Берлин деворининг қулаши: 1989 йил дунё харитасини қандай ўзгартирганди?

Revellers celebrate the opening of the Berlin Wall

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Дунёдаги ҳодисалар баъзан тез рўй беради, аммо бирортаси 1989 йилдаги ўзгаришлар тезлиги ва қудратига тенглашолган эмас.

Яқин тарихдаги энг машҳур ҳодисалар кулминацияси Берлин деворининг қулаши бўлган.

Девор қандай қилиб қулаган эди?

Бу 1989 йили 9 ноябр куни, ярим миллион одам Шарқий Берлинда оммавий норозилик намойишига тўпланганидан беш кун ўтиб рўй берган, ўша норозилик куни Шарқий Германияни Ғарбий Германиядан ажратиб турган Берлин деворига дарз кетган эди.

Шарқий Германияни Германия Демократик республикаси, Ғарбий Германияни Германия Федератив республикаси деб аташар эди.

ГДР раҳбарияти норози намойишчиларни тинчлантириш учун чегара назоратини юмшатди, Шарқий Германия фуқароларининг ғарбга ўтишини осонлаштирдилар. Чегарани буткул очиш уларнинг режасида йўқ эди.

Ўзгаришлар кичик эди, аммо улар йирик натижаларга етаклаган ўзгаришлар бўлиб хизмат қилди.

Видео тагсўзи, Би-би-си архивидан: Би-би-си мухбири Брайан Ҳанраҳа Берлин девори қулашига етаклаган шиддатли ўзгаришлар ҳақида лавҳа тайёрлаган эди.

Янги тартиб-қоида ҳақидаги матн ГДР ҳукумати сўзчиси Гунтер Шабовскининг қўлига топширилган, бироқ унинг матн билан танишиб чиқишга фурсати етмаганди. Мунтазам ташкил қилиб туриладиган ва ГДР телевидениеси тўғридан-тўғри намойиш этиб бориладиган матбуот анжумани вақти жаноб Шабовски матнни овоз чиқариб ўқиганида, янгиликлар барча репортёрларни ҳайратга солди.

"Энди мамлакат ташқарисига хусусий сафар қилишга рухсат берилади, бунинг учун олдиндан расмийлаштириш талаб қилинмайди", дейди Гунтер Шабовски. Ҳайратда қолган журналистлар кўпроқ тафсилотини билиш янги тартиб-қоида қачондан кучга киришини сўрайдилар.

Қўли остидаги қозоғларга қараб, саволга тааллуқли жойини тополмаган Шабовски, эълон қилиниши билан кучга киради, деб айтади.

Аслида янги тартибни эртанги кундан кучга киритиш режаланган, визага мурожаат қилиш ҳам кўзда тутилган эди.

Телевизорни кўриб турган жуда кўп сонли Шарқий германияликлар чегарага оқиб борганлар.

Ўша тун чегарада посбонлик қилаётган Ҳаралд Жагер "Шпигел" журналига 2009 йилда берган интервюсида телевизорда матбуот анжуманини кўриб ҳайрон қолганини, бироз ўтиб чегарага оқиб келаётган оломонни кўрганини айтган.

East Germans enter West

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шарқий Берлин яшовчилари Ғарбий Берлинга ўтиб қариндошлари билан кўришишган, ҳаяжонли лаҳзалар кузатилган эди

Нима қилишни билмаган чегарачи Ҳаралд Жагер тўхтовсиз ўзининг бошлиқларига қўнғироқ қилган, бошлиқлар эса на дарвозани очиш, на оломонга қарата ўт очишга буйруқ берганлар. Кам сонли чегарачилар ғазабнок оломон билан юзма-юз келган, ўқотар қурол қўллашдан ҳам наф йўқ эди.

"Бирорта ўқ отилмаса ҳам бу талотўпда, чегара ўтиш жойида тўпланган минглаб одамларнинг орасидаги ваҳимада инсонлар жароҳатланиши ёки ҳалок бўлиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам мен қўлим остидагиларга тўсқларни очишга буйруқ бердим", деб айтган жаноб Жагер "Шпигел"га.

Минглаб инсонлар оқиб келар, кимдир хурсандчилигини яширолмай қийқирар, кимдир йиғларди. Кўплар Берлиннинг Бранденбург дарвозасидаги девор устига чиқиб олганди, одамлар болға ва киркалар деворни қўпоришга киришдилар.

Алғов-далғовли йил ўзининг кулминациясига чиққанди.

Девор нега қулади?

Иккинчи Жаҳон Уруши тугаганидан кейин Европа Совет Иттифоқи ва урушдаги собиқ ғарбий иттифоқчилари ўртасида бўлиб олдинди. Советлар Шарқни Ғарбдан ажратиб турадиган "Темир парда" барпо этди.

Урушда мағлубга учраган Германия ҳам ғолиб кучлар - АҚШ, Буюк Британия, Франция ва СССР ўртасида тақсимланди. Совет қўшинлари босиб олган Шарқий Германияга расман Германия Демократик республикаси деб ном берилди, у Совет Иттифоқининг Ғарбий Европадаги таянч нуқтасига айланди.

Берлин шаҳри ҳам тўртга бўлинди: Британия зонаси, Франция зонаси ва АҚШ зонаси ғарбда, Совет зонаси шарқда жойлашди. Ғарбий Берлин ҳамма томондан коммунистик Шарқий Германиянинг қуршовида қолди.

Шарқий Берлинда яшаётган инсонларнинг Ғарбга қочиб ўтаётганлари олдини олиш мақсадида девор 1961 йили қурилган эди.

Видео тагсўзи, Би-би-си 1961 йили Берлин девори қурилаётгани ҳақида репортаж тайёрлаган эди

1980 йилларга келиб Совет Иттифоқи ўткир иқтисодий муаммолар ва йирик озиқ-овқат тақчиллигига дуч келди. 1986 йил апрелида Украинадаги Чернобл АЭСининг портлаши коммунистик блок қулашининг рамзи сифатида ҳам кўрилди.

Ўзидан олдинги раҳбарларга солиштирганда анча ёш Михаил Горбачёв 1985 йили СССР раҳбари сифатида қудратга келди, у "гласность" - "ошкоралик" ва "перестройка" - "қайта қуриш" деб номланган ислоҳотлар сиёсатини бошлади.

Бироқ воқеалар Горбачёв ўйлаганидан тезроқ ривожланиб кетди.

Инқилобий тўлқин

Ислоҳотлар ҳаракатлари аллақачон СССР етакчилигидаги коммунистик блокни парчалаб бошлаган эди. Полшадаги бир неча йиллик норозилик ва иш ташлашлар натижасида қудратдаги коммунистик партия тақиқланган "Солидарност"- "Бирдамлик" касаба уюшмасини легаллаштиришга мажбур бўлди.

1989 йил февралида "Солидарност" ҳукумат билан музокаралар олиб борди ва ёзда бўлиб ўтган қисман эркин сайловда парламентдаги ўринларни қўлга киритди. Коммунистлар квота бўйича парламентдаги ўринларни сақлаб қолган бўлса-да, "Солидарност" ҳайъатдагиларга уларнинг жойи қаердалигини кўрсатиб қўйди.

Solidarity rally against closure of Gdansk shipyards during 1989 election campaign - 20 May

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Полшадаги "Солидарност" ҳаракати қисман эркин сайловни қўлга киритиш билан ғалабага эришди

Венгрияликлар ҳам март ойида демократия учун оммавий намойишларни бошладилар. Май ойида Венгриянинг Австрия билан чегарасидаги 240 километрлик симтўр олиб ташланди - бу "Темир Парда"да пайдо бўлган илк ёриқлар эди. Венгрияликлар 1956 йили Советларга қарши қўзғолон кўтаришганида қон тўкилиб, шафқатсизлик билан бостирилган эди. Лекин 1989 йилги норозиликни куч билан бостиришга журъат қилмадилар.

