You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус: Трамп Европадан АҚШга сафарларни тўхтатиб қўйди, Ўзбекистон қўшниси Қозоғистонда оммавий тадбирлар бекор қилинди - O'zbekiston
АҚШ президенти Доналд Трамп коронавирусга қарши курашда кескин чораларга қўл урди.
Европа билан ҳаво транспортида қатнов чекланди.
Аммо бу "қатъий, лекин зарур" чоралар Буюк Британияни четлаб ўтишини айтди.
Буюк Британияда 12 март маҳаллий вақт билан тонгги соат 7 га қадар 460 киши коронавирусга чалингани расман тасдиқланган.
Трампнинг қарори асосан Шенген визасиз ҳудудига аъзо давлатларга қаратилган.
Ҳозирда Америка бўйлаб 1135 киши вирусга чалингани айтилади.
Қурбонлар сони 38 та.
Трампга кўра, Европа Иттифоқи АҚШ каби эҳтиёт чораларини кўриш ва коронавирусга қарши курашда жонбозлик кўрсатмади.
Ўзбекистон қўшниси Қозоғистонда нима гап?
Ўзбекистоннинг ён қўшниси Қозоғистон эса барча оммавий тадбирларни тўхтатиб туришга қарор қилган.
Бу ҳақда мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тўқаев ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилган.
Айни пайтда Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо мамлакат вазирларининг Қозоғистонда июн ойида кечиши режаланган анжумани ҳам бекор қилинган.
Коронавирус пандемияга айланди
Чоршанба куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус дунёни тутиб, пандемияга айланганини эълон қилди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Доктор Тедрос Аданом Гебреисуснинг айтишича, вирус тарқалиши охирги икки ҳафта давомида Хитойдан ташқарида 13 баробарга ошган.
У вирус масаласида "хавотирланарли даражада қўл қовуштириб" ўтиришдан жуда ташвишга тушганини урғулади.
Пандемия нима?
Пандемия - бирон касалликнинг бир вақтнинг ўзида дунёнинг қатор давлатларида тарқалиши.
ЖССТ раҳбарига кўра, коронавирус пандемияси эълон қилинган бўлса-да, қайси давлатларга бориш ҳақидаги маслаҳатлар ўзгармай қолмоқда.
Жаноб Гебреисус дунёдаги барча давлатларни "тезкор ва кескин чоралар" кўришга чақирди.
"Баъзи давлатлар вирусни жиловлаб, назорат қилиш мумкинлигини намойиш этдилар".
Унинг қайд этишича, кўплаб бошқа мамлакатлар ҳам энди шундай йўл тута оладими, деган масала қўйилмоқда.
Яъни вирус тарқалиши занжирини узиш ёки одамлар орасида тарқалишини жиловлаш каби вазифалар ҳал этилиши муҳим.
Дунё бўйлаб ҳукуматлар коронавирусга қарши курашар эканлар, бу жараёнда одамлар саломатлигини асраш, ҳаёт маромини иложи борича бузмаслик ва инсонлар қадр-қимматини ҳурмат қилиш каби вазифалар қаршисида турибдилар.
"Биз барчамиз биргаликда, осойишталик билан тўғри йўл тутишимиз ва дунёдаги фуқароларни ҳимоя қилишимиз керак" - деб айтган Тедрос Аданом Гебреисус.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek