Ўлаётган ўсмир нега Горбачёвни кўрмоқчи бўлди? - Dunyo va taqdirlar

Jeff in Huntington Hospital, five days after brain surgery (August 1986)

Сурат манбаси, Jeff Henigson

    • Author, Наташа Липман
    • Role, Би-Би-Си Жаҳон хизмати

Ўлаётган ўсмир нега Горбачёвни кўрмоқчи бўлди? - Жефф мия саратонига чалинган ҳолида Калифорниядан Москвага борди. Орзуси ушалдими?

Калифорниялик ўсмир Жефф Ҳенигсонга мия саратони ташхиси қўйилиб, икки йиллик умри қолгани айтилгач, болалар хайрия ташкилоти ундан ҳаётидаги энг истаган нарсани тилашини сўради. Аммо Жефф Диснейлэндга бориш ёки севимли футболчиси билан кўришишни эмас, дунёда тинчлик бўлишини тилади.

1986 йил ёзи, 15 ёшли Жефф Ҳенигсон ўзи ясаётган "супер лазер" қурилмаси учун охирги қисмни сотиб олиш учун маҳаллий электроника дўконига велосипедда кетаётганида фургон уриб кетди.

"У қарама‑қарши томондан келди, мени кўрмай, тўғри менга урилди, - дейди Жефф. - Уч метр орқага ракетадек учиб бориб, бошимнинг орқаси билан, чалқанчасига ерга йиқилдим.

Жеффнинг бошида ҳимоя қалпоғи бўлмагани учун ўша заҳоти ҳушини йўқотди. Бир неча соатдан сўнг касалхонада кўзини очди. Афтидан ҳаммаси жойида эди, ўша куни-ёқ уйига жавоб беришди.

Аммо бир неча ҳафта ичида Жеффда тутқаноқ бошланди, уни яна касалхонага олиб боришди. Бу гал унинг миясини томография қилишди.

Томография велосипеддан йиқилгани учун миясида жароҳат кўрсатганда Жефф ажабланмасди. Аммо натижа анча ёмон эди - томография унинг миясида ўсимта борлигини кўрсатди.

"Ўша дамда икки нарса хаёлимдан кечди, - дейди Жефф. - Биринчиси, ўша ёзда бокиралигимга нуқта қўйиш. Дейлик, бу амалга ошмади. Иккинчиси, лазер бўйича ишимни якунлаш."

Жефф орзу-ҳавасли ўсмир эди - НАСАда ишлашни хаёл қиларди. НАСАдагиларни ҳайратда қолдиришнинг энг зўр йўли - Аполлон 11 Ой юзида қолдирган рефлекторга бориб, ундан ортга қайтадиган "ажойиб лазер" ясаш, деб ишонарди.

Лазер отаси билан ўртасидаги бир риштадек ҳам эди. Унинг отаси Иккинчи жаҳон урушида АҚШ Денгиз кучларида хизмат қилган.

"Билмайман, ўша вақтда уруш сабаблими ёки бошқами, отам ҳиссий томондан барчамиздан ўзини узоқ тутарди. Сўнг мен "ана шу нарса, фанга қизиқиш, коинотдан ҳайратланиш бизни боғлаб туради", деб ўйладим. Шунинг учун шу ишга киришдим."

Гарчи Жеффнинг отаси Хиросима ва Нагасакига ядро бомбаси ташланган вақтда Тинч океанидаги ҳаётини тилга олмаса ҳам, ядро қуроллари, ядро хавфи, АҚШнинг СССР билан муносабатлари ҳақида узоқ гапирарди. Булар Жеффга таъсир қилмай қолмаган кўринади.

Short presentational grey line
Jeff's father in the US Navy

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Сурат тагсўзи, Жеффнинг отаси

"80‑йиллар бошида "Келаси кун" деган фильм бўларди. Совет Иттифоқининг АҚШга ядро бомбаси ташлаши ҳақида эди у. Мен 11 ёшларда бўлсам керак, фильмни кўриб, қаттиқ қўрқиб кетгандим. Кўзим уйқуга кетиши билан ядро уруши ҳақидаги даҳшатли тушни кўрардим", деб эслайди Жефф.

Жефф нафақат НАСАда ишлаш орзуси амалга ошишига умид қиларди, айни пайтда, бу ташкилот СССР билан рақобат эмас, ҳамкорлик қилишига ҳам умидвор эди.