Август ойига бориб инқилоблар тўлқини авжига чиқди. Ўша пайтдаги Совет Иттифоқи таркибига кирган Эстония, Латвия ва Литвада 2 миллион одам 600 километрлик занжир ҳосил қилдилар, улар ўз мамлакатларининг мустақиллигини талаб қилдилар. Бу ўша замонда кўпчилик ёдида қолган "Куйловчи инқилоб" бўлган эди.

East Germans cross the Hungarian border into Austria - 21 August 1989

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Австрияга етиб олган Шарқий Германия фуқаролари бахтиёрлигидан кўз ёшларини тўхтатолмас эдилар

Август жазирамасида Венгрия ғарбдаги Австрия билан чегараларини очди, Шарқий германиялик қочқинлар Австрияга ўтиб олиш имкониятига эга бўлдилар.

"Темир парда" йиртила бошлади.

1968 йилдаги исёнлари қонли бостирилган Чехословакия ҳам эркинлик ислоҳотларини илгари сура бошлади, "Темир парда" ичидан қочиб чиқмоқчи бўлганларга йўл очди. Социалистик қўшни мамлакатга чекловсиз ўтиш рухсати бўлган ГДР фуқаролари ГФРнинг Чехословакиядаги элчихонасига оқиб кела бошладилар, улар поездларда Ғарбга эвакуация этилардилар.

Октябр ойида Шарқий Германия Чехословакия билан чегарасини ёпишга мажбур бўлди.

Бу вақтда ГДРнинг ўзида инқилоб ёйила бошлаган эди.

Шарқий Германия исёнчилари

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Инқилоб марказий шаҳарлардан бўлган Лейпцигда намойишчиларнинг эркинлик маршлари билан бошланди.

Шарқий Германия ГДР ташкил этилганининг 40 йиллигини нишонлаётган 9 октябр куни кўчага 70 минг намойишчи чиқди.

Ғарбий Германияда эркин сайловларни ташкил қилиш ва ГДРнинг янги коммунист раҳбари Эгон Кренц билан ислоҳотлар борасида музокаралар ўтказиш чақириқлари янграй бошлади. Ҳеч ким девор қулашига бир неча ҳафта қолганини билмасди.

Илк оммавий норозилик намойишлари ватани бўлган Венгрияда октябр ойи охирларида президентни тўғридан-тўғри сайлаш ва бир неча партиядан иборат парламент сайловини ўтказиш ҳақидаги қонун қабул қилинди.

Ва 31 октябрда Шарқий Германияда демократия талаби билан кўчаларга чиққанларнинг сони ярим миллионга етди. Жаноб Кренц Москвага учрашув учун учиб кетди - бундан сал олдинроқ у Би-би-си билан суҳбатда Германияни бирлаштириш масаласи Москвадаги учрашувлари кун тартибида йўқлигини таъкидлаган эди.

Presentational white space

Протестлар бошланганидан бир ой ўтиб - 4 ноябр куни Шарқий Берлин юраги ҳисобланган Александрплацда ярим миллион намойишчи тўпланди.

Орадан уч кун ўтиб ҳукумат истеъфо берди. Аммо раҳбариятда демократия бериш нияти йўқ эди ва Эгон Кренц ҳамон Коммунистик Партия раҳбарилигича қоларди.

Аммо бу узоққа чўзилмади. Беш кун ўтиб, жаноб Шабовски ўзининг дунёни ўзагртирувчи матбуот анжуманини ўтказди.

Нега Советлар қуролли кучларини ишга солмади?

1989 йил ёзларида Хитой пойтахти Пекиндаги Тянанмен майдонига демократия чақириқлари билан чиққан намойишчилар ҳарбийлар томонидан шафқатсизлик билан бостирилган эди.

Бундан олдинги исёнларни СССР ҳарбийлар кучи билан бостирган эди. Хўш, бу гал нега ундай қилмади?

