан бирининг айтишича, уларнинг руҳиятида аста-аста ўзгаришлар бўлаётган бўлса-да, лекин уруш даҳшатларини унутишлари қийин кечмоқда. Ота-оналаридан ажралиш болаларни чуқур изтиробга солган, деди у.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири 50 нафарга яқин тожикистонлик аёл Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида ётганлигини айтган. У бу аёлларни қамоқдан озод этиб, юртга қайтариш мудом диққат марказида эканлигини таъкидлаган.

«Фуқароларимизни юртимизга қайтариб олиб келиш Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг доимий назоратида турибди», деган вазир.

Тожикистонда аёлларни Ироқ ва Суриядан қайтариб олиб келиш учун махсус комиссия тузилган.

Мазкур комиссия аъзоси Марҳабо Олимий Сурия ва Ироқдаги тожикистонлик аёлларни жиноятчи деб аташ хатолигини, аслида улар жабрланувчи эканликларини айтади. Унинг фикрича, тожик аёллари миллий одатларга кўра эрларининг гапларидан чиқишмайди ва шунга кўра уларга эргашиб кетишган. У бу аёлларнинг кўпчилигининг эри жангларда ҳалок бўлганини таъкидлаган.

«Аёлларнинг кўпчилиги умрбод қамоққа маҳкум этилган. Комиссиямиз уларни қайтариб олиб келиш, ҳеч бўлмаганда, қўлланган жазони енгиллаштириш учун ҳаракат қилади», деган Марҳабо Олимий.

Суриядан қочишга муваффақ бўлган аёллар

Аёллар

Сурат манбаси, AFP

Тожикистон Ҳукумати дипломатик йўл билан ўз фуқароларини юртга қайтариш учун ҳаракат қилар экан, бошқа йўллар билан Суриядан қайтган тожикистонлик аёллар ҳам йўқ эмас.

Улардан бири - Фароғат Турсунова (маълум сабабларга кўра у ва бошқа аёлларнинг ному насаби ўзгартирилган- муаллиф) Суриядан қочиб келишга муваффақ бўлган. Аслида мамлакат жанубидаги Қабодиён туманида яшаган бу аёлнинг айтишича, уни алдов йўли билан Сурияга олиб кетишган.

Фароғат бундан олти йил олдин эри билан Россияга ишлаш учун кетади. Лекин бир йил ўтиб, эри Туркияга кетади ва изсиз йўқолади. Кўп ўтмай, унга Туркиядан номаълум киши қўнғироқ қилади ваэрининг таниши эканлигини айтади. Хуллас, ҳомиладорлигига қарамай, Фароғат у олиб берган чипта билан уч нафар фарзандини олиб, Туркияга учади. Хорижда унинг тўртинчи фарзанди дунёга келади. Ўша таниш киши уни ва болаларини Сурияга олиб ўтади ва ҳужжатларини олиб қўяди. У бир йилгача бегона шаҳарда яшайди, лекин эридан дарак топмайди.

Фароғатнинг айтишича, алданганини билиб, азобланади. Ана шу азобли кунларнинг бирида интернетдан Тожикистон Ҳукуматининг алданиб Сурияга бориб қолганларни авф этаётгани борасидаги хабарни кўрсатишади. Худди шу ондаёқ унда Суриядан кетиш истаги пайдо бўлади. Лекин бу осон эмас эди. Ниҳоят, 2018-йил сентябр ойида ўзи билан бирга турган доғистонлик аёлларга қўшилиб, болаларини олиб қочади. Ўзининг айтишича, минг азобларда чегарадан ўтиб, Туркияга етиб келишгач, отасига қўнғироқ қилади ва тезроқ олиб кетишларини илтижо қилади…

Орадан икки ой ўтиб, Фароғат болалари билан Тожикистонга қайтади. Уни авф этишади. Болаларининг катталари мактабга қатнай бошлашади.

Расмий маълумотларга кўра, Фароғат яшайдиган Хатлон вилоятидан Сурияга 500 нафар эркак, аёл ва болалар кетган. Уларнинг орасида Фароғатнинг 30 нафар ҳамқишлоғи, жумладан, эри ва икки нафар қайниси бор.

Жаббор Расулов туманида яшайдиган Саломат Насриддинова ҳам Сурияга алданиб бориб қолишганини айтади. «Уруш кечаётган мамлакатда икки ярим йил қўрқув остида яшадим. Болаларим оғриб қолишди. Бир боламдан, эримдан ажралдим. Илтимос, бизга ўхшаб қолманглар», дейди Саломат.

Саломат ҳам деярли бир миллион нафарлик тожикистонликлар қаторида эри ва уч боласи билан тирикчилик учун Россияга кетади. Эри у ердан оиласини Туркияга олиб кетади. Ва Сурияга ўтишади.