"Ҳатто анча ёш бўлсам ҳам, АҚШ ва СССР ўртасида ҳамкорлик имкониятини кўра олардим, - дейди у. - Биргаликда коинотда улкан ишларни қилиш мумкин бўлган бир шароитда, бир-биримизга ядро қуролини ўқталишдан маъно кўрмасдим."

Жефф нафақат бокиралигига нуқта қўя олмади, ясаётган лазерини битиришга ҳам вақти бўлмади. Унга зудлик билан жарроҳлик амалиёти лозим эди. Стол устида олти соат тер тўккач, шифокорлар ўсимтани бутунлай олиб ташлашга муваффақ бўлдилар. Сўнг у бу ўсимта саратонми-йўқми, билиш учун бир ҳафта кутди.

"Шифокор олдимга кирди, - дейди Жефф, - унинг юз ифодасидан хушхабар айтмаслигини сездим. У менга "Жуда афсусдаман, сенда мия саратони бор экан ва бу жуда агрессив тури, тез ўсувчи саратон", деди."

У яна қанча яшашини сўради.

"Эҳтимол икки йил", жавоб берди шифокор.

Жефф радиация ва химтерапия муолажаларини бошлади. Мактабда ҳам яхши ўқишга тиришди. У, шунингдек, саратонга чалинган ўсмирларга кўмак берувчи гуруҳга қўшилди.

"Улар менга нималар қилганликлари - Диснейлэндга боришгани, машҳур атлет билан учрашишгани ҳақида гапиришарди. Мен эса, "Бунақа нарсаларни ёш болалар истайди-ку", дердим. Улар эса "Биз ҳам бола", дердилар. Мен эса ўзимни ундай ҳисобламасдим."

Болаларга бу борада ёрдам берадиган ташкилот Старлайт болалар жамғармаси эди. Жеффнинг онаси унинг номидан жамғармага мурожаат қилди. Жамғармадан икки кўнгилли - Мэтт ва Тери унинг Жанубий Пасаденадаги уйига ундан тилакларини сўраш учун келди.

"Мен бир нарсани истайман, фазовий шаттлнинг кейинги парвозида мени космосга олиб чиқа оласизларми? Улар менга ҳайратланганча қараб, "Йўқ" дейишди.

Мэтт ва Тери ундан яна бирор нарсани истайсанми, деб сўрашди.

У яқиндагина ўша тушига кириб, уни қўрқитиб чиқадиган ядро уруши ҳақидаги "Келаси кун" фильмини кўрган ва яна нималарнидир чуқурроқ билиб олиш учун кутубхонага борганди.

US Nuclear device (bomb) test 'Stokes ' 7 August 1957

Сурат манбаси, Getty Images

"Мен ядро қуроллари учун шунча катта маблағ сарфлаётганимиздан ғазабда эдим. Бунинг ўрнига саратонни ўрганишга пул сарфланса бўлмасмиди", дейди у.

Шундай қилиб икки кўнгиллига: "Совет Иттифоқига бориб, Михаил Горбачев билан кўришишни, у билан Совуқ уруш ва ядро қуролларига барҳам беришни муҳокама қилишни истайман", деди.

Жимлик чўкди.

Мэтт ва Тери учинчи истагинг йўқми, деб сўрадилар. Дейлик, амалга ошириш осонроқ бўлган. Аммо у бошқа ҳеч нарса истамади.

"Мен уларга "Буни қила олмаслигингларни тушунаман, аммо бу менинг ягона истагим", дедим."

Mikhail Gorbachev, Russian communist leader in 1986

Сурат манбаси, Getty Images

Буни қарангки, Старлайт жамғармаси унинг истагини амалга оширишга ҳаракатни бошлади. Улар "Америка Ёш элчилари" номли ташкилот вакилларининг Совет Иттифоқига сафарига Жеффни ҳам қўшиб юбориш чорасини топдилар. Сўнг Горбачев билан алоқаси бор шахсларни топиб, гаплашдилар.

Улар ҳам қўлларидан келган ёрдамни қилишлари, аммо ваъда беролмасликларини айтишди.

Жефф 1984 йили суратга олинган "Қизил тонг" каби фильмлар асосида шаклланган тасаввури билан Совет Иттифоқини кўз олдига келтирди. Бу фильмда Совет Иттифоқи ва унинг иттифоқчилари АҚШга ҳужум қилади.

