Дунё, янгиликлар: Байрамга таклиф этилмаган Путин, дуоларни ўзгартирган Папа ва БААда танкерларга ҳужум

Сурат манбаси, AFP
БАА танкерларга қилинган ҳужум ортида «бир давлат» турганини билдирди. Папа Франсис «Парвардигоримиз» дуосини ўзгартирди - черковлар дарғазаб. Владимир Путин Д-Дей юбилейига таклиф этилмаганидан хафа эмаслигини айтди. Мексика АҚШ босими остида чегараларини ёпмоқда
БАА танкерларга қилинган ҳужум ортида «бир давлат» турганини билдирди
12 май куни Бирлашган Араб Амирликларининг сув ҳудудида БАА, Саудия Арабистони ва Норвегияга тегишли тўрт танкерга ҳужум уюштирилган эди.
БАА БМТ Хавфсизлик Кенгашига бундай мураккаб ҳужум ортида оддий жиноятчилар эмас, балки «бир давлат» турганини билдирган, аммо айнан қайси давлатдан шубҳаланаётганини айтмаган.
Халқаро текширув гуруҳига кўра, ҳужумни амалга оширганлар БАА ҳудудига катта тезликда сузадиган қайиқларда кириб келган ва магнитли миналар ёрдамида танкерларга қарши саботаж уюштирган. Уларнинг мақсади танкерларни чўктириш эмас, шунчаки кичик кўламда зарар етказиш бўлган.
АҚШ ва Саудия Арабистони ҳужум ортида Эрон турганини таъкидлаган. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон бу «аниқ» Эроннинг иши эканига ишонишини маълум қилган.
Америкалик расмийлар ҳужумларни ўзи ва иттифоқчиларига қарши «ҳаракат» ўлароқ кўрган.
Бироқ Эрон бу айбловларни қатъиян рад этган. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги айбловчилар сўзларини «тутуриқсиз» деб атаган.
Папа Франсис «Парвардигоримиз» дуосини ўзгартирди - черковлар дарғазаб

Сурат манбаси, Getty Images
Рим Папаси Франсис "Парвардигоримиз" дуосининг итальянча таржимаси матнига ўзгартиришлар киритган. Бу янгилик католик руҳонийлари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ғазабга миндирган.
Илоҳиётшунослар ва руҳонийлар янги матн устида 16 йил тер тўккани айтилади. Ватикан 22 май куни янги таҳрирни маъқуллаган.
Эндиликда, дуодаги «бизни йўлдан оздирма» жумласи «васвасага тушишимизга йўл қўйма» билан алмаштирилади.
Папа Франсис 2017 йилдаёқ «Парвардигоримиз» дуосига ўзгартириш киритиш зарурлигини таъкидлаган эди:
«Худо бизни йўлдан оздирмайди, балки қоқилишингиз билан ўрнингиздан туришга ёрдам беради. Бу қўпол таржима, чунки бу ерда йўлдан озишга етаклайдиган Худо ҳақида гапирилмоқда. Йўлдан оздириш эса иблиснинг иши.»
Қатор черковлар хизматчилари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Папани илоҳий ёзувларни ўзгартиришда айблаб чиққан. Ҳатто, айрим фойдаланувчилар уни «лавозимидан бўшатилиши»ни ҳам талаб қилган.
Владимир Путин Д-Дей юбилейига таклиф этилмаганидан хафа эмаслигини айтди

Сурат манбаси, AFP
Пайшанба куни қатор давлат раҳбарлари, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп Иккинчи Жаҳон Уруши тақдирини ўзгартирган Д-Дей - Франция шимолига иттифоқчи кучлар келиб тушишининг 75 йиллик юбилейида иштирок этди.
2014 йилда ўтган 70-юбилейга таклиф этилган жаноб Путин бу сафар четда қолиб кетган.
Бироқ президент Путин дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари орасида хотира кунини ўтказмаганини «муаммо эмас» деб атаган. Унинг сўзлашича, Россиянинг ўзида «иши бошидан ошиб ётибди.»
1944 йил 6 июнь куни иттифоқчи кучлар Германияга қарши тарихдаги энг йирик денгиз ва ҳаво ҳаракатини бошлаган эди. Аксар тарихчилар бу воқеа уруш тақдирини ҳал этганини таъкидлайди. Бироқ Россия бу иддаога қўшилмайди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захаровага кўра, Курск ва Сталинград жангларидан сўнг Германиянинг мағлубияти аниқ бўлиб бўлган эди.
Мексика АҚШ босими остида чегараларини ёпмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Трамп Мексикадан АҚШга муҳожирлар оқими кириб келаётганини таъкидлаб, қўшниси товарларига нисбатан бож тарифларини ошириш билан таҳдид қилган эди.
Вашингтонни бу фикридан қайтариш илинжида Мексика Гватемала билан чегараларига Миллий Гвардиянинг 6,000 зобитини ташлаган.
АҚШ аксарияти Марказий Америкадан келаётган юз минглаб муҳожирлар ҳар йили Мексика орқали мамлакатга киришга уринишини айтади.
Президент Трамп агар Мексика ушбу одамларни ўз ҳудуди орқали ўтказишда давом этаверса, у ҳолда, Мексика товарларига 5 фоизли бож қўйишини таъкидлаган. Мабодо, Мексика шунда ҳам бирор чора кўрмаса, бож тарифи ҳар ой 5 фоизга ошиб боришини билдирган.
АҚШ машиналар, пиво, текила, мева ва сабзавот каби Мексика товарлари учун асосий бозор ҳисобланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