Саломатнинг айтишича, Сурияда ўн ой яшашгач, эри жангга кетади ва қайтмайди. Беш ёшли ўғли бомба остида қолиб, яраланади ва беморхонага олиб кетишаётганда, ҳаётдан кўз юмади. Катта ўғли қўлидан, қизи бошидан яраланади.

Унинг эри ёлловчиларнинг кўп иш ҳақи бериш борасидаги ёлғон ваъдасига учиб, Сурияга оиласини олиб кетган. Лекин, Саломатнинг айтишича, ойига $200 доллар беришган ва бу бир ҳафталик тирикчилик учун етиб-етмаган.

Эри ва ўғлининг ўлимидан сўнг Сурияда яшаш қаттиқ азобга айланган. Уни бошқа кишига бермоқчи бўлишган. Лекин Саломат юраги оғришини айтиб, бу шармандаликдан қутулиб қолган.

Бу аёл пайт пойлаб, қочишга муваффақ бўлади. Туркия чегарасидан ўтиб, қийналиб-қийналиб, бу мамлакатдаги Тожикистон элчихонасини топиб боради. Элчихонада у ва болаларининг Тожикистонга қайтиб кетишларига ёрдам беришади…

«Тўғриси, мен Тожикистонга қайтиб борганимдан сўнг, бизга ёмон муомала қилишади, қамашади, деб қўрққандим. Йўқ, менинг гуноҳсизлигимни тушунишди. Икки болам билан ота-онам бағрида яшаётганимдан бошим кўкда», деди Саломат.

«Ал-Холда дўзах азобини тортяпмиз»

Qochqinlar

Сурат манбаси, BULENT KILIC/GETTY IMAGES

Лекин Суриянинг курдлар назоратидаги Ал-Хол жамлоғида тутиб турилган тожик аёлларининг нолишларича, улар дўзах азобини тортишяпти. 26 ёшлик Шоҳида икки боласи билан бир ярим йилдан буён шу жамлоқда азоб тортаётганини билдирган.

Шоҳида курдлар у яшаётган қишлоқни ўзини «Ислом давлати» деб атовчи гуруҳдан озод қилишганда, бошқалар қатори қўлга олинган. Бундан уч ой ўтиб, уни террорчи жангарилар хотинлари ва болалари жамлоғи юборишган.

Шоҳида Саломатдан фарқли равишда эрининг ўлимидан сўнг мажбурий равишда африкалик араб эркакка узатилган. Африкалик жангда қўлга олинган ва қамоққа ташланган.

Ал-Холда тутиб турилган бошқа аёллар каби Шоҳида ҳам Тожикистон Ҳукуматига ўзларини озод этиб, юртга қайтаришни сўраб мурожаат этган. Унинг қариндошлари ҳам шундай мурожаат этишган.

Шоҳида каби Ал-Хол ва бошқа жамлоқларда сақланаётган бошқа тожикистонлик аёллар ҳам бу ерда курдларнинг уларга қўпол муносабатда бўлишларидан ёзғиришади. «Улар бизга мудом сизларнинг эрларинг қариндошларимизни ўлдиришган, дея бақиришади. Ҳақорат қилганлари-қилган. Болаларим касалланиб қолишган. Ҳукуматдан бизни тезроқ бу азоблардан қутқаришини сўрайман», деган Муҳайё исмли аёл.

Тожикистонликлар Суриядан аёллар ва болаларни қайтариб олиб келишга турлича муносабатда бўлишмоқда.

«Болалар албатта қайтариб олиб келинсин. Улар бутунлай гуноҳсиз. Лекин ақлу ҳушини йўқотган, эри ўлиб, бошқа бир бегонага теккан аёлларни эмас. Уларнинг ўзлари буни исташган ва ўша ерда қолаверишсин», деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

«Мутлақ хулоса чиқариш яхши эмас. Шўрлик аёллар бегона юртга нега бораётганликларини билишмаган. Россияга кетган эрлар ҳам хотинларини чақириб олишади-ку», дейди бошқа бир тармоқ фойдаланувчиси.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Азизнинг фикрича, болаларни тезроқ азобдан қутқариш зарур. Тожикистонда уларнинг тўйиб овқатланишлари, соғлом яшашлари ва ўқишлари учун барча шароитлар бор», дейди у.

Лекин халқаро кузатувчиларнинг айтишларича, Суриядаги курдлар назоратидаги жамлоқда фақат тожикистонлик аёллар ва болалар эмас, балки ўнлаб эркаклар ҳам бор.

Расмий маълумотларга қараганда эса, «Ислом давлати» гуруҳи Ироқ ва Сурияда уруш ҳаракатларини бошлагач, бу мамлакатларга 2 минг нафарга яқин Тожикистон фуқароси (эркак, аёл ва болалар) кетган. «Ислом давлати» гуруҳи тарафида туриб урушган юзлаб тожикистонликлар жангларда ҳалок бўлишган ё қамоққа тушишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek