Дунё, янгиликлар: Еврокомиссияда илк аёл раҳбар, АҚШда ҳибсга олинган президент ва Туркияни НАТОдан ҳайдаш керакми?

Эрдўғон ва Путин

Сурат манбаси, Mikhail Svetlov/Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрдўғон ва Путин

«Туркия НАТО таркибидан чиқарилиши керак»

НАТО Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўғоннинг Ғарб душманлари билан қалин алоқаларига ортиқ тоқат қила олмайди, дея ёзмоқда Daily Telegraph таҳлилчиси Кон Кохлин.

Унга кўра, «Туркияни НАТОдан ҳайдаш вақти келди.»

Таҳлилчининг ёзишича, 16 йиллик бошқаруви давомида жаноб Эрдўғон Европа истакларига қарши ўйин олиб бориб, ўзининг шахсий манфаатлари ортидан қувиб келди.

Россия ва Туркия ўртасида суперзамонавий C-400 ракеталари савдоси бўйича имзоланган $2 миллиардлик шартнома эса расмий Анқаранинг аслида ким томонда эканидан далолат бермоқда, дея ҳисоблайди Кон Кохлин.

«Турк етакчисининг Россия ҳарбий техникасига таяниш юзасидан олган қарори Москвани Европа барқарорлигига асосий таҳдид ўлароқ кўрувчи қолган барча НАТО аъзоларининг позициясига мутлақо зиддир,» дейилади мақолада.

Муаллиф альянснинг асосий аъзолари жаноб Эрдўғоннинг бундай қилиқларига ортиқ тоқат қилмаслигини кўрсатиб қўйиши шарт ва Туркия НАТО таркибидан чиқариб юборилиши лозим, дея таъкидлайди.

Аёл киши илк бор Европа Комиссияси президентлигига сайланди

Германия мудофаа вазири Урсула вон дер Леен яширин овоз бериш йўли орқали Еврокомиссия раҳбарлигига сайланди.

Леен хоним 1 ноябрдан ўз лавозимидан кетаётган Жан-Клод Юнкер ўрнини эгаллайди.

Комиссия Европа Иттифоқи қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқади, Иттифоқ ҳудудида тартиб-қоидаларни жорий этади ва зарур вақтларда аъзо давлатларга нисбатан жарималар белгилаш ваколатига ҳам эга.

Ўта ўнгчи қарашлари билан танилган 60 яшар Леен хоним Европа Иттифоқида ижтимоий ҳимояга катта эътибор қаратиш, қашшоқликка қарши курашишга ваъда берган ва аёллар ҳуқуқларини илгари суриш тарафдори эканини таъкидлаган.

Алехандро Толедо 20 миллион доллар пора олганликда айбланяпти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Алехандро Толедо 20 миллион доллар пора олганликда айбланяпти

Перу собиқ президенти АҚШда ҳибсга олинди

АҚШ расмийлари собиқ президент Алехандро Толедонинг Перу ҳукумати томонидан ўтган йилнинг март ойида юборилган экстрадиция сўрови асосида қўлга олинганини хабар қилмоқда.

Жаноб Толедо ўзининг 2001-2006 йиллардаги президентлиги даврида Бразилиянинг Odebrecht қурилиш компаниясидан $20 миллион миқдорида пора олганликда айбланмоқда.

Собиқ президент ўзига илгари сурилган барча айбловларни рад этади ва уларни сиёсий, деб атайди.

Жаноб Толедо шу вақтга қадар АҚШнинг Стенфорд Университетида ишлаб келаётган эди.

Эрон ўзининг ракеталар дастури бўйича ҳеч ким билан келишмоқчи эмас

Душанба куни NBC телеканали билан суҳбатлашган Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф агар АҚШ санкцияларни олиб ташласа, расмий Теҳрон ўзининг баллистик ракеталар дастури юзасидан музокараларга тайёр эканини билдирган эди.

Аммо Эроннинг БМТдаги миссияси вакили Алиризо Мирюсуф вазирнинг сўзларини қатъиян рад этган.

Жаноб Мирюсуфга кўра, матбуот воситалари вазир Зарифнинг гапларини буткул нотўғри талқин қилган.

Эрон миссияси вакили қуроллар масаласи «ҳеч қандай шарт-шароитда муҳокама қилинмаслиги»ни таъкидлаган.

Охирги бир йилдан бери АҚШ ва Эрон муносабатлари ўта даражада совуқлашиб кетган.

Президент Доналд Трамп АҚШнинг «Эронда мавжуд тузумни ўзгартиришни кўзламаётгани,» аммо мамлакат ядровий қурол яратмаслиги ва «баллистик ракеталарни синовдан ўтказмаслиги шарт» эканини таъкидлаб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek