Уруш ва тинчлик: Ёлланма қотиллар онамни икки марта кўз ўнгимда ўлдиришга уринди

Shuhra Koofi with her mum

Сурат манбаси, Shuhra Koofi

    • Author, Swaminathan Natarajan
    • Role, BBC

Шуҳра Куфий жуда умидсиз эди. У ва унинг афғон парламентининг икки муддат аъзоси бўлган онаси машинада Кобулга қайтаётганида суиқасд ҳужумига учрадилар. Шуҳра онаси Фавзия Куфийдан кўзингизни юмманг деб ўтинар, "Сизсиз нима қиламан?" деб сўрарди.

"Онамни йўқотдим деб ўйлаб, бу ҳолдан даҳшатга тушгандим, - дейди Шуҳра суиқасд уриниши ҳақида Би би сига. - Унга менинг ёрдамим керак эди, ўзимни қўлга олишга уриндим."

Фавзия Куфий афғон фундаменталистларининг ашаддий танқидчиларидан, у Толибонни музокаралар столида ҳам саволга тутган. У ўз сиёсий мавқеи учун икки марта бадал тўлади - икки суиқасд уриниши, ҳар иккисига унинг қизи гувоҳ бўлган. 2010 йили у кетаётган кортеж толибон ҳужумига учради. Бу йил августда унга йўлда яна бир ҳужум уюштирилди.

Таъқиб

14 август куни Шуҳра ва унинг онаси ўзларини икки машина таъқиб қилаётганини сезганларида пойтахт шимолидаги Парван вилоятидан Кобулга қайтаётган эдилар. Улар пистирмага йўлиққанларини сеза бошладилар.

"Ҳужумдан сал олдин қора машина бизни қувиб ўтди, ҳайдовчимиз унга сигнал чалди, - дейди Шуҳра. - Сўнг биз орқадан - онам ўтирган томондан ўқ овозини эшитдик." Унинг айтишича, икки марта ўқ узилган. Биринчи ўқ машинани четлаб ўтиб кетган.

Шуҳра онасининг ёнида орқа ўриндиқда бўлган. У онасининг бошини ёпишга уринади, унга тезда ўриндиқ тагига энгашишни айтади, ҳайдовчи машина тезлигини оширади. Унинг ўзи ҳужумчиларни кўрмади.

"Биз тезда кетишимиз керак эди ёки улар бизга яна ўқ узар эди," дейди у.

Shuhra talking to her injured mum Fawzia Koofi'

Сурат манбаси, Shuhra Koofi

2010 йили Фавзия ва Шуҳра Афғонистоннинг Нангарҳар вилоятига машинада сафар қилган. Ўшанда Фавзия афғон парламентининг аъзоси ва президент Ҳамид Карзайнинг яқин иттифоқчиси эди.

Машина кичик кортежда вилоят бўйлаб кетар экан, пистирмага учради.

"Мен атиги 10 ёш эдим. Машинада онам ва опамнинг ўртасида ўтириб кетаётгандим, - эслайди Шуҳра. - Ўқ овозларини эслайман. Тўхтай демасди бу овозлар."

Фавзияга зиён етмаган, полиция ҳамроҳлигида хавфсиз жойга элтиб қўйилган ва ўша ердан учоқда Кобулга кетган эди. Толибон ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олган.

"Буни қабул қилиш осон эди, чунки ҳужумни ким уюштирганини билардик, - дейди Шуҳра. - Иккинчи мартасида ҳужумчилар кимлиги номаълум эди, ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади, шунгами бу ҳужум оиламиз учун жуда оғир ва оғриқли бўлди."

Фавзия каби унинг икки қизи ҳам қаттол зўравонликларга гувоҳ бўлиб улғайган. Қурбон бўлганлар орасида уларнинг оила аъзолари ҳам бор эди. Шуҳранинг она томондан бобоси ҳам парламент аъзоси эди. У жангарилар ҳужумида ўлган.

Унинг отаси Толибоннинг ҳибсхонасида силга чалиниб, у хали гўдаглигида ёқ вафот этган. Фавзия икки фарзандини ўзи катта қилган ва айни чоғда сиёсий каръерасини ҳам давом эттирган.

"Мен доим оиламдан кимнидир йўқотишдан қўрқардим. Мен рисоладагидек ҳаётни кўрмадим," дейди Шуҳра.

Августдаги ҳужум тугагач, сониялар ўтиб, Фавзия қизига "Мен ярадор бўлганга ўхшайман" деганини Шуҳра эслайди. Бу онларни у "ҳеч қачон унутмасам керак" дейди.

Шундан сўнг Фавзия ҳеч сўз демади. Ўқ орқадан келиб, ўриндиқни тешиб ўтиб, ўнг елкасидан пастроққа, қўлига теккан эди.

"Мен уни йўқотдим деб ўйладим. Унга тинмай "илтимос, кўзингизни юмманг" деб қайта қайта такрорлардим, - дейди Шуҳра. - Мен ўзимнинг ва онамнинг бошини эгдим, "қараманг улар яна отади" дердим унга."

Afghan's ex president Hamid Karzai with Fawzia Koofi

Сурат манбаси, Shuhra Koofi

Фавзия яқиндагина Ковид 19дан соғайган эди. Шуҳра шарфини олиб унинг жароҳатига босиб қонни тўхтатишга уринди.

"Қоронғи эди, унинг жароҳатини кўра олмасдим. Аммо шарфимни боғлашга ҳаракат қилаётиб, қўлим қонга беланиб кетганди," дейди Шуҳра.

Улар 40 дақиқа деганда касалхонага етиб бордилар. Фавзиянинг қўлидан ўқни олиб ташлаш учун докторлар икки марта компьютер томография қилди. Касалхонадан унга бир ҳафтада рухсат беришди, аммо ҳали ҳам даволанмоқда.

Толибон танқидчиси

Фавзия Куфий овози эшитилмайдиган афғон аёлларининг интилишлари ифодачиси сифатида кўрилади. У ўтган йили Толибон билан музокаралар столига ўтирар экан, Толибонни аёлларни ҳам тинчлик музокараларига жалб қилишга ундади. Толибон вакиллари эса бу таклифга кулиб қўя қолишган.

У ҳукумат ва Толибон ўртасида бу ҳафта қайта бошланиши кутилаётган тинчлик музокараларида фаоллик кўрсатиб келмоқда. У охирги суиқасд ҳужуми ортида айнан сулҳга эришишни истамайдиган гуруҳлар турганига ишонади.

Толибон бу ҳужумда қўли борлигини инкор қилган. Пистирма амалга оширилган жойда бошқа қуролланган гуруҳлар ҳам фаол. Шуҳранинг айтишича, бу ҳужумдан ўзи ва онаси қаттиқ азоб чекмоқда.

"Унинг ҳафсаласи пир бўлган, чунки у одамларга ёрдам беряпман деб ўйлайди ва кимдир ва нега уни ўлдиришга уринишидан ҳайрон," дейди. Шуҳра.

Fawzia Koofi flanked by her daughters

Сурат манбаси, Shuhra Koofi

Афғонистон аёллар учун таҳликали ва аёл сиёсатчилар жиддий тўсиқларга учрайдиган жой деб қаралади. Фавзия ва унинг синглиси Марям 2018 йилги парламент сайловларида "ноқонуний жангари гуруҳлар билан шубҳали алоқаси" важи билан беллашувдан четлатилган. Аёлларнинг ўзлари эса буни уйдирма дейди.

Шуҳра, айниқса, ўзининг онаси ҳақида матбуотда ва ижтимоий тармоқларда ёзилаётган гаплардан сўнг аёллар қандай мушкулликлар қаршисида турганини билади. У ҳозир Кобулдаги Афғонистон Америка университетида сиёсатшуносликдан таҳсил олмоқда.

"Мен доим сиёсий жараёнларда иштирок этишни истаганман, онамнинг йўлидан кетмоқчиман, у мен учун намуна," дейди Шуҳра. У ва унинг опаси оналарини ҳужумларга қарамай сиёсатдаги йўлидан чекинмасликка ундайди.

"Биз шу йўлни танладик ва шундай кетамиз", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek