You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон парламент сайлови бу сафар қандай бўлади?
Ўзбекистон парламент сайлови бу сафар бошқача ўтадими? Унда биз кутган ё кутмаган қандай фарқли жиҳатлар кўзга ташланиши мумкин? Ва асосийси, ҳозир кутилаётган сайлов ҳақида нималар маълум? Биз худди шу жиҳатларга назар ташлашга интилдик.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси мамлакатда расман рўйхатдан ўтказилган беш сиёсий партиянинг келгуси парламент сайловида қатнашишига рухсат берди.
Булар Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси - ЎзЛидеп, "Миллий тикланиш" демократик партияси, Халқ Демократик партияси - ХДП, "Адолат" Социал-демократическая партияси ва Экологик партия.
"Жорий йилнинг 16 август куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан ва Ўзбекистон Экологик партиясидан, 17 август куни эса Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва Ўзбекистон "Адолат" социал демократик партиясидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш тўғрисидаги аризалар "E-saylov" ахборот тизими орқали Марказий сайлов комиссиясига келиб тушди", деб хабар берди Марказий Сайлов комиссияси матбуот хизмати.
Шунингдек, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоси қўйилган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган.
Марказий сайлов комиссиясига кўра, экспертлар гуруҳи тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини сайлов қонунчилигига мувофиқ текшириб чиққанлар ва ҳар бир сиёсий партия 40 мингдан ортиқ ҳақиқий имзо тўплашга муваффақ бўлган деган хулоса берган.
Ўзбекистон сайлов қонунчилигига кўра, номзодлар ва сиёсий партиялар рўйхатини расман қайд этиш сайловга 35 кун қолганида тўхтатилади.
Парламент сайловида овоз бериш 27 октябрга мўлжалланган.
Ўзбекистон 2005 йилдан икки палатали парламент тизимига ўтган.
Праламентнинг 2019 йили шакллантирилган жорий қуйи палатаси - Қонунчилик палатасининг ваколати 2024 йил охирида тугайди.
Ўтган йили Ўзбекистонда парламентнинг аралаш тизимига ўтишга қарор қилинди.
Шу мақсадда келаётган парламент сайловини мажоритар-пропорционал модел асосида ташкиллаштириш қарори берилди.
Бунда Қонунчилик палатасидаги 150 ўриндан ярми, яъни 75 депутат бир мандатли сайлов округидан, қолган 75 ўрин сиёсий партиялар энг кўп овоз тўплаган округлар асосида шакллантириладиган бўлади.
Ўзбекистонда сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимига ўтилиши ҳақидаги хабарга собиқ парламент депутати Расул Кушербаев "сайловчилар депутат сифатида кўришни истамаган шахслар ҳам энди депутат бўлиши мумкин" деб муносабат билдирди.
"Афсуски партиялар давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва уларга ҳукуматнинг уларга мавжуд бир вақтда пропорционал сайловларнинг ташкил этилиши халқ кутган натижани бермайди, деган ҳавотир бор. Бунда ҳукумат истаган номзодларгина партиялар орқали депутатликка ўтиши мумкин.
Токи партиялар тўла мустақил ва ҳукумат таъсиридан ҳоли бўлмагунча пропорционал сайлов тизими орқали сайлов ташкил этиш мантиқсизлик деб ҳисоблайман.
Албатта бу шахсий фикрим ва унга қўшилмаслик мумкин", деб ёзди ўзининг Телеграм каналида Ўзбекистон Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидаги сиёсий мухолиф "Эрк" демократик партияси ва "Бирлик" Халқ ҳаракати" партиясининг Ўзбекистон парламентига қонуний йўллар билан кириш ҳаракатлари самарасиз бўлган.
Мухолиф партияларнинг ўз номзодларини мустақил номзод сифатида Марказий Сайлов комиссиясидан рўйхатдан ўтказиш ҳаракатлари ҳам натижа бермаган.
"Эрк" ва "Бирлик" раҳбарлари ва фаоллари Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдилар.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин мухолифат "ичкаридан чиқиши керак" деди.
Бироқ профессор Хидирназар Оллоқулов етакчилигида 2023 йил апрелида тузилган "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" мухолиф партияси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилмади, сиёсий партияни қўллаб-қувватлаш истагини билдирган инсонларнинг имзолари сохталаштирилган деб важ кўрсатилди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002