Дунё, янгиликлар: Одам қанчагача чидай олади ва дарёда жасадлар оқди

Сурат манбаси, Getty Images
Одам танасининг энг юқори бардош чегараси маълум бўлди
Тур де Франс каби нуфузли спорт ўйинларидаги атлетлар тана ҳолатини таҳлил қилган олимлар одам танаси, энг кўпи билан, қандай босимга бардош беришини ҳисоблаб чиқди.
Хулоса: метаболизм (моддалар алмашинуви)нинг тинч ҳолатдаги одатий тезлигидан икки ярим баробар ортиқ ҳаракат қилиш ёки бир кунда 4,000 калория ёқиш. Ўртача инсон танаси бундай кўрсатгичга олиб келадиган ҳаракатлардан ортиғига бардош бера олмайди.
Дюк Университети томонидан амалга оширилган тадқиқот ҳомиладор аёллар бардош бериш бўйича ҳақиқий «мутахассис» эканини кўрсатган - улар бу давр давомида инсон танаси чидам бера оладиган энг юқори нуқтага яқин яшайди.
Тадқиқотда узоқ муддат давом этган қатор марафонлар иштирокларининг тинч ҳолатдаги метаболизм тезлиги - тана одатий ҳолатда калорияларни ёқиши даражаси - югуриш бошланишидан олдин ва кейин текшириб кўрилган.
Олимлар шу пайтга қадар ҳали ҳеч ким тинч ҳолатдаги метаболизм тезлигининг икки ярим баробаридан ортиб кетишига олиб келувчи ҳаракатларни бажаришга узоқ вақт давомида бардош бера олгани аниқланмаганини таъкидлайдилар.
Ўта экстремал ҳаракатларда одам танаси бу нуқтадан бир неча баробар юқори босимга бардош бериши мумкин, аммо бундай ҳаракатларни узоқ вақт амалга оширишга ҳеч кимнинг кучи етмайди, дейди олимлар.
Нил дарёсида ўнлаб суданлик намойишчиларнинг жасади топилди

Сурат манбаси, AFP
Судан пойтахти Хартум ҳудудидан оқиб ўтувчи Нил дарёсидан қирқта жасад олиб чиқилган. Судан Шифокорлари марказий қўмитаси бу одамлар 3 июнь куни ҳукуматга қарашли яримҳарбий қуролли гуруҳ томонидан ўлдирилгани ва ҳарбийлар жасадларни номаълум томонга олиб кетгани ҳақида хабар берган.
Душанба куни ҳарбийлар тинч намойишларни қуролли йўл билан тарқатишга урингани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Шифокорлар марказий қўмитаси охирги икки кун ичида юз нафар инсон ўлдирилганини таъкидлаган.
Ушбу хабарлар юзасидан сукут сақлаб келаётган Судан муваққат ҳукумати вакили бугун, пайшанба куни, намойишларни тарқатиш вақтида 46 нафар инсоннинг отиб ўлдирилганини тан олган.
Суданда аксилҳукумат намойишлар деярли етти ойдан бери давом этмоқда. Апрель ойида мамлакатни 30 йил бошқарган президент Омар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилган ва ҳарбийлар қудратга келган эди, аммо намойишчилар фуқаролик ҳукумати шакллантирилмагунча тарқалмаслигини таъкидлаб келмоқда.
Huawei 5G технологияси бўйича Россия билан шартнома имзолади

Сурат манбаси, Getty Images
Хитойнинг Huawei компанияси Россияда баҳсли 5G технологиясини ривожлантириш бўйича МТС телеком фирмаси билан шартнома имзолади.
Шартнома Хитой раҳбари Си Жингпингнинг Россияга уч кунлик ташрифи бошланган вақтда имзоланган.
МТС тарқатган баёнотда «5G технологияларининг биринчи навбати 2019 ва 2020 йилларда ишга туширилиши» айтилади.
Айрим Ғарб давлатлари, айниқса, АҚШ Huawei технологияларининг Хитой фойдасига жосуслик фаолиятини амалга оширилишида хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаб келади. Хавфсизлик иддаолари ортидан Huawei охирги вақтда қатор халқаро тақиқларга дуч келган.
Huawei бундай даъволарни қатъиян рад этиб, ўзининг Хитой ҳукуматидан мустақил эканини айтади.
Мексикада учта йирик метамфетамин лабораторияси йўқ қилинди

Сурат манбаси, AFP
Ҳарбийлар ва полиция биргаликда амалга оширган рейд давомида Мексиканинг Синалоа штатидаги синтетик наркотик модда ишлаб чиқарувчи учта лаборатория аниқланиб, йўқ қилинган.
Расмийлар ушбу лабораториялар 17 миллион дозага етувчи метамфетамин ишлаб чиқарган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Кристал кўринишдаги метамфетамин ўта кучли наркотик восита ҳисобланиб, уни чекиш, бурун орқали ичга тортиш ёки укол орқали танага юбориш мумкин.
Мамлакат шимолий-ғарбида жойлашган Синалоа штати узоқ вақтдан бери айни номдаги жиноий картель томонидан назорат этиб келинади. Жорий йилнинг ўзида штатда 20 та наркотик модда тайёрловчи лаборатория йўқ қилинган.
Синалоа картелининг собиқ раҳбари, "Эл Чапо" номи билан машҳур Хоакин Гузман АҚШ суди томонидан наркотик моддалар ташишда айбланган ва унинг устидан ҳукм шу ойнинг сўнггида ўқилиши кутилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












