Паловни иситиб ейиш зарарми?

Бир кун олдинги овқатни иситиб ейиш янгилик эмас.
Қолаверса, ота-онамиз исрофгарчиликка йўл қўймасликни қулоғимизга қуйиб, катта қилишади.
Овқатланиш бўйича Британиядаги машҳур шифокор Майкл Мослей айнан қайси овқатни ва қачон иситиб ейиш фойдали ё зарарли, деган саволга жавоб излаган.
Товуқдан сақланинг
Британияда ҳар йили бир миллионга яқин одам овқатдан заҳарланади. Кўп ҳолларда чала пишган кабоб ёки иситилган овқат бунга сабаб бўлади.
Чала пишган ё қолган овқатни еб, оламдан ўтаётганлар ҳам ҳар бир мамлакатда йилига юзлаб кишиларни ташкил этади.
Маълум бўлишича, кўпчилик товуқ гўштидан заҳарланади.
Тўғрироғи, сотувдаги товуқ гўштининг учдан икки қисмида учрайдиган кампилобактерия чала пишган овқатни еган одамни заҳарлайди.

Сурат манбаси, bbc
Биласизми, одамлар товуқ гўштидан қандай заҳарланади? Улар гўштни ювишади ва турли заҳарли бактерияларни тарқатишади. Бу - нотўғри.
Ҳеч қачон товуқ гўштини ювманг. Уни ювмасдан пиширинг.
Ўзбекистонда азалдан товуқни оловда бироз тоблаб олишган.
Айни амал нафақат товуқ пати илдизларини куйдиради, балки зарарли бактерияларни ўлдириб, заҳарланишни камайтиради.
Товуқдаги бактериялар қозон ё духовка иссиғида ҳам ўлади. Бироқ товуқ гўштини обдон пишириш керак.
Музлатгич учун совутинг
Овқатни токи совумагунча музлатгичга қўйманг. Айниқса, гўштли таомни.
Иссиқ овқатнинг тафти музлатгич ичида ҳароратни илимилиқ қилиб кўтаради.
Бу ҳолатда заҳарли бактериялар бижғиб, уларнинг кўпайиши учун жуда қулай шароит яратилади.

Айни бактериялар музлатгичдаги бошқа овқатларни ҳам заҳарлайди.
Масалан, ҳали совумаган товуқни музлатгичга қўйсангиз, ҳарорат 5С кўтарилади.
Ортиқча овқат 4 соат давомида хона ҳароратида буткул совугандан кейин уни музлатгичга қўйиш мумкин.
Микротўлқинли печь
Жаҳон Озиқ-Овқат Уюшмасига кўра, қолган овқатни бир марта иситган тузук.
Айниқса, қуйидаги овқатларни асло икки-уч маротаба иситмаслик керак:
Гўштли таом, қовурдоқ, таркибида қаймоқ ё сут бўлган овқат, соуслар, балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотларини ҳеч қачон такроран иситманг.
Таомни иситганда унга иссиқ сингиши лозим. Яъни ҳарорат овқатнинг ҳамма томонини қамраб олиши ва ичига ҳам ўтиши шарт.

Сурат манбаси, BBC World Service
Кўпчилик ҳозир микротўлқинли печда овқатни иситади. Бироқ бу ерда бир муаммо бор: Микротўлқинли печ таомни бир текисда иситмайди.
Шу боис микротўлқин билан иситилган овқатнинг баъзи қисмларига микротўлқин тегмайди ва заҳарли бактериялар тирик қолади.
Хуллас, овқатни қозонда айлантириб иситинг ва кейин бироз муддат ичига ҳам иссиқ ўтиши учун олов устида сақланг.
Исиган ош зиёнми?
Гуручли таомларни, хусусан, паловни иситганда ўта эҳтиёткор бўлиш даркор.
Овқатдан заҳарланишга таом таркибидаги бактериялар сабаб бўлади. Бактериялар эса бир-икки кунлик қолган овқатда кўп учрайди.
Палов каби гуручли овқатга келганда масала янада чигал.
Гуруч таркибида Bacillus cereus деган ўта зарарли бактерия бор. Бу бактерия иссиқда ўлади.

Сурат манбаси, bbcuzbek.com
Лекин баъзида у баланд ҳароратга чидамли янгидан-янги Bacillus cereus бактерияси нусхаларини ишлаб чиқаради.
Палов ва бошқа гуручли таомларни қанча иситманг, янги мутант-бактерия ўлмайди.
Энг хатарли жиҳати, худди ана шу мутант-бактериялар ўта заҳарли бўлади.
Лекин қўрқманг, гуручни ҳам бир марта обдон иситиб, ейиш мумкин.
Фақат паловни кечаси илиқ ҳароратли ошхонада ё хонада қолдирманг.
Қолган ошни совутиб, музлатгичга қўйинг. Уни фақат бир марта иситинг.
Ош бўлсин!
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