Совет Иттифоқининг ичида мамлакати мустақиллиги талаби билан чиққан намойишчилардан 21 киши Грузия пойтахти Тбилисида ўлдирилган, бироқ коммунистик блок ичидаги бошқа бирор мамлакатда намойишчиларга қарши ҳарбийлар ташланмади.

Советлар сиёсатига зид равишда Михаил Горбачёв қўшни мамлакатлардаги оммавий намойишлар ва сиёсий инқилобларни бостиришга ҳарбийлар таҳдидини қўллашга қарши чиқди.

"Биз Фрэнк Синатра доктринасини танлаганмиз", - деб айтган СССР Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Геннадий Герасимов АҚШ телевидениесига берган интервюсида. - "Унинг(Синатранинг) `I (Did) It My Way(Ишни ўзи хоҳлаган йўлда қилдим)' деган қўшиғи бор. Шундай экан, ҳар бир мамлакат ўзи хоҳлаган йўлни танлайди."

Европа тарихида янги саҳифа

3 декабр куни Михаил Горбачёв АҚШ Президенти Жорж Буш(Отаси) билан Малтада юзма-юз учрашди, учрашув якунида икки қудратли мамлакат ўртасидаги "Совуқ Уруш" якунига етаётгани ҳақида баёнот эълон қилдилар.

Demonstration on Letna Plain in Prague - 25 November 1989

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чехословакия коммунизмини ағдариш мақсадида ярим миллиондан ортиқ намойишчи 1989 йил ноябрида Прагада тўпланганди

1989 йилги инқилоб тўлқини ҳали ниҳоясига етмаганди.

Прагадаги талаба намойишчилар полиция билан тўқнашдилар. Ушбу тўқнашувлар "Бахмал инқилоб"га етаклади, у эса Чехословакия коммунизмини бир неча ҳафта ичида ағдариб ташлади.

Руминияда эса намойишлар қон тўкилишларига ҳамда коммунист диктатор Николай Чаушескунинг ҳокимиятдан ағдарилишига етаклади. Чаушеску саройидан қочганидан кейин ғазабланган оломон саройга штурм қилди, янги ҳукумат қудратга келди.

Romanian troops and civilians hide from snipers in downtown Bucharest - 24 December 1989

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўша йили қон тўкилган Шарқий Европадаги ягона инқилоб Руминия инқилоби бўлди

Чаушеску ва унинг рафиқаси Елена 25 декабр куни қўлга олинди. Руминия инқилобидан олдинги норозиликлар ва тўқнашувлар пайти 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу аксари қон тўкилишсиз кечган Европадаги инқилобларнинг буткул текскариси эди.

1989 йилдан кейин

Совет Иттифоқининг ўзидачи?

1990 йили Латвия, Литва ва Эстония ўзларига берилган сиёсий эркинликлардан фойдаланиб, коммунистик ҳукуматларини четлатиш ва мамлакатлари мустақилликлари учун овоз бердилар. Совет Иттифоқи парчаланиб бошлади, аммо Михаил Горбачёв 15 та Совет республикаси раҳбарларини бир жойга йиғиш сингари ўзининг сўнгги бесамар уринишини қилиб кўрди.

Қаттиққўл коммунистлар Горбачёв ислоҳотларига қарши эдилар, улар Горбачёв Қримда дам олаётган 1991 йил августида давлат тўнтариши уюштириб, уни уй қамоғига олдилар.

Давлат тўнтариши раҳбарлари уч кундан кейин Россия республикаси президенти Борис Елцин етакчилигидаги демократияпараст кучлар томонидан мағлуб этилди.

Аммо 1991 йил августидаги ГКЧП СССР ўлимига чалинган қўнғироқ овози бўлди. Бунинг ортидан республикалар бирин-кетин ўз мустақилликларини эълон қилдилар. Ўзбекистон мустақиллиги 31 августда эълон қилинди, 1 сентябр Ўзбекистон Мустақиллиги куни сифатида нишонланадиган бўлди. 1991 йилнинг охирига бориб Совет байроғи буткул туширилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek