Дунё: Чет элликлар ҳам соқолга қўйилган тақиқ билан юзлашадими?

Man with beard

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Жейн Уэкфийлд
    • Role, Технология мухбири

Уч йил аввал АҚШдаги йирик супермаркетлар тармоғи бўлмиш Publix ходимлари иш жойида соқолга қўйилган тақиққа қарши онлайн ҳаракат бошлаган эдилар.

17 ёшли Брендон Уэсли ушбу ҳаракатга асос солганидан сўнг тармоқ ходимларининг 12 минг нафари (умумий ишчиларнинг 4 фоизга яқини) унга қўшиладилар.

Ҳаракат кенг оммавий ахборот воситалари назарига тушиши ортидан тармоқ раҳбарияти тақиқни бекор қилишга мажбур бўлади. Ҳозирда ходимлар чиройли тарзда оро берилган соқол билан бемалол ишга келишлари мумкин.

Мазкур онлайн ҳаракат ишчилар синфига ўз дардини баралла айтиш имконини берувчи coworker.org вебсайтида бошланган эди.

Вебсайт асосчиси Жесс Катчнинг сўзларига кўра, соқол масаласи арзимас муаммодек кўриниши мумкин, аммо кўплаб одамлар у яратган платформа ёрдамида иш жойида дуч келинаётган ёқимсиз вазиятлар ҳақида гапириш имконига эга бўлмоқда.

Катч хоним «21 асрда ишчилар ҳаракатини» ташкил этиш истагида эканини айтади.

Унга кўра, бугун АҚШда ишчиларнинг касаба уюшмаларидаги иштироки кескин камайган - хусусий секторда меҳнат қилувчи инсонларнинг 93 фоизи ҳеч қандай уюшмага аъзо бўлмаган.

Айни вақтда, иш турларининг янгича кўриниш олаётгани ишчиларнинг уюшишига тўсқинлик қилмоқда, ишдаги шароитлар эса борган сари оғирлашиб бормоқда.

"Uber ва Lyft каби компаниялар ишчилари онлайн буюртмалар асосида меҳнат қилади. Улар ўз ҳамкасбларини деярли танимайди," изоҳлайди Катч хоним.

Uber

Минглаб Uber (одамларга интернет орқали такси топиш хизматини таклиф қилувчи компания) ҳайдовчилари coworker.org вебсайтига мурожаат этиб, мобил иловада чойчақа қолдириш танлови яратилишини исташларини билдирганлар.

Ҳайдовчиларнинг шикоят қилишича, Uber мобил иловасида чойчақа қолдириш имконининг йўқлиги ортидан уларнинг турмуш шароити ва даромади сезиларли ёмонлашган.

Ниҳоят, Uber иловада шундай имкониятни жорий этган. Катч хоним бу натижага айнан унинг платформасидаги ҳаракат сабаб бўлган, деган фикрда эмас, лекин у орқали компания ўз ишчиларининг оғриқли муаммосидан бохабар бўлганига ишонади.

Jess Kutch

Сурат манбаси, TED

Google қудрати

Coworker.org вебсайтидаги кўплаб ҳаракатлар технология соҳасида банд бўлган инсонлар томонидан ташкилланади, дейди Катч хоним.

Улар орасида корпорациянинг зиддиятли ички сиёсатларидан норози бўлган Google ходимлари анчайин фаолдир.

2018 йил ноябрда 20 минг Google ходимлари компанияни бир жинсий тажовуз ишини бости-бости қилишда айблаб, норозилик акцияси ўтказган.

Шунингдек, ходимлар компанияни сунъий идрок бўйича ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилиш фикридан қайтаришга ҳам муваффақ бўлганлар.

Яқинда эса Google ишчилари аксил ЛГБТ изоҳлар билдирган ахлоқ масалалари кенгаши раҳбарини ишдан бўшатилишига эришганлар.

Шундан сўнг Google ушбу маслаҳат кенгашини тарқатиб юборишга мажбур бўлган.

Катч хоним Google ходимларининг бундай ҳаракатларини замонавий ишчилар синфининг «тарихий лаҳзалари» деб атайди.

"Google ходимларининг бу каби муваффақиятларини кўрган технология соҳасидаги бошқа ишчилар ҳам ўз сўзини баралла айтишга руҳланмоқда."

У ўз платформасида технология соҳаси ходимларининг янада кўплаб ҳаракатлари пайдо бўлишидан умид қилишини билдиради.

«Борган сари технология соҳаси ходимлари асосий меҳнат ҳуқуқларидан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи шартномаларни кўпроқ имзоламоқда. Бу соҳада меҳнат ҳуқуқининг бўғилишига оид муаммолар ҳали бисёр,» дейди Катч хоним.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek