Дунё, янгиликлар: Шри Ланкада тақиқланган бурқа, рекордни янгилаган «Қасоскорлар» ва Испания парламентига келган радикал ўнгчилар

Сурат манбаси, Getty Images
Шри Ланкада жамоат жойларида бурқа ва ниқобда юриш тақиқланди.
Шри Ланка ҳукумати 21 апрел куни юз берган худкуш ҳужумлар ортидан жамоат жойларида бурқа ва ниқобда юришни тақиқловчи фавқулодда тартибларни жорий этди.
Ҳукумат баёнотида ниқоб ва бурқа номи тилга олинмаган бўлсада, «юзни тўсиб турувчи ҳар қандай либоснинг миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида тақиқланиши» айтилади.
- Чет элликлар ҳам соқолга қўйилган тақиқ билан юзлашадими?
- Шри Ланкадаги портлашларда аслида қанча одам ҳалок бўлган?
- Хитой чўчқалари, Антарктида пингвинлари ва Россия фуқаролиги
- Шри Ланка портлашлари; Украина сайлови: Зеленский ютадими ё Порошенко?
- Жинсий тажовуз ҳақида шикоят қилгани учун тириклай ёқиб юборилган қиз
Расмийларга кўра, мамлакатда худкуш ҳужумларнинг қайтадан кузатилиши эҳтимоли юқори ва шу сабабдан шахсни аниқлашга имкон бермайдиган либослар хавфсизлик чоралари кўришга халал беради.
21 миллионли Шри Ланка аҳолисининг 10 фоиздан камроғи Исломга эътиқод қилади ва муслималарнинг жуда кам қисми жамоат жойларида диний либосларда юради.
Камида 250 инсонни ҳаётдан олиб кетган портлашларга алоқадорликда гумонланиб, 150 шахс ҳибсга олинган. Бундан ташқари мамлакат бўйлаб ИШИДнинг 140 нафар издошини қўлга олиш амалиёти давом этмоқда.
«Қасоскорлар: Интиҳо» (Avengers: Endgame) филми қисқа муддатда $1 миллиард даромад келтирди

Сурат манбаси, Getty Images
Суперқаҳрамонларга бағишланган «Қасоскорлар: Интиҳо» блокбастери кино тарихида жуда кам муддат ичида $1 миллиардлик маррани кесиб ўтган филмга айланди - «Қасоскорлар» атиги беш кун ичида $1,2 миллиард ишлаб топган.
АҚШдаги чипталар сотувининг ўзи филм ижодкорларига $350 миллион келтирган. Хитой «Қасоскорлар: Интиҳо» севиб томоша қилинган иккинчи давлатга айланган - чинликлар бу блокбастерни кинотеатрларда кўриш учун $330,5 миллион сарфлаган.
Мазкур филм 2008 йили «Темир Одам» билан бошланган Қасоскорлар франшизидаги 22-киноасардир.
Радикал ўнгчилар илк бор Испания парламентидан жой эгаллади

Сурат манбаси, AFP
Якшанба куни Испанияда ўтган сайловда шу вақтгача қудратда бўлган Социалистик партия ғолиб бўлди, бироқ ўта ўнгчи Vox партиясининг парламентдан ўрин эгаллагани энг муҳим воқеага айланди.
Vox 10 фоиздан ошиқроқ овозни қўлга киритган, лекин шу натижанинг ўзи радикал ўнгчиларнинг парламентдаги 350 ўриндан 24 тасини эгаллаши учун етарли бўлган.
Европанинг бошқа мамлакатларида кузатилаётган ҳолат каби, сўнгги йилларда, Испанияда ҳам радикал ўнгчи популистларнинг машҳурлиги ортиб бормоқда.
Vox партияси маданиятлар хилма-хиллиги, феминизм ва чекланмаган иммиграцияга қарши чиқишлари билан маълум.
Диктатор Франсиско Франконинг 1975 йилда вафот этиши ортидан, узоқ вақт, Испанияда ўта ўнгчиларнинг ҳеч қандай истиқболи йўқ, деб ҳисоблаб келинар эди. Бироқ Vox партиясининг кечаги ғалабаси бунинг аксини исботламоқда.
Экспертларнинг тахмин қилишича, радикал ўнгчиларнинг машҳурлиги ортишига Каталония мустақиллигини эълон қилиш йўлида давом этаётган уринишлар сабаб бўлган.
Ўнгчилар Каталония бўлгинчилари билан муроса қилиш истагини билдирган Бош вазир Педро Санчезни ватанга нисбатан хиёнатга қўл уришда айблаб келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














