Хитойга қайтишдан кўра ўлимни афзал билганлар ким эди?

Сурат манбаси, Tien Phong
Хитой ва Вьетнам расмийлари хабар қилишича, Хитойдан чиққан ноқонуний муҳожирлар билан тўқнашувда етти инсон ҳалок бўлган.
Ҳодиса 18 апрел жума куни Вьетнамнинг шимолий Куангнин вилоятида содир бўлган.
Вьетнам чегарачилари Бак Фонг Синх деб номланган чегара ҳудудида 16 Хитой фуқаросини тутганлар.
Улар орасида тўрт аёл ва икки бола ҳам бўлган.
Хитойдан Вьетнам ҳудудига ноқонуний ўтган хитойликлар чегара постига олиб борилганлар.
Вьетнам расмийлари сўзларига кўра, қўлга олинганлар устидан ҳужжатлар расмийлаштирилаётган ва уларни Хитойга қайтаришга тайёргарлик кўриб турилган пайтида ноқонуний муҳожирлардан бир нечтаси Вьетнам зобитларига ҳужум қилганлар ва уларнинг қўлидаги АК-47 автомат қуролларини тортиб олиб ўт очишни бошлаганлар.
Бир зобит ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Яна бири олган жароҳатлари туфайли кейинроқ ҳаётдан кўз юмган.
Яна тўрт чегарачи турли даражада жароҳат олганлари хабар қилинган.
Вьетнам расмийларига кўра, муҳожирларга қуролларини топшириб таслим бўлиш талаб қилинган.
Бироқ ҳатто пичоқлар билан қуролланган аёллар таслим бўлишдан тортганлар, отишмани давом эттираверганлар, деб айтган вьетнамликлар.
Расмийлар сўзларига кўра, чегара қўриқчиларининг идораси буткул вайрон бўлган.
Беш Хитой фуқароси ҳалок бўлган.
Улардан айримлари деразадан ўзини ташлаб ўзини ўзи ўлдирди, айримларини эса Вьетнам ҳарбийлари отиб ўлдирган, деб айтишган расмийлар.
Ўлган муҳожирларнинг жасадлари ва гуруҳнинг қолган аъзолари ўша куни Хитой томонига топширилган.
Ҳалок бўлганлар орасида аёл ва болалар бор-йўқлиги маълум эмас.
Шунингдек, Хитой тарафи мамлакатни тарк этишни истаган бу гуруҳ аъзолари ким бўлгани ҳақида маълумот бергани йўқ.












