Дунё, янгиликлар: Шри Ланкадаги портлашларда аслида қанча одам ҳалок бўлган?

Сурат манбаси, Getty Images
Шри Ланка ҳукумати ҳужумларда ҳалок бўлганлар сонини камайтирди
Шри Ланка ҳукумати Пасха Якшанбаси вақтида уюштирилган худкуш ҳужумлар қурбонларининг расмий сонини 100 нафарга камайтирди. Аввалроқ, террорчилик ҳаракати ортидан 359 кишининг ҳалок бўлгани айтилган эди. Эндиликда, қурбонлар рўйхатида, тахминан, 253 инсоннинг номи қолган.
Расмийларга кўра, бундай ҳолга ҳисоб-китоблардаги англашилмовчилик сабаб бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, барча жасадларни ёриб кўриш ишлари чоршанба куни кечга бориб якунланган. Шундан сўнг айрим жасадлар бир неча бор саналгани ойдинлашган.
Худкушлар ўзини меҳмонхоналар ва черковларда портлатган. Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми - Шри Ланка фуқаролари, аммо улар орасида ўнлаб хорижликлар ҳам борлиги хабар қилинган. полиция худкушларга ҳужумларни амалга оширишда ёрдам берган маҳаллий шахсларни бутун мамлакат бўйлаб қидирмоқда.
Полициянинг тахмин қилишича, ҳужумлар ортида маҳаллий радикал исломий гуруҳлардан бири турибди ва Исломий Давлатнинг ҳам эҳтимолий алоқаси ўрганилмоқда. ИШИД, аввалроқ, ҳужумлар юзасидан бор масъулиятни ўз бўйнига олган, аммо буни исботлайдиган далиллар келтирмаган эди.
Украинада рус тилини сиқиб чиқарувчи қонун қабул қилинди

Сурат манбаси, UNIAN
Олий Рада «Украин тилининг давлат тили сифатида ишлашини таъминлаш тўғриси»даги қонунни маъқуллади. Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатда қизғин мунозараларга сабаб бўлган эди.
Эндиликда, янги қонунга мувофиқ украин тили мамлакатдаги ягона давлат ва расмий тилга айланади. Маҳаллий ҳокимликларга украин тилидан фойдаланиш тартибига ҳар қандай кўринишда аралашиш тақиқланади.
Қонун расмий доирадан рус тилини сиқиб чиқарсада, у оддий фуқароларни фақат украин тилида мулоқот олиб боришга мажбурламайди. Бироқ барча фуқароларнинг давлат тилини билишига тўғри келади.
Қонунга кўра, ҳокимият бўғинларининг деярли ҳамма мулозимлари давлат тилини билиши шарт. Мазкур талабларни бажармаган шахслар маъмурий жазо ва жаримага тортилади.
Украинанинг яқинда сайланган президенти Владимир Зеленский расман давлат раҳбари лавозимига киришгандан сўнг ушбу қонун юзасидан синчков таҳлиллар ўтказиб, уни қабул қилиш давомида конституцион ҳуқуқлар ва барча фуқаролар манфаатлари ҳисобга олингани ёки йўқлигини текшириб кўришини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ҳукумат давлат тилини тақиқлар ва жазолар билан эмас, балки рағбатлантиришлар орқали ривожлантириши зарур.
АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден президентликка даъво қилмоқда

Сурат манбаси, CBS
Барак Обама президентлигининг ҳар икки муддатида ҳам вице-президент лавозимини сақлаб қолган таниқли сиёсатчи Жо Байден 2020 йилда бўлиб ўтувчи сайловда иштирок этиш ниятида эканини маълум қилди.
76 яшар жаноб Байденнинг сўзлашича, «Американи Америка қилган миллатнинг асосий қадриятлари ва демократия тақдири қил устида турибди.»
Шу тариқа 2020 йилда АҚШ президентига айланиш истагини билдирганлар сони 19 нафарга етган.
Демократлардан бўлган Жо Байден олти муддат сенаторлик курсисида ўтирган. У 1988 ва 2008 йилларда ўтган президентлик сайловларида ҳам иштирок этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












