Хитой президенти террорга қарши 'қатъий кураш'га чақирди

Сурат манбаси, AP
Урумчидаги темир йўл бекатида содир бўлган портлаш ортидан Хитой Президенти Шинжон-Уйғур мухтор минтақасида "террорчи ҳужумлар"га қарши "қатъий кураш"га чақирган.
Хитой давлат матбуоти Си Цзинпиннинг бу ҳақдаги сўзларидан иқтибос келтиради.
Портлаш чоршанба куни, Хитой раҳбари минтақага тўрт кунлик сафарини якунлаган пайтда юз берган.
Си Цзинпин 2012 йилда Президентлик лавозимига бошлаганидан буён минтақага биринчи марта ташриф буюрган.
У "Шинжондаги бўлгинчиликни чуқур англаш" муҳим эканини айтган.
Хитой расмийларига кўра, ҳужумчилар пичоқлар ва портловчи моддалардан фойдаланишган.
Уч киши ҳалок бўлган, 79 одам яраланган.
'Репрессиялар'
Шинжондаги ҳукуматининг билдиришича, ҳужум маҳаллий вақт билан 19 дан 10 дақиқа ўтганда Урумчидаги Жанубий бекат чиқишида портлаш билан бошланган.
"Полициянинг дастлабки терговига кўра... ҳужумчилар бекат чиқишида одамларни пичоқлашган ва бир вақтнинг ўзида портловчи моддаларни портлатганлар", дейилади маҳаллий ҳукуматнинг хабарида.

Сурат манбаси, AFP
Синхуа агентлигининг гувоҳлардан иқтибос келтиришича, портлаш темир йўл ва автобус бекатлари ўртасида қолдириб кетилган йўловчи сумкаси атрофида юз берган.
Хитой микроблог саҳифаси Сино Вейбода эълон қилинган ҳодисага алоқадор шарҳ ва суратлар тезда олиб ташланган.
Маҳаллий ҳукумат ҳодисани "зўравон террорчилик ҳужуми" дея тасвирлаган ва ҳозирда вазият назорат остида эканини айтган.
Шинжон ўтган бир йил ичида қатор зўравонликларга саҳна бўлган.
Расмий Пекин зўравонликларда асосан мусулмон уйғур бўлгинчиларини айблайди.
Ўтган ой Кунмин бекатида пичоқлар билан қилинган оммавий ҳужумда 29 инсон қурбон бўлган, 150га яқин одам яраланган.
Пайшанба куни Урумчи билан Шинжоннинг яна уч шаҳрини бир-бири билан боғлайдиган темир йўлининг очилиши режаланганди.
Аҳолиси сони 9 миллион экани айтиладиган мусулмон уйғурлар Хитой бошқаруви остида сиёсий, диний ва маданий репрессиялардан шикоят қилиб келишади.
Пекин буни рад этади ва минтақага йирик сармояларни жалб этаётганини урғулайди.