Jeff in Moscow

Сурат манбаси, Jeff Henigson

"Бу фильмларда советлар АҚШни яксон қилишга бел боғлаган ашаддий жангарилар қиёфасида кўрсатилади. Айтишим керакки, мен жангари мамлакатни кўриш учун жангари одамлар билан бордим, - дея эътироф этади Жефф. - У ердаги одамларни кўриб, жуда ҳайратда қолдим."

"Ёш элчилар" мамлакат бўйлаб кезар экан, жосусларни топишга уриниб, ҳар томон аланглашарди.

Улар Ленинградда ҳеч нарса тополмай, ҳафсалалари пир бўлди. Аммо Москвадаги сайр чоғида гуруҳ аъзоларидан бири кимдир уларни кузатаётганини пайқаб қолди.

"Улар ўзаро шундай гаплашарди... "Йўғ-ей, жиддий гапиряпсанми?" "Аминман. Ҳар сафар ўгирилиб қарасам, дарров бошқа томонга қараб олади." Худди кинога ўхшарди бу. У плаш кийиб олганди. Жуда соз."

Ўсмирлардан бири учгача санаб, ҳамма бирдан ортга ўгирилишини ва ўша одамга русчалаб салом беришни таклиф қилди. Жефф иккиланарди. У Горбачев билан учрашув йўққа чиқишини истамасди.

American teenagers in Russia

Сурат манбаси, Jeff Henigson

"Ниҳоят, таслим бўлдим. Шундай қилиб, санадик ва ҳаммамиз бирдан ортга ўгирилиб, "привет" деб қичқирдик. Ҳалиги одам ўгирилиб, деворга қараб олди. У ерда қарайдиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Ҳа, жуда зўр бўлганди."

Улар меҳмонхонадаги хоналарида девордаги гулқоғознинг айрим жойлари бир бирига мос келмаслигини пайқаб қолишди. Ёш элчилардан бири тешиб кўриб, ичидан микрофон топди. Уларни эшитишаётганди.

"Мени қўрқитиб юборган ягона нарса, қизлардан бири хонасига қайтганда икки йигит унинг буюмларини титаётганини кўриб қолиши бўлди", дейди Жефф.

"Бироз дилни хира қиладиган ҳолат эди. Агар улар менинг буюмларимни титганида нима қилардим? Менда жаноб Горбачев учун совға бор эди, уни ўғирлаб қўйишларини истамасдим. У мактаб йилномаси эди. Мактабимдаги ҳамма унга имзо қўйганди. Оддийгина кичкина китоб, аммо менга ёқарди, унга ҳам ёқади деб умид қилардим."

Тегишли одамлар унинг Горбачев билан учрашувини ташкиллашга ҳаракат қилишаётгани ҳақида Жеффни хабардор қилиб туришарди. Бир куни оладиган нарсаларини олиб, келаси кун тонг саккизда тайёр туришни айтишди.

"Мен ядро қуролларига барҳам бериш ҳақида Горбачевнинг истаги нималигини билишни истардим, - дейди Жефф. - Лекин, айни чоғда, унга америкалик болалар ҳақида, биз дунёда нимани исташимиз ҳақида ва бу истакларимиз Совет болалариникидан фарқ қилмаслиги ҳақида унга сўзлаб беришни истардим. Биз ўрганишни, дунё кезишни, бир-биримизнинг юртимизга бориб кўришни истардик. Аммо бу истакларга мамлакатларимизнинг ўзаро ҳарбий қаршилиги халал беришини унга айтишни, унинг бу масаладаги фикрини билишни хоҳлардим."

Jeff in Russia

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Ҳа, ўша вақтда унинг истаги амалга ошадигандек эди, аммо бари барбод бўлди.

У кутиб турганида Горбачевнинг идорасидан келган одам унга у Жефф билан учраша олмаслигини айтди. Жефф ундан балки эртага бўш вақти бўлар, деб сўради. Горбачевнинг у билан учрашишга ҳеч қачон бўш вақти бўлмайди, деган жавобни эшитди.

"Ким билсин, Горбачев билан учрашувни нима бундай йўққа чиқарди экан? - дейди Жефф. - Балки умуман учрашув режалаштирилмагандир. Мен шунчаки тамом бўлгандим."

Аммо келган одам у билан бошқа бир муҳим шахс учрашувини ташкиллаштириши мумкинлигини айтди. Жеффга бир кечага керак бўладиган нарсаларини олишни айтишди. Сўнг "Лимузин"га ўтқазиб, шаҳар ташқарисига олиб боришди. У ким билан учрашиши ҳақида унга ҳеч гап айтилмади.

