Ким қанча: давлатлар карантиндаги аҳолисига қанча пул беряпти? Коронавирус O’zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images
Коронавирус туфайли тадбиқ қилинган карантин дунё бўйлаб давлатларни инқироз режимига солиб қўйди. Улар 1930-йиллардан бери энг ёмони бўлиши кутилаётган иқтисодий бўҳрон зарбасини юмшатиш илинжида харажатларни кескин оширдилар.
Халқаро валюта жамғармасига кўра, 7 апрелга келиб жаҳон бўйлаб давлатлар фавқулодда молиявий кўмак чоралари учун 4,5 триллион доллар ажратишган. Охирги ҳафталарда бу кўрсаткич фақат ўсиб борди.
Хўш, бу чоралар бир давлатдан иккинчисига қараб қандай фарқ қилади?
Янгича харажат
Колумбия университети профессори Жейҳун Элгин ўз ҳамкасблари билан 166та давлатдаги молиявий кўмак чораларини кузатиб келмоқда.
Унинг ҳисоб-китобига кўра, энг катта чора Японияда кўрилди - у ердаги ёрдам кўлами мамлакат иқтисодининг 20 фоизига тенг бўлди. Ундан тепада фақат Малта турибди, чунки Малта Европа Иттифоқи жамғармаларидан баҳраманд.
Айни дамда, АҚШдаги харажатлар Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 14 фоизини, Австралияда - 11%, Канадада - 8,4%, Британияда - 5%, Колумбияда - 1,5% ва Гамбияда 0,6 фоизни ташкил қилган.
Аммо, агар харажатлардан ташқари чоралар, масалан, марказий банклар кўраётган чоралар ҳам ҳисобга олинса, бу тартиб бироз бошқача тус олади.
Европанинг энг катта давлатларида, мисол учун, карантин туфайли жабр чеккан бизнесларга банклар томонидан янги кредитлар берилишини кафолатлаш коронавирусга қарши иқтисодий чораларнинг энг катта қисми бўлди.
Американинг Марказий банки ҳам ўхшаш мақсадлар билан шу каби кредит дастурларини кўпайтирди.
Мана шу омиллар ҳам ҳисобга олинса, Франция биринчи ўринга, Британия эса 47-ўриндан бешинчи ўринга чиқади.
Профессор Элгиннинг айтишича, энг йирик молиявий кўмак чоралари бойроқ, кексароқ, ҳамда касалхона каравотлари камроқ бўлган давлатларда кўрилди. Ундан ташқари, АҚШ ва Япония каби давлатлар янги харажатларни молиялашга унчалик қийналишмайди, чунки инвесторлар орасида уларнинг бондларини сотиб олишга иштиёқ юқори бўлиб қолмоқда, бу эса улар учун қарз олиш қимматга тушмаслигини англатади.
Аммо, айни дамда, Профессор Элгинга кўра, катта дегани ҳар доим ҳам самарали дегани эмас. Давлатлар бу харажатларни амалга оширишнинг турлича усулларини танлаганлар.

Сурат манбаси, President.uz
«Бу кўмак пакетлари таркиблари турлича иккиламчи фойдага етаклаши мумкин ва бу турлича оқибатларга етаклайди», дейди у.
Халқаро валюта жамғармасининг молиявий масалалар бўйича бўлими директори муовини Паоло Мауронинг айтишича, компанияларга кўмак беришга қаратилган чоралар асосан «иқтисоди ривожланган давлатлар»да кузатилади. Бу молиявий кўмаклар миқдори йирик бўлса-да, улар риск жиҳатидан одатда кичик рискли бўлади, чунки аксар компаниялар қарзни ўз вақтида қайтаришга қодир бўлади.
Аммо, баъзи камбағалроқ давлатлар молиявий кўмак чораларини кўриши учун халқаро ташкилотлар ва бошқа донорларга мурожаат қилишга мажбурлар.
Тўғридан-тўғри тўловлар
Дунё бўйлаб амалга оширилган кўмак чоралари орасида бевосита нақд пул ёрдами ҳам бор.
Кўпгина давлатларда молиявий ёрдам қашшоқ ёки норасмий секторда ишлайдиган одамларга қаратилган, ёки карантин туфайли иш тартиби ўзгарган одамларни кўзда тутган.
Мисол учун, Канада пандемия туфайли даромадини йўқотгатган одамларга тўрт ойгача ойига 1400 доллардан тўлаяпти. Коста Рика эса вирус туфайли ишидан айрилганларга ойига 220 доллар бермоқда.
АҚШ ва Осиёдаги баъзи давлатлар унданда кенгроқ усулни қўллашяпти.
Америкада йилига 99 минг доллардан кам топадиган одамлар (америкаликларнинг тахминан 90 фоизи) ҳар бир вояга етган оила аъзоси учун 1200 доллар олади. Жанубий Корея эса даромад поғонасининг пастки 70 фоизига кирувчи аҳолиси учун 820 доллардан улашяпти.
Гонконг ҳар кишига 1280 доллардан берилишини эълон қилган, Япония ўз фуқароларига 931 доллардан, Сингапур эса 422 доллардан улашган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бундан фарқли равишда, Европадаги аксар давлатлар бу каби нақд пул ёрдамларини беришмади ва асосан шундоқ ҳам кучли саналган бошқа имтиёзли дастурларга таянишмоқда. Масалан, Британияда ишсиз ва ногиронларга бериладиган Universal credit дастури кўлами кенгайди.
«Агар буни АҚШ билан солиштирсангиз, аслида АҚШда янаям кўпроқ кўмак берилиши кераклигини кўрасиз, чунки у ердаги ижтимоий кўмак дастурлари анча кичик», дейди Мауро.
Маош субсидиялари
Яна бир стратегияга кўра, давлатлар карантин туфайли жабр чеккан компаниялар ходимларининг маошларини қоплашга ёрдам бера бошладилар. Умид шуки, агар компаниялар ўз ишчиларини сақлаб қолса, карантин тугаши билан иқтисод қайта жонланиши тезлашади.
Бунда Голландия энг сахий намоён бўляпти - у ерда компаниялар ходимлари маошлари 90%гача давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Францияда бу кўрсаткич - 84%, лекин агар ишчи энг кам иш ҳақига ишлаб келаётган бўлса, унда маоши 100% қопланади.
Британияда ҳар бир карантиндаги ишчи маошининг 80 фоизи камида уч ой давомида давлат томонидан қопланади, Канадада эса - 75%.
АҚШ бироз бошқача усулни қўлламоқда - у ерда агар компаниялар учун 650 миллиард долларлик кредит ажратилди. Агар компаниялар ўз ишчиларини бўшатмаса ва шу пулнинг аксар қисмини икки ой ичида асосан маошларга сарфласа, қарзни қайтиб тўлаши шарт эмас.
Аммо, АҚШдаги бу Paycheck Protection Program дастури нафақат ўта катта талаб остида, балки катта можаро ичида қолди, чунки танқидларга кўра, йирик компаниялар кичик бизнесларга ёрдам учун ажратилган пулнинг аксарини сўриб олишяпти.
Бошқа компаниялар эса кўмакнинг асосан маошларга ажратилаётганидан норозилар, чунки уларга кўра, уларнинг омон қолишига аслида бошқа харажатлар таҳдид солади.
Молиявий эксперт Даниэл Баннга кўра, давлатлар узоқ муддатда бу каби кўмак беришда давом эта олмайди, аммо ҳозирча улар сахий бўлишга қарор қилишган. Лекин, бу сахийлик етарли ё етарли эмаслигини айтишга ҳали анча эрта.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