"У ерда жуда хушмуомала эр-хотин бор эди. Мени уйларига таклиф қилишди. Улар Ер юзи яхшироқ жойга айланиши, қандай қилиб давлатларимиз ҳамкорлик қилиши борасидаги фалсафий тушунчаларини гапиришарди", дея мароқ билан эслайди Жефф.

У Москвага қайтиб, халиги одам координаторларидан бири ўша оиланинг номини айтгунча, Жефф ким билан учрашганини билмади.

"У мендан "Евгений Велихов билан учрашдингми? Унинг кимлигини билдингми?" деб сўради."

Evgeny Velikhov

Сурат манбаси, Alamy

Велихов Совет Иттифоқининг энг олий мақом ядро физикларидан бири, Горбачевнинг ядро қуроллари масаласида ўнг қўли эди.

Жефф Горбачев билан учрашмади. Аммо кечани қуроллар бўйича музокараларда муҳим роль ўйновчи шахс билан суҳбатлашиб ўтказди. Ёш элчилар конференцияси ниҳоясига етди. Унинг имзолар қўйилган йилномаси Горбачевнинг ёрдамчисига юборилди. Жефф Калифорнияга қайтди.

Уни ота-онаси аэропортда кутиб олди. Аммо бу у ўйлагандек кутиб олиш бўлмади. На отаси ва на онаси унинг сафари ҳақида сўради. Жефф мавзуни кўтарганда, отаси гап бошлади.

"Отам "Саволим бор. Михаил Горбачев билан кўришдингми?" деди. Мен "Йўқ" дедим. Шу билан гап тамом. Ўзимни омадсиздек ҳис қилдим."

Жефф сафардан аввал тиббий муолажаларини тугатганди. Шундай қилиб, одатий ҳаётга, мактабга қайтди.

Орадан бир ярим ой ўтиб, бир куни унга Москвадан қўнғироқ бўлди.

"Мен унга жавоб бергани ошиқдим. АҚШнинг Совет Иттифоқидаги элчиси кичик Жэк Мэтлок экан. У менга "Ўғлим, бизга сенинг номингга минглаб хатлар келди", деди."

Жефф Ленинградда бир машҳур журналист билан кўришган эди. Ўша журналист Жеффнинг Совет Иттифоқига сафари ҳақидаги ҳикояни босиб чиқарибди. Ўша ҳикоянинг тагида одамларга мурожаат этиб, Жеффга мактуб ёзиш таклиф қилинган эди. Бутун Совет Иттифоқидан минглаб одамлар шундай қилишган.

Jeff being interviewed by Nikolai Sivach, journalist with SMENA, in Leningrad

Сурат манбаси, Jeff Henigson

"Жаноб Мэтлок менга "Эшит, биз АҚШ Почта хизмати эмасмиз, биз буларнинг барини сенга юбора олмаймиз, аммо айрим намуналарини жўнатишимиз мумкин. Майли ўғлим, омад" деди."

Жефф инглиз тилида ёзилган бир нечта хат олди. Мактабдаги рус тили муаллими эълон қилинган ҳикоя сарлавҳасини таржима қилиб берди: "Кета туриб, қоламан". Унинг саратон касаллигига ишора бор эди унда.

"Бу ўлимим яқинлигини яна ҳис қилдирди. Мен саратон билан оғриган бола бўлишни ортиқ истамас эдим. Шундай қилиб, барча хатларни қутига жойладим, қутини ёпиб, устига босма ҳарфлар билан "ностальгия" деб ёзиб қўйдим."

Letter from US consulate

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Касалхона шифокорининг жуда тушкун башоратига қарамай, Жеффнинг ўлими яқин эмасди.

У қутини кўздан нарига яширди-да, яшашда давом этди. Вақт ўтиб борарди. Унинг миясидаги ўсимта эса қайтмади. У Лондон иқтисод мактабида таҳсил олиш учун Лондонга кетди. АҚШга қайтгач, Колумбия университетига кирди. Сўнг БМТда ишлай бошлади. Ҳамон ўсимта йўқ.

2008 йил ёзидаги бир кунда - у 37га қадам қўйганда, Жефф ўша вақтдаги турмуш ўртоғи билан болалик ётоқхонасига қайтди.

У ўзига керак бўлмаган ёки истамаган нарсаларни ташлаб юбораётган, хонани тартибга келтираётган, лазер лойиҳасини ҳам қутига жойлаётган вақтда кўзи устига "ностальгия" деб ёзилган қутига тушди.

Жеффнинг айтишича, бу вақтда ҳаётидаги оғир дамлар эди. Миясидаги яра тўқима сабабли тутқаноғи қўзғалиб, БМТдаги ишидан кетишга мажбур бўлган эди. Камига оиласи ҳам бузилишга яқин қолганди. Ана шу пайтда қути унинг қизиқишини уйғотди.

"20 йил бурун ўзимни саратондан халос қилишни истаётганимда бу хатлар кайфиятимни тушкун қиларди. Аммо бу сафар уларни яхшироқ қабул қилдим", дейди у.

У боғлам хатлар орасидан инглизчада савод билан ёзилган, устида телефон рақами ҳам кўрсатилган хатни топиб олди. У Санкт‑Петербургда соат неча бўлганини текширди-да, телефон рақамни терди. Уч марта гудок кетгач, нариги томондан аёл кишининг рус тилида жавоби эшитилди.

Жефф ундан "Исмингиз мабодо Светлана эмасми?" деб сўради. Тўғри топганди. 23 йил аввал у мақолани ўқиб, Жеффга мактуб йўллаганди. Унинг ҳамон тириклигидан аёл аввалига ҳайратга тушди, сўнг қолган хатларни таржима қилишга, хат ёзган бошқа одамларни ҳам топишга кўмаклашишини айтди.

Envelope of letter to Jeff from reader of SMENA article, June 1988

Сурат манбаси, Jeff Henigson

"Бир неча кўнгиллилар хатларни рус тилидан таржима қилиб беришди. Шулардан бири Евгения Журбинская эди. Бу одамлар билан боғланишни хоҳлаётганимни билардим. Ҳужжатли фильм яратишга қизиқардим. Мен гаплашган фильм суратга олувчилар мени гуруҳ тузиш, Россияга бориб, менга хат ёзга одамлар билан интервью қилишга ундашди."

2011 йили ёзида, Жефф фильм суратга олиш гуруҳи ҳамроҳлигида манзили топилган ўша хат ёзган бир неча киши билан кўришиш учун 10 кунлик сафар билан Санкт-Петербургга борди. У кейинчалик яна икки марта борган. Лекин фильм яратилмай қолди.

"Айрим ҳикоялар бениҳоя таъсирли эди, - эслайди Жефф. - Масалан, Нина Ивановна Дмитриева, ўша вақтда 80 ёшлар атрофида эди. У 40-йиллардаги Ленинград қамали вақтида кўчада кетаётганида бирдан осмонда бир нима гумбурлайди-ю, унинг ёнидаги бино устида бомба портлайди. Бино тагида қолиб, боши мажақланади. Уни касалхонага олиб борадилар, шаҳар қамали вақтида-ёқ, уч марта миясини операция қилишади. Шунга қарамай, у яшаб қола олган. Унинг миясидаги жарроҳ тиғи теккан жой ва менинг миямдаги ўсимта олиб ташланган жой битта эди. Эшитиб, лол бўлиб қолдим. У мени ўзининг ўғли деб ҳис қилибди."

Nina Ivanovna Dmitrieva. The letter writer who survived the bombing of Leningrad and had three subsequent brain surgeries.

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Ўша вақтда 80 ёшларда бўлган Нелли Слепковани ҳам Жефф мароқ билан хотирлайди. У геолог бўлган. "У менга уран қидирганликлари ҳақида гапириб берганди. Мен ундан "нима учун?" деб сўрасам, у менга тентакка қарагандек қараб, "ядро қуроли учун, албатта", деб жавоб берганди."

Nelly Slepkova in 2011. She was a geologist who worked on locating uranium for nuclear energy and weapons.

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Presentational white space
Nelly Slepkova kisses Jeff on the cheek

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Жефф, шунингдек, у ҳақда мақола ёзган журналистни ҳам топиб, учрашишга муваффақ бўлди.

Nikolai Sivach in 2011.

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Сурат тагсўзи, Журналист Николай Сивач, 2011 йил

"Мулоқотимиз жуда қизғин бўлди. У ўзининг муваффақияти ҳақида сўзлашда давом этарди. Аммо мен учрашган хат ёзган россияликлардан фарқли ўлароқ, у ўз оиласи ҳақида гапирмасди. Охири ўзим бу ҳақда сўрадим. У бироз тин олиб, менга тикилди-да, "Отам билан муносабатларимиз жуда мураккаб бўлган" деди. Унда ҳам мен тушунадиган бир нарса бор эди. Зеро менинг ҳам ўз отам билан муносабатимдаги чигалликлар ечилмаган."

Short presentational grey line

Ўша чигаллик ечилишига ҳам кўп вақт кетди. 2013 йилги мавлуд байрамида Жефф ота-онасиникига борди. Ўшанда отаси унга ҳиссий жиҳатдан қанчалик ундан узоқ бўлганини гапирди. У эса отасига ўзининг унга ўғил бўлиши қанчалик оғир бўлганини айтди.

"Мен гапимни тугатишим билан у бироз ўйланиб турди-да, "мени айблаш осон эмас... Қачонлардир мен ўз отамга тақаган айблар" деди.

Жеффнинг отаси илк марта ўз болалиги ҳақида сўз очди.

Отасининг отаси Ҳоллифуд продюсери ва қиморга мубтало бўлган одам бўлган экан.

"Муваффақиятли чиққан фильмдан олган кичик бир даромадини доимий асабий хотинига олиб келган. Аммо бироз ўтиб, уни ҳам қиморда ютқизган."

У баъзида болаларига ғазабини кўрсатиб турса-да, уларга айтадиган гапи деярли бўлмаган. Ва болаларининг ҳаётига айтарли қизиқмаган.

"Отам орамиздаги масофа ҳақида кўп гапирди-ю, ғамхўрликнинг бўлмагани ҳақида эсламади ҳам. У бизни таъминлаб турган, бизни айлангани олиб чиққан, ҳар кеч биз билан овқатлангани келарди, тўғри, ўртоқларим оиласи билан овқат ейдиган вақтдан 2-3 соат кечикиб. У шунчаки биз билан ҳиссий боғлиқлиги йўқ эди. У ўз ҳиссиётларини кўрсата олмасди," дейди Жефф.

Jeff with his parents, Robert and Phyllis Henigson

Сурат манбаси, Jeff Henigson

Сурат тагсўзи, Жеффнинг ота-онаси
Elena and Wes at his high school graduation

Сурат манбаси, Wes Hurley

"Ўшандан кўп ўтмай, у оиламизни биринчи ва охирги марта тўплаб, бизга ҳаммамизни жуда яхши кўрганини айтди. Бунинг учун мен жуда миннатдорман - ниҳоят қалбимиз ором олди. Орадан бир ой ўтиб, отам вафот этди."

Жефф ҳозир 49 ёшди, ёзувчилик қилади. Унинг асосан ўсмирларбоп "Ядро каллаги" номли биринчи китоби Жеффнинг ёшлиги, хотиралари, туйғуларини ифодалайди.

Миясининг охирги томографияси унинг соғлигини кўрсатди, аммо у қолган ҳаётини эпилепсия билан яшашига тўғри келади.

У ҳозир ҳам ўша хат ёзган россияликлар ва уларнинг инглиз тилли набиралари билан баъзан-баъзан алоқа қилиб туради. Геолог Неллининг аҳволи яхши. Ленинград қамалида омон қолганлардан Нина билан анча вақтдан бери гаплашолмайди, афсуски.

АҚШ ва Россия ўртасида ишонч ҳали-бери бўлмаслигидан Жефф хафа бўлади, улар сақлаб турган ядро уюмларидан, "инсоннинг мавжудлигига нисбатан ортиб бораётган реал хавф" бўлмиш бу ядро қуроллари янада кўпайишидан ҳавотирга тушади.

"Эроннинг бу қуролга эришишга қарори қатъийга ўхшайди. Агар у бунга эришса, Туркия ва Саудия Арабистони қўл қовуштириб ўтирмаслиги тайин. АҚШ ядровий қуролсизланиш йўлидаги муҳим бўғимлардан бири бўлмиш "Ўрта масофа ядро кучлари ҳақидаги битим"дан чиқди. Янги "Стратегик қуролларни қисқартиш ҳақидаги битим"дан ҳам чиқиши мумкинлиги ҳақида шама қилмоқда", дейди Жефф.

"Россия янги ядро қуроллари тизимига алоҳида эътибор бермоқда, Хитой эса келаси ўн йилда ядро қурол заҳирасини икки баробар оширмоқчи. Гарчи ҳозир оғир туш таъсирида терга ботиб уйғонмаётган бўлсам ҳам, ядро уруши эҳтимоли ортяпти деб ўйлайман. Ташвишга тушиш учун кўп сабаблар бор."

Суратлар аксарияти Жефф Ҳенигсонга тегишли.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek